Вовенарг Люк де Клапье (1715-1747)

Фарангистонлик файласуф Люк де Клапье Вовенарг Экс шаҳрида дворян оиласида туғилган.

У француз армиясида капитан унвонида хизмат қилган. 1741 йилги ҳарбий ҳаракатларнинг бирида оёғини совуққа олдириб қўйган. 1744 йилда эса чечак билан оғриб, кўзлари деярли кўрмай қолган.

Вовенарг ёзувчи Вольтер билан хат ёзишиб турган… Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Озодлик ҳақида мулоҳазалар» (1737 йил), «Бойликларнинг тенгсизлиги ҳақида мулоҳазалар», «Мантиққа зид фикрлар: янги мулоҳазалар ва максималар»1 (1746 йил).

Файласуф зукко ва бир-бирини инкор қиладиган, янги, хилма-хил фикрларга жуда ўч бўлган. У эътиборга лойиқ қуйидаги воқеани ҳикоя қилади: «Менинг ёшгина хизматкорим бор эди. Бир куни саёҳат чоғида нотаниш одам билан тушлик қилдим. Хизматкор ҳамсуҳбатим жуда ақлли одам эканлигини айтди. Мен бу одамнинг ақлли эканлигини қаердан билгани билан қизиқдим.

— Ақлли одам ҳар доим тўғри гапиради.

— Яъни, ҳеч кимни алдамайдими?

— Йўқ, жаноб, ўзини ўзи алдамайди.

Бу жавобни эшитганимдан кейин ҳеч бир зукко одам бундан яхшироқ жавоб топиб бера олмасди, деган хулосага келдим».

* * *

Инсонда кучли, аммо бир-бирига қарама-қарши эҳтирослар қанчалик кўп бўлса, у қай соҳада бўлмасин, биринчиликка эришишга шунчалар ноқобиллик қилади.

* * *

Иллатлар туфайли қўлга киритилган фойда доимо улкан зарар билан қоришиқ бўлади.

* * *

Одамлар баъзан ўзлари ишонмайдиган мақтовларни ҳам ёқтирадилар.

* * *

Тимсоллар тафаккурни безайди, туйғулар эса уни ишонтиради.

* * *

Аҳмоқлар биз ўйлаганчалик кўп эмас. Одамлар бир-бирларини тушунмайдилар, холос.

* * *

Шуҳратпараст одамлар ёмон дипломатлардир: улар сукут сақлашни билишмайди.

* * *

Қўрқоқ одам иззатталаб одамга нисбатан камроқ ҳақорат аламини тортади.

* * *

Келгуси авлодлар балки биздан кўра кўпроқ билишар ва ўзларини ақллироқ ҳисоблашар. Аммо улар биздан-да бахтлироқ ва донороқ бўла оладиларми? Ўзимиз ҳам оталаримиздан кўп билсак-да, улардан яхшироқ эмасмиз-ку!

* * *

Тўғрисини айтишга журъат этаман: инсонни ақл файласуфга, шуҳратсеварлик қаҳрамонга, эзгулик эса донишмандга айлантиради.

* * *

Ақл бизни кайфият таъсирида қўл уриладиган аҳмоқона ишлардан халос этолмайди.

* * *

Ожиз одамларнинг дўстлиги уларнинг нафратидан кўра хавфлироқдир.

* * *

Инсон қанчалар ақлли бўлса, тушунарсиз мулоҳазасизликка шунчалар мойиллашиб боради.

* * *

Умид ҳаётий неъматларнинг энг фойдалиси ҳамда энг ҳалокатлисидир.

* * *

Севги иззатталабликни ҳам енгади. Зеро, аёлни у ҳатто сиздан нафратланганда ҳам севиш мумкин.

* * *

Агар ҳикматли сўзда изоҳга муҳтожлик сезилса, демак бу сўз тобига етмаган.

* * *

Бирор янгиликнинг яшаб кетишида мушкуллик туғилиши унга зарурият йўқлигидан далолатдир.

* * *

Инсон устидан ҳокимлик қиладиган ҳар қандай эҳтирос атрофдагиларга у томон йўл очади.