Пифагор (м.а. 576-496)

Жанубий Италиянинг Регия шаҳрида туғилиб ўсган қадимги юнон файласуфи Пифагор Мнесарх исмли кишининг фарзанди бўлган. Отаси уни хизмат сафарига доимо ўзи билан олиб юрган. Оқибатда Пифагор қизиқувчан ва янги нарсаларни билишга интилувчан бўлиб ўсади.

У файласуфлар Анаксимандр ва Ферекиднинг шогирди бўлган.

Пифагор узоқ вақт давомида Мисрда таҳсил олган. Зардуштийлик динига жуда қизиққан. У Мисрда илм сирларини ўрганиш учун ҳатто хатна қилдиришга ҳам рози бўлган. Акс ҳолда уни китобларга яқинлаштиришмасди. У ҳеч қачон йиғламаган ва умуман эҳтирос ҳамда ҳис-ҳаяжонга берилмаган.

Пифагорнинг қуйидаги асарлари маълум: «Табиат ҳақида», «Давлат ҳақида», «Тарбия ҳақида», «Жон ҳақида», «Олам ҳақида», «Илоҳий калом». Пифагор м.а. 496 йилда душманлари томонидан ўлдирилган. Пифагор ҳаётнинг мазмунига оид қарашларга «фалсафа», деб ном берган биринчи донишманд эди.

* * *

Ривоят қилишларича, Флиунт шаҳрига сафари чоғида ҳоким Леон Пифагордан сўради: «Сен қайси илм билимдонисан?» — «Ҳеч қайси, — деб жавоб берди Пифагор. — Мен шунчаки бир файласуфман». — «Фалсафа дегани нима ўзи?» — таажжубланиб сўради ҳоким. Пифагор шундай жавоб берди: «Инсон умрини бозор ва олимпия ўйинларига қиёслаш мумкин. Бозордаги сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам доимо ўз фойдаларини кўзлайдилар. Олим­пия ўйинлари иштирокчилари эса шон-шуҳрат ва машҳурлик пайида бўладилар. Ўйингоҳдаги томошабинлар эса уларни диққат билан кузатадилар. Ҳаётда ҳам шундай. Одамларнинг катта бир гуруҳи бойлик ва шон-шуҳрат орттириш мақсадида елиб-югурадилар. Ана шу оломон орасида камчиликдан иборат бир гуруҳ борким, улар четдан туриб атрофдагиларни жимгина кузатадилар. Воқеа-ҳодисаларни, инсон табиатини тадқиқ этадилар. Ҳақиқатни англаш уларнинг энг севимли амалидир. Ана шу тоифадаги одамлар файласуфлар — доноликни севувчилар, деб аталади. Улар софослар, яъни донишмандлар эмас. Чунки том маънодаги донишмандлик ёлғиз Аллоҳга хос сифат. Бандалар эса дoнишмaндликкa интилиш билан кифояланадилар, холос».

* * *

Донишмандлик ибтидоси: фикрлашни ўрганиш, вайсақиликка барҳам бериш.

* * *

Ўтган кун ҳақидаги: «Мен уни қандай ўтказдим, нималар қилдим-у, нималарга улгуролмадим?» — деган саволларга жавоб топилмагунча кўзларинг уйқуга кетмасин.

* * *

Одамлар! Энг аввало эзгу ахлоққа эга бўлишга ҳаракат қилинг, зеро ахлоқ қонуннинг асосидир.

* * *

Тартиб сенинг муқаддас мақсадинг бўлсин. Сен бу мақсад йўлида астойдил хизмат қил. Чунки тартиб ҳамма нарсанинг мажмуасидир. Табиатнинг мавжудлиги асосида ҳам тартиб ётади.

* * *

Агар сендан эзгулик нима, деб сўрасалар: амалда фойдаланилган донишмандликдир, деб жавоб бер.

* * *

Тинглаш ва сукут сақлаш сени доноликка етаклайди. Сукут — доноликнинг бошланиши.

* * *

Билимлилик ва донишмандликни айни бир нарса деб ҳисобламанг.

* * *

Хусусий мулки бўлмаган фуқаро беватандир.

* * *

Эй, оддий халқ орасида яшашга маҳкум донишманд! Сен мойга ўхшашинг лозим. Мой сувга аралашиб кет-май, унинг юзида қалқиб туради.

* * *

Сен ўз-ўзингга ҳоким бўл. Ўзингга ўзинг шоҳ бўлиб, одилона бошқарув асносида юксак ҳукмронлик ва энг муҳим лавозимга эришасан.

* * *

Рафиқаси билан муросага келолмаган одамни дўст тутма.

* * *

Жонзотларни ўлдиришдан сақланинг, чунки одам ўлдириш жониворларни ўлдиришдан бошланган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!