Эфеслик Буқрот (Гераклит) (м.а. 535-475)

Юнон донишманди Буқрот Кичик Осиёдаги Эфес шаҳрида туғилди. У подшоҳ хонадонига мансуб бўлиб, акасининг фойдасига шоҳлик мартабасидан воз кечган.

У «космос» сўзини биринчи бўлиб қўллаган юнон файласуфи эди. («Космос» сўзи «тартиб» деган маънони англатади. Бу сўз дастлаб давлат тизими ва ҳатто аёлларни «тартиб»га келтирувчи пардоз-андоз анжомларига нисбатан ҳам қўлланилган. «Косметика» сўзи шундан келиб чиққан).

Буқрот жанжалкашлиги туфайли ватандошлари билан чиқишмаган. У тарки дунё қилиб, умрининг охирини тоғу тошларда ўтказган. Бизгача унинг «Табиат ҳақида»ги достонидан 130 та парча етиб келган.

* * *

Ҳамма нарса ўткинчи ва ўзгарувчандир. Буқротнинг бу фикрида Питтакнинг: «Яхши инсон бўлиш мушкулдир», деган ақидаси ўз ифодасини топган. Олимларнинг айтишича: «Ҳамма нарса ўткинчи ва ўзгарувчан» иборасида асосий урғу «ҳамма нарса» сўзига берилиши лозим. Зеро «ўткинчи» сўзи ҳамма нарсага, бутун борлиққа хос сифатдир. Буқрот ўзининг бу фикри орқали: «Борлиқ ҳаракатсиз ва сокин эмас, аксинча, у ўзининг бўлакларга ажралиши билан бир бутунликни ташкил этади ва ўзгарувчанлиги билан доимийдир», қабилидаги фикрни илгари сурмоқчи бўлган, деб тахмин қиладилар.

Баъзи манбаларга кўра, Буқрот бу иборани «Ҳамма нарса илгарилама ҳаракат қилади» тарзида ифода этган экан.

* * *

Донишмандлик, — дейди Буқрот, — ҳақиқатни сўзламоқ ва табиатга қулоқ тутиб, унга бўйсунмоқликдан иборатдир.

* * *

Ўзини англаш ва фикрлаш ҳамма одамларга хосдир.

* * *

Ғазаб билан курашиш мушкул: унинг истаклари учун ҳаётинг қурбон бўлади. Лаззат билан курашиш эса ундан ҳам қийин.

* * *

Табиат яшаришни севади.

* * *

Кўз қулоққа нисбатан ишончлироқ гувоҳдир.

* * *

Токи биз тирик эканмиз, руҳимиз ўликдир. Ўлганимиздан кейин улар тирилади.

* * *

Агар сўқир кишидан «кўриш нима?» деб сўраганларида у, «сўқирлик» деб жавоб қайтарган бўларди.

* * *

Фалсафа билан шуғулланувчилар кўп нарсалардан яхши хабардор бўлишлари керак.

* * *

Буқрот доимо: «Ташрифда ўрин алмашиш, ўзгаришда доимийлик, янгиланишда бир хиллик, пайдо бўлишда меъёр, иккига бўлинишда бирлик, ўткинчиликда мангулик зоҳирдир», — дея таъкидлаган.

* * *

Олтин товарларга, товарлар олтинга алмаштирилганидек, ҳамма нарса оловга, олов эса ҳамма нарсага алмаштирилади.

* * *

м.а. V асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган юнон файласуфи Кратил шундай деганди:

«Буқрот айтганидек, оқаётган сувга икки марта эмас, ҳатто бир марта ҳам шўнғиб бўлмайди. Чунки нима ҳақда гапирмайлик, биз тугал фикр айтиб улгурмасимиздан узлуксиз ўткинчилик қонунига бўйсунувчи ҳар қандай воқеликнинг моҳияти ўзгариб кетади».