Ҳоргий (Горгий) (м.а. 483-375)

Юнонистонлик файласуф, нотиқ Ҳоргий Сицилиядаги Леонтин шаҳрида туғилган. У файласуф Эмпедоклнинг шогирди. 427 йилдан бошлаб Афина шаҳрида яшаган. Ҳоргийнинг қуйидаги асарлари маълум: «Еленага мақтовлар» (маъруза), «Табиат тўғрисида», «Паламедни ёқлаб…»

* * *

Дори-дармон жисмимизга қандай таъсир ўтказса, сўз ҳам руҳимизга шундай таъсир этади. Дориларнинг баъзиси танадаги турли хилтларни ҳайдаса, бошқалари гоҳо ўлимга сабаб бўлади. Худди шунга ўхшаш баъзи бир нотиқлар тингловчиларни қайғуга ботирса, бошқалари уларга ҳузур-ҳаловат, кўтаринкилик бахш этадилар. Айрим нотиқлар эса инсонлар қалбига қутқу солсалар, яна бировлари тингловчиларда мардонаворликни жўш урдирадилар. Бошқа бир тоифа нотиқлар ёвуз сўзлари билан тингловчиларни ром этиб, қалбларни заҳарлайдилар.

* * *

Санъат одамларни бошқа ҳунарлардан кўра кўпроқ ишонтиради. Санъат мажбурлаш орқали эмас, балки ихтиёрий равишда ҳаммани ўз қулига айлантиради.