Мэн-Цзи (м.а. 372-289)

«Мен Коинот фуқаролариданман», деган экан Мэн-цзи. У Хитойнинг ҳозирги Шандун вилояти ҳудудида жойлашган Лу хонлигида туғилиб ўсди. Мэн-цзи Конфуцийнинг невараси Цзи Си қўлида таҳсил олган. Бу файласуф мамлакатни муваффақиятли идора этишнинг 12 қоидасини ишлаб чиққан.

Ўзининг ана шу ғояларини амалга татбиқ этиш ниятида у ҳукумат тизимига ишга кириш учун Хитойнинг турли хонликларини кезиб, қисқа муддат Ци хонлигида маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Инсонпарварликка таянган ҳолда давлатни бошқариш ғояларини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги беҳуда уринишлардан сўнг Мэн-цзи ватани Луга қайтади ва ғоявий қарашларини ўзи ташкил этган мактаб, шогирдлари, китоблари орқали тарғиб ва ташвиқ қилади.

Мэн-цзининг асосий асари «Мэн-цзи» деб аталади. Людвиг Фейербах: «Мэн-цзи Хитойнинг Конфуцийдан кейинги энг буюк файласуфидир», — деб ёзганди.

МАМЛАКАТНИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ИДОРА ЭТИШНИНГ 12 ҚОИДАСИ

1-қоида. Эзгулик ва олижанобликка таяниш.

Инсонпарвар ҳукмдорнинг мухолифи бўлмайди.

* * *

Фуқароларни куч билан бўйсунишга мажбур этиш мумкин. Аммо қалбларини бўйсундириб бўлмайди. Одамлар давлат куч жиҳатидан устун бўлгани боис бўйсунишдан ўзга илож тополмайдилар. Эзгулик ва олижаноблик воситасида фуқароларни бўйсундириш эса қалбларда қувонч туйғуларини уйғотади ва одамлар ҳақиқий итоатгўйликни намойиш этадилар.

* * *

Донишмандликда камолга етган ҳукмдорлар дуккакли донлар ва тариқни худди олов ва сув каби мўл бўлишини таъминлайдилар. Ана шунда фуқаролар орасида инсонпарварликни ўзига касб этмаган битта ҳам одам қолмайди.

* * *

Олижаноб эр ўз бурчини, пасткаш эса ўз фойдасини яхши тушунади.

Ривоят қилишларича, Лян хонлиги ҳукмдори Мэн-цзини ҳузурига чорлаб: «Ота! Сиз ҳойнаҳой орадаги минг ли масофани менинг салтанатимга бирон фойда етказиш мақсадида босиб ўтиб келгандирсиз?» — дейди.

Шунда Мэн-цзи қуйидагича жавоб қайтаради: «Эҳ, ван! Нима учун гапни албатта фойдага бурасиз? Ҳукмдор салтанатга қандай фойда келтириш керак, деб қайғурса, дафу оилага қай йўл билан наф етказиш мумкин, деб бош қотирса, оддий фуқаролар ва ши эса қаердан ва қандай йўл билан ўзим учун фойда орттирсам экан, дея ғам чексалар… Ахир, олий ва қуйи табақалари фойда учун ўзаро курашга киришган давлат ҳалокатга маҳкум бўлади-ку!.. Агар фойда биринчи ўринга чиқиб, бурч кейинда қолиб кетса, бу кураш ҳеч қачон тугамайди. Агар жэн бўлмаса, ҳамма ўз қадрдон ерини ташлаб кетади. Бурч бўлмаса, ҳамма ўз ҳукмдорини унутиши аниқ. Эҳ, ван! Нима учун албатта фойда ҳақида гапириш керак?

* * *

2-қоида. Фуқароларни доимий мулк билан таъминлаш.

Доимий мулкка эга бўлмаган фуқаролар доимий туйғулардан ҳам маҳрум бўладилар. Доимий туйғулардан маҳрум фуқаролар эса парокандаликка учраб, тубанлашадилар ва хоҳлаган ишларини қиладилар.

* * *

3-қоида. Донишмандларни ҳурматлаш ва қобилият эгаларидан фойдалана билиш.

Аҳли донишлар ҳурматланиб, қобилият ва истеъдод эгаларидан фойдалана билинган ҳукуматда нодир шахслар фаолият кўрсатадилар.

* * *

4-қоида. Солиқ ва ўлпонларни камайтириш.

Фуқаролардан матолар ва арқонлар, тариқ ва гуруч, муддатли оғир жисмоний меҳнатга мажбурлаш каби турли кўринишдаги солиқлар ундириб олинади. Санаб ўтилган оғир солиқларнинг фақат биттасидан фойдаланиш мумкин. Иккинчисини бир оз юмшатиш лозим. Бир вақтнинг ўзида иккинчи турдаги ўлпондан ҳам фойдаланмаслик даркор. Учинчи тур солиқлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Чунки у очликдан ўлиш ҳамда ота ва боланинг айрилиққа маҳкум бўлиши каби оғир оқибатларга олиб келади.

* * *

Токи олий ва қуйи табақалар ҳаддан ортиқ фойдага интилаверар эканлар, давлат ҳалокатга учрайди.

* * *

5-қоида. Фуқародан фойдаланиш, аммо уни бажараётган ишидан чалғитмаслик.

Агар фуқародан бажараётган ишидан чалғитмай фойдаланилса, у меҳнат билан банд бўлишига қарамай, норозилик билдирмайди; ўзгаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун одамлар қатл этилганда ҳам халқ норозилик эълон қилмайди.

