Августин Аврелий (Саодатли) (354-430)

Августин Аврелий Шимолий Африкадаги Тагаста (ҳозирги Жазоир давлатининг Сук-Арас) шаҳрида туғилди. Августин улғайгач, Карфагендаги нотиқлик мактабида уч йил давомида таҳсил олди. Ана шу вақт ичида у Цицероннинг фалсафий қарашларини катта қизиқиш билан ўрганди.

Августин 375 йилдан бошлаб 8 йил давомида нотиқлик санъати бўйича талабаларга сабоқ берди.

384 йилда у Италияга йўл олди ва Милан шаҳридаги нотиқлик мактабида муаллимлик қилди. Бу ерда насронийлик динига кириб, уни чуқур ўрганишга киришди. 388 йили Августин Африкага қайтиб, орадан уч йил ўтгач, ўзини буткул диний илмларни ўрганишга бағишлади. Ва кўп вақт ўтмай Гиппон шаҳрининг епископи Валерий ҳомийлиги остида руҳонийликни қабул қилди.

395 йил епископ Валерийнинг ўлимидан сўнг Августин Гиппондаги епископлик кафедрасига етакчилик қилиб, 34 йил — умрининг сўнгги дамларигача шу ерда ишлади. У тинмай мутолаа қилар ва шунга яраша ўта маърифатли, билимдон эди.

Августин ўзидан жуда бой маънавий мерос қолдирди. Файласуф 75 ёшига қадар умумий ҳажми 232 та китобга жо бўлган 90 та трактат ёзиб улгурди. Булардан атиги ўнтасигина бизга қадар етиб келган. Машҳур қомусий олим Исидор Севилский (570-638) Августин ҳақида шундай деб ёзган эди: «Августин тафаккури ва билими жиҳатидан ҳаммадан устундир.

Чунки ҳатто кечасию кундузи ҳаракат қилган тақдирда ҳам ҳеч ким унингдек кўп ёзолмайди ва ўқиёлмайди».

* * *

Августиндан сўрадилар:

— Мўъжиза бор нарсами?

— Бор нарса, — деб жавоб берди файласуф. — Қуёшнинг чиқиши ҳақиқий мўъжизадир.

* * *

— Мен Худони ва руҳни англашни истайман, — деди Августин.

— Яна нимани хоҳлайсан? — деб сўрадилар.

— Бошқа ҳеч нарсани, — деди донишманд.

* * *

Кулфатлар билан келувчи айни бир куч яхши одамларни синайди, тозалайди ва саралайди, ёвуз кимсаларни эса элакдан ўтказиб, хароб этади.

* * *

Оловнинг ғаройиб сифатларини ким тушунтириб бера олади? Нега энди у ўзи ёруғ бўлатуриб, домига тушган нарсаларни қорайтириб юборади? Ёки гулханда тобланган тошларнинг оқариш сабабини қандай изоҳлаш мумкин?

* * *

Эй Тангри, сен инсон жисмига уни ҳаракатга келтирувчи ва бошқарувчи жонли руҳ ато этдинг.

* * *

Биз ҳаётни яшаётганимиз учун эмас, уни англай олганимиз учун севамиз.

* * *

Тафаккур — қалбдир ёки у қалбда макон топган.

* * *

Ҳақиқат ва ёлғонни ажратиш жуда мушкул иш. Шу боис адашган одамлардан ранжиш ярамайди.

* * *

Менимча, ҳақиқат ёлғиз Худога аён. Инсон руҳи ҳам ҳақиқатни билишга қодир. Аммо бунинг учун у зимистон танадан чиқмоғи лозим.

* * *

Адолат тарк этган салтанатнинг қароқчилар ўрдасидан фарқи қоладими?

* * *

Инсон туғилган ониданоқ ўлим сари юз тутади, аниқроғи, у бир вақтнинг ўзида ҳам яшайди, ҳам ўла бошлайди…

* * *

Мен буйруқбозларга эмас, ўргатувчиларга кўпроқ ишониш кераклигини англаб етдим.

* * *

Бўйин эгиб тавба-тазарру қилган руҳ юксакларга кўтарилади.

* * *

Сўзларимга ишониш учун уларнинг мағзини чақ. Худони англамоқ учун эса Унинг сўзларига ишон.

* * *

Худонинг ўзи ўзгармайди-ю, аммо ўзгарувчан нарсаларни яратади. Ўзи вақтдан ташқарида-ю, аммо вақтинчалик нарсаларни бунёд этади.

* * *

Олам яралмасидан илгари вақт ҳам бўлмаган. Унинг яралиши ҳаракатни юзага келтирган. Ана шу ҳаракат онлари ва оламдаги ўзгаришлар — вақт деб аталади.

* * *

Вақт фақат бизнинг руҳимиздагина мавжуд. Ўтмиш — хотирамизда, келажак эса орзу-умидларимизда яшайди. Келажакни ҳозирги вақтдаги баъзи белгилар воситасида кўра олишимиз мумкин. Демак, ҳозирги вақтнинг моҳияти кузатиш, мушоҳада юритишдан иборатдир.

* * *

Биз барча мўъжизаларни табиатга зид ҳодисалар деб атаймиз. Лекин аслида бундай эмас. Ахир Яратгувчининг иродаси билан яратилган нарсалар қандай қилиб табиатга зид бўлиши мумкин.

* * *

Сукунат — шовқиннинг, яланғочлик — либоснинг, хасталик — саломатликнинг, зулмат — ёруғликнинг йўқлигидан дарак берганидек, ёвузлик эзгуликнинг йўқлигини билдиради.

* * *

Биз нимадан ташкил топганмиз? Руҳ ва жисмдан. Уларнинг қай бири аъло? Албатта, руҳ яхшироқ.

* * *

Мукаммаллик инсоннинг ўзидаги номукаммалликни англамоғи демакдир.

* * *

Вақтинчалик нарсаларга бўлган иштиёқни мангу нарсаларнинг мазасини татиб кўриш ёрдамида сўндириш мумкин.

* * *

Кейинроқ тушуниб етиш мумкин бўлган нарсаларга аввалдан ишонмайдиган одам ҳеч қачон Худога етиша олмайди.

* * *

Тушунмоқ учун ишонмоқ даркор.

* * *

Зулм инсон томонидан содир этиладиган ва у бошидан кечирадиган нарсадир. Содир этиладигани — гуноҳ, бошдан кечириладигани — жазо… Инсон ўзи истаган ҳолда зулмни содир этади, истамаган ҳолда уни ўз бошидан кечиради.

* * *

Ўзгалар сени олқишлаганда, сен ўзингдан нафратлан. Сени сен орқали ҳаракат қилмоқчи бўлганлар олқишлайди.