Эпиктет (50-135)

Эпиктет Кичик Осиёда жойлашган Гиерполис шаҳрида туғилиб ўсди. Ҳозирги Туркия давлатининг пойтахти Анқарадан 75 чақирим узоқликда жойлашган бу шаҳарда савдо-сотиқ жуда ривожланган эди.

Эпиктет қул оиласида дунёга келди. Болалик чоғида уни Рим шаҳридаги қул бозорига келтирадилар. Эпиктетни ҳукмдор Нероннинг танқўриқчиси Эпафродит сотиб олади.

«Эпиктет» сўзи — «сотиб олинган» деган маънони англатади. Эпафродит Эпиктетни сотиб олаётганда унинг чидамлилигини текшириш мақсадида таёқ билан тиззасининг пастига уради. Эпиктетнинг оёғи синиб, бир умрга оқсоқ бўлиб қолади.

68 йилда 30 ёшли император Нерон вафот этади. Янги ҳукмдор Домициан унинг танқўриқчиси Эпафродитни қатл қилади. Эгасининг ўлимидан сўнг Эпиктет қулликдан озод бўлади. У файласуфлар Эврат ва Музоний Руф қўлида таҳсил олади.

Эпиктет файласуфларга хос қашшоқликда кун кечиради. У доимо: «Сабр қил ва чида!» — деган нақлни такрорлашни хуш кўрарди. Эпиктет ёддан таълим олиб, нутқини ҳам қоғозга туширмасдан ёдаки баён этган.

* * *

Энг муҳими — Худонинг мавжудлиги ва У бутун Коинотни донишмандлик ила бошқариб турмоғига комил ишонч билан қарамоқлик лозим. Сен Унга бўйсун, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга қаршилик кўрсатмай, барчасига тан бер.

* * *

Мен нимаман? Инсонман. Агар ўзимга бошқа нарсалардан алоҳида ва мустақил бир жон деб қарагудек бўлсам, у ҳолда мен сўзсиз узоқ умр кўришим, бой-бадавлат, бахтиёр ва соғлом ҳаёт кечиришим керак. Агар ўзимга бутуннинг кичик бир зарраси сифатида қарагудек бўлсам, у ҳолда ана шу бутунга нисбатан ҳар қандай хасталикка, муҳтожликка бўйсунишим ёки ҳатто бевақт ўлимга ҳам шай турмоғим лозим. Шундай экан, менинг ношукрлик қилишга ҳаққим борми? Ахир мен ношукрлик туфайли юришдан бош тортиб, танадан ажралиб қолган оёқ каби инсонликдан маҳрум бўлиб қолиш мумкинлигини яхши биламан-ку!

* * *

Сен драмада иштирок этаётган бир актёр эканлигингни, катта ёки кичиклигидан қатъи назар, муаллиф томонидан топширилган ролни ўйнашинг кераклигини унутма. Агар у сенинг қашшоқ тимсолини ўйнашингни истаса, бу вазифани сидқидилдан бажар. Бирор ногирон кимса ёки ҳукмдор, ё бўлмаса оддий фуқаро тимсолини ҳам астойдил адо эт. Сенинг вазифанг зиммангга юклатилган ролни яхшилаб бажаришдан иборат. Ролларни тақсимлаб бериш эса ўзганинг иши.

* * *

Шуни ёдда тутгилки, агар инсон бахтсиз экан, бунга унинг ўзи сабабчи. Чунки Худо барча одамларни бахт учун яратган.

* * *

Бизнинг қалбимиз сувли идишга, фикрларимиз эса сувга тушаётган нурга ўхшайди. Идишдаги сув чайқалганда, унга тушаётган нур ҳам чайқалиб, синаётгандек туюлади. Аслида эса бундай эмас. Қалб ҳаяжондан жунбушга келганда гўёки фикрларимиз ҳам чалкашиб, заифлашгандек бўлади. Аммо қалб осойиш топгач, фикрларимиз ҳам ўша заҳоти аслига қайтади.

* * *

Воқеалар ўзинг истаган тарзда содир бўлишини талаб этма. Инсон воқеа-ҳодисаларни бошқара олмаслигини, аксинча, унга мослашмоғи кераклигини доимо ёдда тут. Ана шунда бахтиёр яшайсан.

* * *

Фалсафа мактаби касалхонага ўхшайди. Сиз уни хуш кайфиятда эмас, балки оғриқ билан тарк этасиз.

* * *

Мавжуд нарсаларнинг баъзи бирлари бизнинг ҳукмимизда бўлса, бошқалари ихтиёримиздан ташқаридадир. Биз хоҳиш-истакларимиз, иродамиз, интилиш ва тонишларимизга, жамики хатти-ҳаракатларимизга ҳукмронмиз.

Бизнинг ҳукмимиздаги нарсалар табиатан эркин бўлиб, тўсиқ ва чеклашлар нималигини билмайди. Ҳукмимиз ташқарисида қолган барча нарсалар заиф, муте, турли тўсиқ ва тазйиқларга маҳкумдир. Бас, шундай экан, бир ўйлаб кўринг: агар сиз табиатан муте ва тазйиқларга маҳкум нарсаларни ўзингизники қилиб олгудек бўлсангиз, албатта тўсиқларга, турфа ташвишлару нотинчликларга дуч келасиз. Тангридан ва одамлардан норози бўлаверасиз. Агар сиз, аксинча, фақат табиатан ўзингизга тегишли нарсаларгагина эгалик қилиб, тазйиқларга маҳкум нарсаларни бегона санасангиз, у ҳолда сизни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди ва мақсадингиз йўлида тўсқинлик қилолмайди. Натижада сизга бирор зиён етказишмагани боис ҳаммадан миннатдор бўлиб яшайсиз.

* * *

Мени кўринг: на фуқаролик ҳуқуқим, на бир бошпанам, на давлатим ва на қулим бор. Тунлари очиқ осмон остида ухлайман. Хотиним, фарзандларим ҳам йўқ. Менинг мана шу ер, осмон ва ёпинчиғимдан ўзга ҳеч вақом йўқ. Хўш, менга яна нима керак? Ҳеч нарса. Чунки мен эркинман. Ўзимга хон, ўзимга бекман. Бадарға?.. Қаерга бадарға қиладилар? Ким мени бу оламдан ташлаб юборишга қодир? Мен қаерни истасам, ўша ерга бораман. Ахир, қуёш, ой, юлдузлар, қушлар хониши ҳамма жойда бир хил-ку…

* * *

Қўлида болта ёки чолғу асбоби ушлаган одамни дурадгор ёки мусиқачи деб аташ мумкин бўлмаганидек, ақлли гапларни сўзловчи ҳар қандай одамни ҳам донишманд деб ҳисоблаш ножоиздир.

* * *

Кимки эркин бўлишни хоҳлар экан, ўзгалар измида бўлган ҳеч бир нарсани қўлга киритишни хоҳламасин ва бу нарсалардан жирканмасин ҳам.