Клазоменлик Анаксагор (м.а. 500-428)

Юнон файласуфи Анаксагор туғилганидан сўнг унинг на кулгани ва на табассум қилганини кўришган. У файласуф Анаксимендан таҳсил олган.

Анаксагор фалсафага шу қадар шўнғиб кетганки, хўжалик ишлари қаровсиз қолиб, бутун ер-мулки пода боқиладиган яйловга айланган.

Анаксагор ҳур, ноанъанавий фикрлаш тарзи туфайли таъқибларга дучор бўлган. Бир қанча муддат турмада ўтирган. Анаксагорнинг фақат «Табиат ҳақида» номли асари бизгача етиб келган.

* * *

Анаксагор шундай деганди: «Туйғуларимизнинг ожизлиги боис ҳақиқат хусусида мушоҳада этмоққа қурбимиз етмайди».

* * *

Анаксагордан сўрадилар:

— Не сабабдан бу дунёга келмасликдан кўра, ёруғ олам юзини кўрмоқлик афзал саналади?

Анаксагор деди:

— Чунки биз бу оламда осмон ва Коинотнинг қандай тузилганлиги хусусида мушоҳада юритмоқ имконига эга бўламиз.

* * *

Анаксагор жамоат ишларидан воз кечиб, бутун куч-қувватини табиатни ўрганишга бағишлаган. Шу сабабли ундан кўпинча ўз мамлакати учун қайғуриш-қайғурмаслиги хусусида сўрашарди. Донишманд эса қўли билан осмонга ишора қилиб:

— Мен ўз Ватаним ҳақида ҳаддан ортиқ қайғураман! — деб жавоб берарди.

* * *

Ақл нафақат тирик мавжудотларда, балки табиатда ҳам мавжуддир. Ва у бутун оламдаги фаровонлик ҳамда мавжуд тартиб-қоидаларнинг сабабкоридир.

* * *

Ҳар бир нарсада барча нарсаларнинг маълум бўлаги, қисми мужассамдир. Фақат Ақлгина бундан мустасно. Ақл ҳар қандай бўлак ва қисмлардан холи, ўзига-ўзи ҳукмрон ҳамда ўз ҳолича мавжуддир. Борди-ю, Ақлга бирон нарса қоришиб кетганда, у ҳеч нарсага ҳокимлик қилолмасди. Ақл мавжуд нарсаларнинг энг енгил ва мусаффоси бўлиб, жамики билимларни ўзида жо этган ва шунинг учун ҳам у бениҳоя қудратлидир. Ана шу қудрати ила у барча тирик жонларни бошқариб тургусидир.

* * *

«Ўсимликлар тирик мавжудотлардир. Улар ҳам ҳис қиладилар, ғам чекадилар, қувонадилар. Бу туйғулар уларнинг япроқларида зоҳир бўлади. Шунингдек, ўсимликлар ақл ва билимга ҳам эгадирлар», — деганди Анаксагор.

* * *

«Анаксагор олов ва Қуёш айни бир нарсадир, деб ҳисоблаганда қаттиқ янглишганди, — дейди Суқрот. — Чунки у одамлар оловга бемалол қарай олишларини, Қуёшга эса ҳеч қачон тик боқолмасликларини назардан қочирган. Шунингдек, Анаксагор инсон териси Қуёш нури таъсирида қорайишини, олов эса бундай қудратга эга эмаслигини; ўсимликлар Қуёш ҳароратисиз яшай олмасликлари, олов тафтидан эса ҳалок бўлишларини унутган. Анаксагор Қуёшни оловда тобланган тош, деб таърифлаган. Аммо тош қанча қиздирилмасин, ҳеч қачон Қуёш каби ёғду тарата олмаслиги кундек равшандир. Қуёш эса доимо энг порлоқ ёритгич бўлиб қолажак».

* * *

Ҳар бир нарса таркибида ниманингдир устун даражада кўплиги билан бошқа нарсалардан ажралиб туради. Масалан, гарчи таркибида ҳамма нарса бўлса-да, аммо олтин миқдори устун маъдан биз учун олтиндир.

* * *

Ҳамма нарсалар биргаликда мавжуд эди. Ақл уларни ажратди ва тартибга келтирди.

* * *

Ҳаракат ибтидога эгадир. Ҳамма нарсани ҳаракатга келтирган Илоҳий Тафаккур учун уларнинг ҳаракатини тўхтатиб қўйишга нима тўсқинлик қилади?