* * *

Омборхоналар тўлиб-тошган тақдирдагина хатти-ҳаракат қоидалари ва бурч нима эканлигини англаб етиш мумкин; кийим-кечак ва озиқ-овқатлар етарли бўлганда, обрў-эътибор ва шармандаликнинг моҳиятини тушуна олиш мумкин.

* * *

6-қоида. Фуқаронинг кўнглини олмоқлик.

Фуқарони қўлга олмоқлик осмони фалакни эгаллаш билан тенг. Фуқарони қўлга олиш унинг қалбини забт этиш демакдир. Фуқаронинг кўнглини олиш учун унинг истаган нарсасини муҳайё этиш ҳамда унга маъқул бўлмаган ишларни бажаришдан тийилмоқ лозим.

* * *

7-қоида. Халқни қадрлай билиш.

Мамлакатнинг асосий бойлиги унинг халқидир. Ер ва дон-дун халқдан кейинги мавқени эгаллайди.

* * *

Ҳукмдорлар учта қимматбаҳо бойликка эгадирлар. Булар ер, фуқаро ва бошқарув ишлари.

* * *

8-қоида. Ҳурматли кишиларга эътибор кўрсатиш.

Нуфузли зотларга қаҳр-ғазаб кўрсатилмаса, мамлакатни бошқариш осон бўлади.

* * *

Ақл билан иш юритувчилар одамларни бошқарадилар, куч билан иш кўрувчилар эса ўзгалар томонидан бошқариладилар. Фуқаролар ўз бошқарувчиларини боқадилар. Фуқароларни бошқарувчилар фуқаролар томонидан таъминланадилар.

* * *

9-қоида. Инсон табиатидаги эзгуликнинг йўқолишига йўл қўймаслик.

Ҳосил мўл бўлмаган йил кўплаб ўғил фарзандлар ва укалар бағритош бўлиб қоладилар. Бу бағритошлик Коинот томонидан уларга берилган табиий сифатларга боғлиқ эмас. Балки очлик уларнинг қалбларида ёвузликнинг уйғонишига сабаб бўлади.

* * *

10-қоида. Фуқарони эзгуликка йўллаш.

Инсон томонидан содир этилган ёвузлик унинг табиий сифатларига боғлиқ эмас.

* * *

Қадимги Хитой файласуфларидан яна бири Гао-цзи: «Инсон табиати жўш урган сув оқимига ўхшайди. Унга шарқдан йўл очсанг — шарққа томон оқади, ғарбга бурсанг, ғарб томон шошади. Сув оқими шарқ ва ғарбнинг фарқига бормаганидек, инсон табиатини ҳам эзгулик ва ёруғлик каби сифатларга ажратиб бўлмайди», — деганди.

Мэн-цзи бу фикрга шундай эътироз билдиради: «Чиндан ҳам сув шарқ ва ғарбни ажратолмайди. Аммо у паст-баланднинг фарқига боради-ку! Сув пастга қараб оққанидек, инсон ҳам табиатан эзгуликка интилади.

Қуйига томон оқишни истамайдиган сув бўлмаганидек, инсонлар орасидан ҳам эзгулик тиламайдиган одамни топиш мумкин эмас. Агар сувни уриб, ҳаракатга келтирсангиз, у бошингиз узра кўтарилади. Борди-ю, йўлини тўсиб ҳаракатга келтирсангиз, у тоғлар қадар юксалади. Бу ҳолатлар сувнинг табиатига боғлиқ ҳолда содир бўладими? Йўқ. Улар ташқи куч таъсири остида, сунъий равишда юз беради. Инсонни ҳам таъсир ўтказиб, ёвузликка ундаш мумкин. Чунки унинг табиати ҳам сувга ўхшайди.

* * *

Инсон табиатан олижанобдир.

* * *

11-қоида. Бой берилган нарсаларни идрок орқали излаш.

Маърифатнинг йўли битта. У ҳам бўлса йўқотилган нарсаларни идрок ила қидиришдан иборатдир. Ички идрок амрига бўйсунсанг, катта инсон бўласан, иккинчи даражали (яъни кўз ва қулоқ сезгилари) туйғуларга амал қилсанг, майда одамга айланасан.

* * *

12-қоида. Адолатни ёдда тутмоқлик.

Мэн-цзидан сўрадилар:

— Адолат туйғусининг замирида нима ётади?

Файласуф деди:

— Бу ҳақда гапириш мушкул. У жуда улуғ ва фавқулодда мустаҳкам туйғудир. Бу туйғуни тарбиялаб, тўсиқ қўйилмаса, ердан осмон қадар юксалади… Тафаккурингиз бу туйғуни унутмасин. Аммо унинг ўсишига сунъий равишда ёрдам берманг. Яъни Сун салтанатининг фуқаросига ўхшаб йўл тутманг. Бу одам майсаларим яхши ўсмаяпти, деган ўйда уларни бир-бир чўзғилаб чиқади. Ва уйга келиб: «Бугун жуда чарчадим. Майсаларга ўсишлари учун ёрдамлашдим», — дейди. Унинг ўғли дарҳол майсалар томон чопади ва уларнинг сўлиб ётганини кўради:

«Ер юзида майсаларнинг ўсишига ёрдамлашмайдиганлар озчиликни ташкил этади. Адолат туйғуларини тарбиялашни кераксиз ҳисоблаб, ундан бўйин товловчилар майсаларга ишлов бермайдиган кимсаларга, майсаларнинг бўй чўзишига ёрдамлашувчилар эса, уларни чўзғилаган сунлик фуқарога ўхшайди».