Пол-Анри Гольбах (Паул Генрих Дитрих) (1723-1798)

Француз файласуфи Пол-Анри Гольбах Германиянинг Гейдельстейм шаҳрида савдогар оиласида туғилди. У баронлик насабига мансуб эди. Гольбах Лейден дорилфунунини тугатиб, Францияга йўл олди ва Париж шаҳрида муқим яшаб қолди. Унинг Париждаги Сен-Рош кўчасида жойлашган уйи машҳур француз маърифатпарварларининг қароргоҳи бўлган.

Гольбахнинг қуйидаги асарлари маълум: «Насронийликнинг фош этилиши» (1761), «Ижтимоий тизим» (1713), «Табиий сиёсат» (1773), «Табиий ахлоқ» (1770), «Табиат тизими ёхуд фикрий олам ва руҳий олам қонунлари ҳақида (1770), «Табаррук мараз» (1768), «Этократия ёки ахлоққа асосланган ҳукумат» (1776).

Гольбах «Табиат тизими» асарини дўстлари даврасида васиятнома деб атаган.

Олим ўзи асарлар ёзибгина қолмай, ўзи севган китобларни тўплаган, авайлаб сақлаган. Унинг шахсий кутубхонасида 2777 жилд китоб бўлган. 1770 йилда Гольбахнинг «Табиат тизими», «Насронийликнинг фош этилиши» ва «Табаррук мараз» асарлари Париж парламенти томонидан ёқишга ҳукм қилинди, чунки уларда даҳрийлик руҳидаги фикрлар бор эди. Олимнинг эътиқодига кўра, инсон табиатнинг бир бўлаги, шунинг учун ҳам фаолияти табиат қонунларига бўйсунади. Файласуф шунга кўра инсоннинг бири иккинчисига қарама-қарши турган, икки хил моҳиятга эга бўлган диний қарашларини танқид қилади.

* * *

Инсон – табиат маҳсули.

* * *

Инсон ўзини табиатнинг имтиёзли мавжудоти деб билиши учун ҳеч қандай асос йўқ. Зотан, у ҳам табиатнинг бошқа маҳсуллари каби беқарорликка маҳкум этилган. Унинг сохта устунлиги замирида фақат адашиш ётади. Инсон ўзи макон этган ер курраси узра фикран юксакликка кўтарилиб кўрсин-чи. Шунда у одамзотга худди бошқа ҳамма мавжудотларга қарагандек қарайди. Ҳар бир дарахт ўзига хос мева бергани каби ҳар бир инсон ҳам ўзининг алоҳида қувватига хос равишдаги ҳаракатлари ёки қилмишлари мевасини бераётганини кўради. Ҳамда ўзининг ўрнини қайта баҳолашга ундаётган пуч хаёллигини инсон бир вақтнинг ўзида ҳам Коинот кузатувчиси, ҳам Коинотнинг бир бўлаги эканлиги туфайли пайдо бўлганини англайди.

* * *

Биз сабаби ўзимизга номаълум бўлган, билимсизлигимиз ҳамда тажрибасизлигимиз туфайли аввалдан кўриб бўлмайдиган нарсаларни тасодифий ҳодисалар деб атаймиз.

* * *

Жамиятлар ҳам тирик организмлар каби инқирозлар, ақлсизлик лаҳзалари, инқилоблар, ҳаётий ўзгаришларни бошидан кечиради, улар ҳам туғилади, ўсади, ўлади, соғломликдан беморлик сари, беморликдан саломатлик сари юз тутади ва ниҳоят, барча инсон зоти каби болалик, ёшлик, етуклик, кексалик босқичларидан ўтиб, ўлимга рўбарў бўлади.

* * *

Мустабид ҳукмдор ҳокимияти доимо халқ вакиллари ҳукмига итоат этиши ҳамда ўзларига ишонч билдирган одамларга доимо тобе бўлиши зарур. Вакиллар бу одамларга нисбатан хўжайин эмас, балки ижро этувчи, ишончли шахслардир.

* * *

Инқилоблар ва ижтимоий бўҳронлар жамият учун кулфат, албатта. Шу боис жамият уларни мустақиллик ва бардавом фаровонликка эришиш йўлидаги муқаррар, лекин муваққат босқич сифатидагина қўллаши мумкин.

* * *

Куч билан ўрнатилган ҳукумат куч билан сақлаб турилади.

* * *

Бахтли бўлмоқ учун давлатмандликнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунинг учун бойликдан фойдаланишни ҳам уддалаш керак.

* * *

Бу оламда рўй берган энг йирик воқеалар асосида ётувчи истаклар ақл кўзи билан қараганда арзимас бўлиб туюлади. Кўпинча ахлоқ хусусидаги баҳслар, болаларча инжиқликлар, ихтилофлар, қандайдир вазир ёки хонимнинг ёмон кайфияти, элчининг сурбетлиги, қароқчининг қўполлиги, нотўғри қабул қилинган сўз – мамлакатда уруш оловини ёқиш учун кифоя қилади.

* * *

Эришилган нарсалар уларга сарф этилган қувват ва харажатларни қоплаганини камдан-кам ҳолларда кўриш мумкин. Ҳукмдорларнинг сиёсати одатда катта сарф-харажатлар эвазига майда нарсаларга эришиш билан чегараланади.

* * *

Болалигиданоқ ўзининг нотўғри фикрлари измида бўлган, мутаассибликка муккасидан кетган одамлар кўзларидаги жаҳолат пардасини сақлаб қолишни муҳим деб ҳисоблашади ва уларнинг кўзини очишга уринган кишилар билан курашишади. Агар зулматга ўрганиб қолган кўзлари бир лаҳза ёруғликни кўргудек бўлса, бундан азоб чекишади ва ғазаб билан машъал тутган кишиларга ташланишади.

* * *

Инсон бахти унинг орзу-истаклари ташқи муҳитга қанчалик мос тушиши билан белгиланади.