Китийлик Зенон (м.а. 346-264)

Қадимий юнон файласуфи Зенон кўҳна Кипрнинг тўққиз асосий шаҳарларидан бири бўлмиш Китий шаҳрида туғилиб ўсди. Унинг отаси Мнасей савдогарлик билан шуғулланган. Зенон киниклардан бири — файласуф Кратетдан ва Мегар мактабининг намояндалари Стильпон ва Диодордан, кейинроқ Афлотуннинг издоши Полемондан таҳсил олди.

Зенон ёқимсиз ташқи қиёфага эга бўлган. Манбаларда ёзилишича, унинг бўйни қийшиқ, ўзи эса ўта ориқ ва новча бўлиб, оёқлари гавдасига нисбатан йўғонроқ эди. У ўзининг нотавон ва мажруҳ қиёфасидан доимо уялиб яшаган. Файласуфнинг синчков чеҳраси, жиддий нигоҳи ва ажинлар кесиб ўтган манглайи ҳар қандай одамнинг диққатини тортарди. У доимо хомуш қиёфада юрар, чеҳрасидан аччиқ истеҳзо аримасди. У доимо одамлардан ўзини олиб қочар, лоақал бир томондан бўлса-да, одамлардан холи қолиш учун кўчадаги ўриндиқнинг ҳам энг чекка қисмига бориб ўтирарди.

Зенон фалсафанинг нозик жиҳатлари ҳақида ўзича тасаввурга эга эди. У Кафисий исмли найчининг имкон борича қаттиқроқ овоз билан куй чалишга уринаётган шогирди елкасига қоқиб: «Эзгулик кучда эмас, балки куч эзгуликдадир», дегани ҳақидаги воқеани сўзлаб беришини хуш кўрарди.

Зенон алоҳида бир теран заковат эгаси эди. Унинг асарларидан бизгача фақат сарлавҳалару қўлёзмалар парчаларигина етиб келган. У фалсафа фанига биринчи бўлиб «каталепсис» (тушунча) атамасини олиб кириб, оламни икки асосий нуқтаи назардан англаш ғоясини ишлаб чиқди ва уларни қуйидагича атади:

1. Бизнинг ҳукмимиздаги нарсалар.

2. Ҳукмимиздан ташқаридаги нарсалар.

Зенон фалсафий қарашларга ойдинлик киритишда номаълум нарсаларни аслида маълум, аммо тушунарсиз нарсалар воситасида тушунтириш усулидан фойдаланди.

Масалан, у вақтнинг моҳиятини шундай тушунтиради:

Вақт — ҳаракатнинг масофасидир.

Зенон ғайриоддий тарзда ҳаётдан кўз юмган. Бир куни у қоқилиб, ерга йиқилади-да, бу ҳолни юқоридан юборилган огоҳлантириш ва чақирув деб ҳисоблайди ҳамда ўша заҳоти ўзини ўзи бўғиб ўлдиради.

* * *

«Донишманддан ўзга ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди», деб ёзганди Зенон. У ўзининг бу фикрини ҳаракат орқали тушунтирган. Яъни, бармоқлари ёзилган қўлига ишора қилиб: «Бу тимсол аломати» дейди. Кейин бармоқларини сал букиб, шундай дейди: «Бу ризолик аломати», ниҳоят бармоқларини мушт қилиб тугиб: «Бу эса англаш аломати» дейди ва ўзининг бу ўхшатмасига каталепсис деб ном беради. Сўнгра чап қўлини узатиб, ўнг муштини қаттиқ сиқиб: «Мана бу донишманддан ўзга ҳеч ким эришолмайдиган билимдир», — деб сўзини тугатади.

* * *

Фалсафани тирик мавжудотга қиёслаш мумкин, — деб ёзади Зенон. — Чунончи, суяклар ва асаб тизими мантиқ илми бўлса, эт ахлоқ таълимотидир. Жон эса табииёт (физика)дир. Фалсафани яна тухумга ҳам ўхшатиш мумкин: пўсти — мантиқ, ичидаги оқ суюқлик қатлами — ахлоқ, ўртадаги сариғи эса — табииёт. Фалсафа илмини яхши муҳофазаланган ва ақл билан бошқариладиган бир шаҳарга ҳам қиёсламоқ ўринли бўлур эди.

* * *

Ҳеч бир ёвузлик ҳурматга сазовор бўлолмайди. Ёвузлик — бизда қудрат, юксалиш, эзгулик туйғулари уйғонишига бир тўсиқ, холос.

* * *

Худо мангудир. У оламдаги ҳар бир нарсани жамики моддият воситасида яратган.

* * *

Бизнинг руҳимизга кўплаб тасаввурлар жо этилган.

* * *

Жон саккиз қисмдан таркиб топган. Унинг беш қисми кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш ва сезиш ҳисларидан иборатдир. Олтинчиси — овоз, еттинчиси — насл қолдириш қисмлари бўлиб, саккизинчиси эса бошқарувчи қисм деб аталади. Бу қисм худди саккизоёқ сингари қолган етти қисмини бошқаради ва улардан фойдаланади.

* * *

Табиат билан тотувликда яшамоқлик, эзгулик билан якдил бўлмоқлик демакдир.

* * *

Биз ташқи оламни туйғуларимиз ила қабул этиб, ақлимиз ила англашга қодирмиз.

* * *

Сўз буюмларни белгилаш учун одамлар ўзаро келишиб қабул қилган ифода бўлмай, сўзларнинг ўзи буюмлар ва буюмларнинг табиатига кўра белгилангандир.

* * *

Эркинлик — донишмандларгина етишиши мумкин бўлган бир ҳолат. Қолганлар учун эса у номаълум ва етиб бўлмас манзилдир.

* * *

Манманликдан ортиқ адабсизлик бўлмайди.

* * *

Илм эгаллаш асносидаги энг кераксиз нарса димоғдорлик, энг зарур нарса эса вақтдир.

* * *

Дўст бизнинг иккинчи «мен»имиздир.

* * *

Бир эзма одамга Зенон шундай деган экан: «Бизга кўпроқ эшитиб, камроқ сўзлаш учун иккита қулоқ ва биттагина оғиз ато этилган».

* * *

Файласуф ўз нутқини ақли билан безаб сўзламоғи жоиздир.

* * *

Фалсафа турли-туман мевали дарахтлар билан тўлиқ боғга ўхшайди. Мантиқ бу боғнинг девори бўлса, табииёт (физика) унинг дарахтлари, ахлоқ эса пишиб етилган меваларидир.