Хан Фэй (м.а. 288-233)

Қадимий Хитой файласуфи Хан Фэй Хан салтанатининг аслзода хонадонларидан бирида дунёга келди. У болалик чоғиданоқ дудуқланиб гапирарди. Кейинчалик Сюн-цзининг қўлида таҳсил олиб, Шан Ян, Шэн Бухай, шунингдек, даосизм (хитойча «дао» — қонун демак) таълимоти билан қизиққан.

Хан Фэй ўзига қадар яшаб ўтган кўплаб йирик донишмандлар каби легистик («легист» — лотинча «қонун» деган маънони англатади) дунёқараш тарафдори бўлиб, давлатни бошқариш муаммолари билан шуғулланган. «Қонунлар халқнинг отаси ва онасидир. Ҳукмдор ва амалдорлар, олий насаблилару паст табақадагилар — ҳамма қонунга бирдек амал қилмоғи лозим. Бу — буюк бошқариш санъати деб аталади» деган ғояни ёқлаган.

Хан Фэй қонунни биринчи ўринга қўйган Шан Ян («Қонунлар ва фармойишлар — халқнинг ҳаёти ва бошқарувнинг асосидир»), ҳукмдорлик санъатини биринчи ўринга қўйган Шэн Бухай («Ҳукмдор қўли остидаги амалдорларни ишлата билади ва ҳаракатларининг натижаси билан ўзгаларни лол қолдиради»), иерархия (қуйи мансабдагиларнинг юқори мансабдагиларга бўйсуниш тартиби) кучини биринчи ўринга қўйган Шэн Дао («Ахлоқсизларни итоатга келтириш учун донишмандликнинг ўзи етарли эмас, аммо донишмандларни эгиб олиш учун эътиборли мавқенинг ўзи етарли») қарашларига таяниб, бошқарувнинг «уч қуроли» ва «икки таянчи» ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқди.

* * *

Қонунга риоя қилиш, ҳокимиятнинг амалда мавжудлиги ва бошқариш санъатидан фойдалана билиш ҳукмдорнинг қўлидаги уч бошқарув қуроли бўлиб, давлатдаги тартиб-интизомнинг гаровидир.

Улардан биттасини ҳам эътиборсиз қолдириш мумкин эмас.

* * *

Ҳар бир қонуннинг икки таянчи бўлиб, бири жазо, иккинчиси мукофотдан иборатдир.

* * *

Хан Фэйдан учта қўлёзма асар қолган, улардан бири «Ёлғиз одамнинг нолиши» деб аталади. Файласуф бу асарига қуйидаги ғояларни сингдирган.

Ҳеч қачон ҳукмдор бўлмаган одамнинг шоҳга ақл ўргатиши ҳар кимга ҳам эриш туюлиши мумкин. Қани айтингчи, фалакиётшунос олим этикдўзнинг маслаҳатига муҳтожми? Этикдўз маслаҳат берди ҳам дейлик, аммо унинг айтганлари фойдали ва ўринли бўлармикан? Бироқ бошқа томондан олиб қараганда, «мушкулингни осон қилувчи сўзни ҳеч қачон ўзинг учун топиб айтолмайсан», деган нақл ҳам барчага маълум-ку. Гўёки ёруғ нурга йўғрилган асл маслаҳатни фақат четдан кутиш мумкин. Хан Фэйнинг бу таълимоти билан танишган азиз ўқувчиларимиз ўткир заковат соҳиби Руставелининг: «Жангни четдан туриб кузатган ҳар бир киши ўзини моҳир лашкарбоши, деб хаёл қилади» деган сўзларини эслашаётгандир. Шунингдек: «Қанчалар узоқлашсанг, шунчалар яхши кўра оласан», деган нақл ҳам мавжуд.

Хан Фэйнинг иккинчи китоби «Беш текинхўр», учинчиси «Хан Фэй-цзи» деб номланади. Файласуф ўз асарларида ҳукмдорларга шундай маслаҳатлар берадики, улар ҳозирги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган.

* * *

Ҳукмдор ҳокимиятни ҳеч қачон, ҳеч ким билан бўлишмаслиги лозим. Агар у амалдорларга заррача ҳокимият берса, улар ўша заҳоти бир зарра ҳокимиятни юз зарра ҳокимиятга айлантирадилар.

* * *

Ҳаддан ортиқ фойда олишга интилиш ташвиш келтиради. Ташвиш эса бетобликка сабаб бўлади. Бетоблик доноликнинг кучини қирқади. Доноликнинг кучи қирқилгач, меъёр ҳисси йўқолади. Меъёр йўқолгач, ҳаракатлар тартибсиз тус олади. Тартибсизлик эса бахтсизлик ва азоб-уқубатларни етаклаб келади. Бахтсизлик ва азоб-уқубат етиб келиши билан бетоблик инсоннинг бутун жисму жонини чулғаб олади. Ташқаридан келган бахтсизлик ғам-андуҳга сабаб бўлади. Агар азоб-уқубат ва оғриқ ички аъзоларга ҳам кириб борса, инсонни шафқатсизларча яралайди ва азобли оғриқ кучаяди. Шафқатсизларча яраланган инсон оғриққа дош беролмай, ўзини айблаб, ўзидан ўпкалайди. Демак, ортга чекиниш ва ўз-ўзидан ўпкалаш фойда ортидан қувишнинг натижасидир. Шу боис: «Инсон учун шахсий манфаат кетидан қувишдан ортиқроқ хавф-хатар йўқ», дейилади.

