Иммануил Кант (1724-1804)

Германиялик мутафаккир Иммануил Кант Кёнигсберг шаҳрида ҳунарманд уста оиласида туғилиб ўсди. У оиладаги 9 нафар фарзанднинг тўртинчиси бўлган. Кант болалик ва ўсмирлик чоғларида тез-тез касалга чалингани сабабли нимжон, жиззаки ҳамда ваҳимачи эди.

1745 йилда у Кёнигсберг университетининг илоҳиёт факультетини тамомлаган. 1755 йилдан то 1797 йилгача шу ерда метафизика, мантиқ, ахлоқий фалсафа, физика, риёзиётдан дарс берган. Умрининг охиригача бўйдоқ ўтган. 57 ёшида «Соф тафаккур танқиди» деб номланган асосий асарини ёзиб тугаллаган.

Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Осмоннинг умумий табиий тарихи ва назарияси» (1755), «Мантиқ» (1800), «Амалий мантиқ танқиди» (1788), «Антропология» (1798). Булар Кантнинг энг йирик ва машҳур асарлари сирасига киради.

Олим шахсий ҳаётида фалсафий масалалар хусусида суҳбатлашишни хуш кўрмаган. Афтидан, у ўзининг тинглашга эмас, фақат ўқитишга қобилиятли эканини яхши англаган.

Ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси муайян тартибга солинган файласуф ҳар кеч роппа-роса соат 10 да уйқуга ётган, тонгги соат 5 да уйғонган. У 30 йил давомида бир марта ҳам бу тартибни бузмаган. Роппа-роса кечки соат 7 да сайрга чиққан. Кёнигсбергда яшовчилар Кантга қараб соатларини текширишган.

* * *

Фалсафа соҳасини қуйидаги саволлар билан чегаралаш мумкин:

1. Мен нимани била оламан? 2. Мен нима қилмоғим керак? 3. Мен нимага ишонишим мумкин? 4. Инсон нима?

Биринчи саволга метафизика фани, иккинчисига ахлоқ, учинчисига дин ва тўртинчисига антропология жавоб беради. Юқоридаги уч савол охиргисига келиб тақалади.

* * *

Рад этилишдан чўчимаслик керак. Бошқа нарсадан – сени тушунмасликларидан эҳтиёт бўл.

* * *

Ҳар бир фан фақат риёзиёт билан иноқлашгандагина мукаммалликка эришади.

* * *

Жилла қурса, илоҳиёт факультетининг: «Фалсафа факультети – илоҳиёт факультетининг оқсочи», — деган мағрурона даъвосига қўшилса бўлади. (Бу ўринда: «Оқсоч бекасининг олдида машъала тутиб йўл бошлайдими ёхуд унинг ортидан этакларини кўтариб юрадими?» – деган савол очиқ қолади). Ишқилиб фалсафа факультетини ёпиб, оғзини юмиб қўйишмаса бўлгани.

* * *

Ташқи хотиржамлик фақат зоҳиран мавжуддир. Инсон табиатидаги пинҳоний шубҳалар уруғини таг-томири билан бартараф этмоқ жоиз. Бироқ бунинг учун биз аввало бу куртакка эркинлик ва ҳатто озуқа беришимиз керак. Шундагина у ниш уриб, кўзга кўринади ва уни илдизи билан йўқотиш мумкин бўлади.

* * *

Эътиқодга жой бериш учун билимларимни сиқиштиришимга тўғри келди.

* * *

Оғзимиздан чиқаётган ҳамма сўзлар ҳаққоний бўлмоғи керак. Аммо бу, биз ҳар қандай ҳақиқатни очиқ айтишга мажбурмиз, дегани эмас.

* * *

Ўз ботиний эътиқодидан воз кечиш пасткашликдир.

* * *

Этика – эътиқод фалсафаси.

* * *

Даҳолик – ўргатиб ҳам, ўрганиб ҳам бўлмайдиган истеъдод маҳсули.

* * *

Изтироб фаолият истагини уйғотади.

* * *

Саломатлик ҳолатидаги меҳнатдан кейинги ҳордиқ ҳар қандай жирканчлик аралашмасидан холи бўлган энг буюк ҳиссий лаззатдир.

* * *

Инсондаги қулайликка мойиллик ҳисси ҳаётда мавжуд бўлган ҳар қандай ёвузликдан ҳам ёмонроқдир.

* * *

Фикрларни эмас, фикрлашни ўргатмоқ керак.

* * *

Чеҳрамизнинг ранги ёлғон сўзлаётганимизни фош этади. Аммо у ҳамма вақт ҳам ёлғоннинг исботи бўлиб хизмат қилавермайди. Кўпинча бизни айблаётган кимсанинг андишасизлигидан ҳам қизарамиз.