Давид Юм (1711-1776)

Инглиз файласуфи, психолог олим ва муаррих Давид Юм Шотландия пойтахти Эдинбург шаҳрида, унча бой бўлмаган дворян оиласида дунёга келди. Унинг отаси ҳуқуқшунос бўлган. Давид Юм Эдинбург университети ва Ля-Флеш номли фаранг коллежида таҳсил олди. У коллежда илк марта Рене Декартнинг илмий қарашлари билан танишди.

Давид Юм биринчи бўлиб «сабаб»нинг моҳиятини ҳодиса ва тушунча сифатида жиддий ўрганишга киришди. Унинг бу борадаги мулоҳаза ва хулосалари фалсафа фанининг асосий ютуқларидан бирига айланди.

Файласуфнинг қуйидаги асарлари маълум: «Инсон табиатига доир мулоҳазалар» (1739), «Таъб меъёри ҳақида» (1739-1740), «Ахлоқий ва сиёсий очерклар» (1741-1742), «Руҳнинг барҳаётлиги хусусида», «Табиий дин ҳақида сўзлашув (диалог)» (1751).

* * *

Ўз хулосалари учун доимо узр сўраш ва ҳар бир алоҳида санъат, ҳар бир алоҳида фан олдида ўзини ҳадеб оқлайвериш зарурияти фалсафа учун маълум даражада ҳақоратдир. Бу ҳол подшоҳнинг ўз фуқаролари томонидан давлатга хиёнатда айбланишига ўхшайди.

* * *

Шу нарса ҳақиқатки, одамлар инсоният тафаккуридан мутлақо четдаги муаммолар, масалан, оламларнинг яралиши, ақлий оламнинг ёки руҳлар салтанатининг тузилиши хусусидаги муаммоларни муҳокама қилиш асносида бекорга баҳслашадилар ва ҳеч қачон аниқ хулосага келолмайдилар.

* * *

Ақлга уқув, таассурот ва ғоялардан ўзга ҳеч нарса берилмаган.

* * *

Ҳар бир ҳодиса бир-биридан узоқ ва холис. Бир ҳодисанинг кетидан иккинчиси юз беради. Лекин биз ҳеч қачон уларнинг орасидаги боғлиқликни сеза олмаймиз. Бу уларнинг бир-бирига қўшилиб кетгани, лекин ҳеч қачон ўзаро боғлиқ бўлмаслигини англатади.

* * *

Сабаб учун битта энг зарур нарса бор. Бу – оқибатга эга бўлмоқлик.

* * *

Биз жасорат деб атайдиган руҳий кўтаринкилик ва улуғворлик белгиси сифатида қабул қилиб, завқланадиган нарса хотиржамлик ва қатъийликка асосланган ғурур ҳамда ўзини ҳурмат қилиш демакдир.

* * *

Ўзи ҳақида узоқ гапирадиган одамнинг мақтанчоқликка чап бериши мушкул.

* * *

Олижанобликдан маҳрум ботирлик ва иззатталаблик инсонни фақат золимга ёки қароқчига айлантириши мумкин.

* * *

Раҳмдилликка муҳаббат ва нафислик, ичиқораликка эса душманлик ва ғазаб омихта бўлади.

* * *

Худбинлик адолат қоидаларини туғдиради ва бу қоидаларга амал қилишнинг энг биринчи сабаби ҳисобланади.

* * *

Гарчи табиий қобилият ва ахлоқий сифатларнинг даражаси бир хил бўлса-да, улар ўртасида бир фарқ бор. Табиий қобилиятни сунъий таъсир этиш йўли билан деярли ўзгартириб бўлмайди. Ахлоқий сифатлар ёки унинг оқибати натижасида юзага келадиган амалларни эса мукофот ва жазо, рағбат ёки инкор воситасида ўзгартириш мумкин.

* * *

Севги – ўзга одамга бахт тилашдан ўзга нарса эмас.

* * *

Ҳаётни ақл эмас, одат бошқаради.

* * *

Инсоннинг ҳаёти тасодифларга қанчалик бой бўлса, у хурофотга шунчалик чуқур берилади.

* * *

Одамларда атрофдагиларни ўзига ўхшатиш ҳамда бошқаларда ўзига яқин ва таниш бўлган, ўзи бевосита англайдиган сифатларни кўришга мойиллик мавжуддир.