* * *

Доно ҳукмдор ўз хатти-ҳаракатлари сабабини яширади, токи амалдорлар улардан фойдаланмасин. Ҳукмдор ўзининг донолигини пинҳон тутиб, истеъдодини паст қилиб кўрсатадики, қўл остидагилар унинг бу сифатларини ҳам сезолмасинлар. Донишманд ҳукмдор амалдорларни ҳукмдор бўлиш умидидан маҳрум этади. У шундай йўл тутадики, амалдорларнинг ўзлари ҳокимиятдан юз ўгирадилар.

* * *

«Ҳар бир давлатнинг ўз «текинхўрлари» бор, — деб ёзади Хан Фэй. — Улар беш тоифага бўлинади. Агар ҳукмдор бундай кимсаларни таг-томири билан йўқотиб, рисоладагидек фуқароларни тарбиялай билмаса, оламда ҳалокатга маҳкум давлатлар ва сулолалар сони кўпаяверади. Давлатга таҳдид солувчи ўша беш тоифа қуйидагилар:

1. Аввалги ҳукмдорларнинг инсонпарварлиги ва бурч туйғусига содиқлигини рўкач қилиб, уларнинг тутган йўлини мақтовчи, уст-бошига зеб бериб, маҳорат билан сўзланган баландпарвоз маърузалари воситасида мавжуд қонунларга нисбатан шубҳа уйғотувчи ва ҳукмдорнинг қалбида иккиланиш туйғусини туғдирувчи олимлар.

2. Турли бўлмағур гап-сўзларни ташувчи, ташқи кучларга таяниб, ўзининг шахсий манфаати йўлида исталган салтанатнинг тимсоли бўлган ер меҳроби ва дон-дун учун фойдали барча юмушлардан бўйин товлаган вайсақилар.

3. Белига қилич тақувчи, оломон бўлиб тўпланувчи, ном чиқариш ва олий мансабдорларнинг тақиқларини бузиш учун ўз сифатларини кўз-кўз қилувчилар.

4. Бор мол-мулкини амалдорларга пора учун сарфлаб, ялиниш йўли билан оғир меҳнатдан ва ҳарбий хизматдан ўзини олиб қочувчи, мажбуриятдан қўрқиб, уйга биқиниб олувчилар.

5. Қўпол ва беўхшов, қалбаки нарсаларга ружу қўйган, ўз уйида беҳисоб захираларни йиғиб олиб, деҳқонларнинг фойдасини тортиб олиш учун пайт пойлаган, қиш фаслида ёки қаҳатчилик чоғларида маҳсулотларни олиб-сотиш билан машғул бўлган савдогар ва ҳунармандлар».

* * *

«Бугунги кунда қаттиққўл ва ишончли одамларнинг сони ўнтага ҳам бормайди. Аммо мамлакатдаги амалдорлик лавозимлари юздан ортади. Шу боис барча лавозимларга қаттиққўл ва ишончли кишиларни тайинлашнинг имкони йўқ. Амалдорлик лавозимларини тўлдириш учун лойиқ одамлар етишмаслиги оқибатида эса тартибни сақлаб, ҳимоя қилувчилар камайиб, эл-юрт орасида фитна уйғотувчилар кўпаяди. Маърифатли ҳукмдор бундан қутилиш учун ақлли кишиларни излаб овора бўлмай, ягона қонун жорий этиши, қўл остидаги ишончли амалдорлар билан фахрланиб юравермасдан, бошқарув санъатини пухта эгаллаб олмоғи лозим. Ана шунда қонунга зарар етмайди, ёвуз ва ёлғончи амалдорларга барҳам берилади».

* * *

Мамлакатда ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар кўпайиб кетса, қонун бузилади. Қўл меҳнати билан банд фуқаролар камайганда эса, мамлакат қашшоқликка юз тутади.

«Буюмлар энг сўнгги нуқтага етиб боргандан сўнг албатта ортига қайтади. Агар бирор нарсага қаттиқ тикилиб қарасангиз, кўзлар хира тортади; агар қулоқлар ҳаддан ортиқ динг бўлса, аниқ эшитолмай қолади; агар меъёридан ортиқ ўйга толиб, кўп фикр юритилса, билимларда тартибсизлик пайдо бўлади».

Бизнингча, Хан Фэй бу фикри орқали бутун инсониятга хос сифатлардан бирини ифода этган. Чиндан ҳам бизда, амалларимизда ботинан шафқатсиз ва муқаррар бир нарса борки, зўр бериб бир мақсад сари интилганимизда кўпинча, негадир умуман тескари натижаларга эришамиз. Бунга Илья Илфнинг кундалигидаги мана бу қайдлар ҳам мисол бўла олади: «Имло хатолардан қутилиш учун нашриётга 20 та мусаҳҳиҳ ёлладик. Бироқ шунга қарамай, китобнинг биринчи бетида «Британия энциклопудияси» деган ёзув турарди».

* * *

Агар инсоннинг бошига кулфат тушса, унинг қалби даҳшат ва қўрқув билан тўлади. Юрак даҳшат ва қўрқувга тўлгач, амалларимиз тўғри, фикрларимиз эса етук бўлади. Фикрлар етуклашгач, ишнинг моҳиятига етиш учун йўл очилади. Амаллар тўғри бўлса, кулфат ва зарарли оқибатлар барҳам топади. Кулфатлар ва зарарли оқибатлардан халос бўлган инсон бемалол ёшини яшаб, ошини ошайди. Ишнинг моҳиятига етган одам муваффақиятга эришади. Ёшини яшаб, ошини ошаган инсон тинчлик-хотиржамликда узоқ умр кўради. Ютуқларга эришган одам, албатта, бойлик ва аслзодаликка нойил бўлади. Тинчлик-хотиржамлик ва умрузоқлик, бойлик ва аслзодалик бахт деб аталади. Бироқ бахтнинг пойдевори бахтсизликнинг устида қад кўтаради. Шу боис: «Эҳ, бахтсизлик! У бахтнинг таянчидир», дейилади.