Робине Жан Батист Рене (1735-1820)

Француз файласуфи Робине Ренне шаҳрида камбағаллашган дворян оиласида туғилиб ўсди. Унинг отаси парламент матбаачиси бўлган. Робине 1760 йили Голландияга кўчиб ўтади.

1761-1766 йилларда «Табиат ҳақида» номли асари устида ишлаб, унинг тўрт жилдини нашрга тайёрлайди.

Робине 1820 йилда Ренне шаҳрида вафот этади. У ўлими олдидан черковнинг қистови билан ўз қарашларидан воз кечиш ҳақидаги қоғозга имзо чекади. Унда қуйидаги сўзлар бор эди: «Ҳазратим М.Леонга ишониб топширилган мазкур инкорнома ўлимимдан сўнг зудлик билан эълон қилинсин. Тангрига ўз фикрларим, сўзларим ва ҳаракатларим тўғрисида ҳисоб беришга тайёр ҳолда ёшлик чоғимда билимсизлигим, ақлсизлигим ва эътиборсизлигим туфайли, шунингдек, инқилоб даврида маълум сабабларга кўра ёзилган бир қанча китобларимдаги нотўғри, инкорга лойиқ фикрларнинг ҳаммасидан чин кўнгилдан, ошкора воз кечаман. Ҳамда Тангридан ва одамлардан бош эгиб кечирим сўрайман».

* * *

Интиҳо билан чексизлик ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ.

* * *

Чексизлик биз учун англаб бўлмас нарсадир. Биз унинг хаёлий тимсолини яратишга, унга доир жўяли ғоя ишлаб чиқишга беҳуда уринамиз. Чексизликни тасаввур қилишга кўмаклашувчи на бир сезги, на бир рақам, на бир ўлчов мавжуд эмас. Моҳиятига кўра чекланган инсон онги уни англашга ожиз.

* * *

Ҳис этмоқ англамоқ демакдир.

* * *

Оламда эзгулик ва ёвузликнинг нисбати тенг. Бундан келиб чиқадики, табиатда эзгулик ва ёвузлик мутаносиблиги муҳимдир. Бу мутаносиблик табиат уйғунлигининг шартидир.

* * *

Ҳамма нарса бир-бирига ўзаро емиш бўлиб хизмат қилади.

* * *

Агар душманингиз бўлса-ю, сиз ундан нафратлансангиз, у ҳолда унга роҳат-фароғат, улуғворлик, кўплаб ёш ва гўзал маъшуқалар, туганмас бойлик, чексиз ҳокимият тиланг. Ана шунда унинг кулфатларга кўмилиб қандай ҳалок бўлишини кўрасиз.

* * *

Тана руҳга, руҳ эса танага таъсир кўрсатади.

* * *

Табиатшунос «нима учун?» деган саволдан воз кечиб, «қандай қилиб?» деган савол устида бош қотириши керак. «Қандай қилиб?» деган савол кузатишлар натижасида пайдо бўлади. «Нима учун?» деган савол эса тафаккуримиздан келиб чиқади ва билимларимизнинг тадрижига боғлиқ бўлади.

* * *

Ҳамма нарса фақат зоҳиран ҳалокатга маҳкум. Аслида эса фақат шакл ўзгаради, холос.