Бенжамин Франклин (1706-1790)

Америкалик файласуф олим, сиёсатчи, дипломат ва ихтирочи Бенжамин Франклин инглиз муҳожири Жозеф Франклин оиласидаги 17 фарзанднинг саккизинчиси эди. Унинг отаси ҳунарманд бўлиб, совун ва шам ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Ёш Бенжамин ўзи мустақил таҳсил олган. У биринчи бўлиб тебранма ўриндиқни ихтиро қилган эди.

1746 йилда Бенжамин тасодифан доктор Спенснинг «физика хонаси мўъжизалари» сеансига боради. У ерда илк бор электр машинаси билан танишади ва электр тажрибаларига қизиқиб қолади.

1776 йилда у Фарангистонга элчи сифатида жўнатилади. Бенжамин Франклин Америка Конституциясининг муаллифларидан бири ҳамдир.

Шуни айтиш жоизки, инсоният тарихидаги энг ажойиб ва буюк ихтиролардан бири ҳисобланмиш яшин қайтаргични ҳам Бенжамин Франклин ўйлаб топган. У электр соҳасидаги кашфиётлари ва бошқа кўплаб амалий янгиликлари билан жаҳонга донг таратди. Файласуф сифатида эса инсоний муносабатлар муаммосини тадқиқ этиб, кўплаб фойдали амалий тавсияномалар ёзиб қолдирди. «Вақт – пул», — деган машҳур ҳикматнинг муаллифи ҳам Бенжамин Франклиндир («Ёш савдогар учун маслаҳатлар» асарида). Унинг энг машҳур асарлари қуйидагилар: «Озодлик ва зарурият, ҳузур-ҳаловат ва изтиробга доир мулоҳазалар» (1725), «Бой бўлишни истовчилар учун муҳим маслаҳатлар», «Мўл-кўлчиликка йўл» (1758), «Ҳуштак», мактуб-ҳикоя, (1779).

XVIII аср Америкаси Бенжамин Франклин каби ҳар томонлама қобилиятли ва сермаҳсул одамни кўрмаган. Ёзувчи ва ношир, олим ва жамоат арбоби, дипломат ва файласуф Бенжамин Франклинга ватандошлари «Энг илғор америкаликлар орасидаги биринчи шахс» деб баҳо берганлар. Бенжамин Франклин 84 ёшида вафот этди ва бутун Америка халқи 30 кун мотам тутди. Унинг номи инсоният кўрки, илм, озодлик ва Ватан учун беқиёс хизмат кўрсатган даҳо сифатида «Инсониятнинг энг буюк намояндалари» рўйхатига киритилган.

* * *

Дейл Карнеги шундай ёзганди: «Агар сиз одамлар билан қандай муомалада бўлиш, ўзингизни қандай бошқариш ва қайси йўл билан фазилатларингизни камолга етказиш ҳақида аъло маслаҳатлар олишни истасангиз, Бенжамин Франклиннинг таржимаи ҳолини ўқинг… Бенжамин ўз хотираларида ўзидаги энг катта қусур – баҳслашиш одатини қандай қилиб йўқотгани ва Америка тарихидаги энг билимдон, адабли, фаросатли одамга айлангани ҳақида ҳикоя қилади…»

* * *

Маънавиятдан маҳрум сиёсатда қонунлар нима ҳам қила оларди?

* * *

Ўйлайманки, фикрлар ҳақида уларнинг таъсири ва натижасига қараб ҳукм чиқармоқ керак.

* * *

Ҳамма билан хушмуомала, кўпчилик билан дилкаш, айримлар билан эса бетакаллуф бўл.

* * *

Сиз баҳсга киришиб, қизиққонлик билан суҳбатдошингизнинг фикрларини рад этишингиз ва ғолиб чиқишингиз мумкин. Лекин бу ғалаба ҳеч қандай наф келтирмайди. Чунки ҳеч қачон сиз билан баҳслашган мухолифингизнинг хайрихоҳлигига эришолмайсиз.

* * *

Уч кўчиш бир ёнғин билан тенг.

* * *

Дангасалик зангга ўхшайди. Нарсалар кўп ишлаш оқибатида эмас, зангдан тезроқ емирилади.

* * *

Мен аста-секинлик билан шунга ишонч ҳосил қилдимки, инсонлараро муносабатдаги самимийлик, ҳақиқатгўйлик ва ҳаққонийлик ҳаётий бахтга эришишда катта аҳамиятга эга.

* * *

Тажриба — қимматли мактаб. Лекин аҳмоқлар учун шундан ўзга мактаб бўлмаса нима қилиш керак?

* * *

Агар сен ақл-заковатга қулоқ тутмасанг, у албатта қасос олади.

* * *

Навбатдаги истакларни қондиришдан кўра, биринчисини енгиш осонроқдир.

* * *

Ишлатиладиган калит доимо ялтиллаб туради.

* * *

Шундай одамлар борки, диний эътиқодга эга бўла туриб, жуда нотавонлар. Улар бу эътиқоддан ҳам маҳрум бўлсалар, нима қиларкинлар?

* * *

Биз учун табиат ўз қонунларини қандай қилиб амалга оширишини эмас, балки шу қонунларнинг ўзини билиш муҳимдир. Яъни, ҳавога ирғитилган чинни идишнинг ерга тушиб синишини билиш фойдали. Лекин: «У қандай қилиб ерга тушади ва нима учун синади?» – деган савол аҳмоқонадир. Албатта, бу саволга жавоб топиш ёқимли. Аммо биз шусиз ҳам чинни идишни бутун сақлаб қола оламиз-ку!

ҲУШТАК

(Б.Франклиннинг Бритон хонимга мактуби. 1779 йил 10 ноябрь)

Азиз дўстим, чоршанба ва шанба куни йўллаган бир жуфт мактубингизни олдим. Бугун яна чоршанба. Аввалгисига жавоб ёзмаганим учун мактуб олишдан маҳрум бўлдим. Бироқ, гарчи ялқов бўлсам-да ва мактуб битишни хуш кўрмасам-да, агар ўзим жавоб ёзмасам, бошқа ҳеч қачон Сизнинг дилкаш битигингизни ўқий олмаслигим юзасидан чексиз хавотир қўлимга қалам тутишга мажбур этди. Шу боис жаноб Б. эртага Сизни йўқлаб бориш ниятида эканлиги тўғрисида илтифот ила маълум қилганда ҳам бу чоршанбани аввалгилари каби Сизнинг дилкаш даврангизда эмас, Сиз ҳақингизда ўй суриб ўтказишга: Сизга мактуб битиш, номаларингизни қайта-қайта ўқиб чиқишга аҳд қилдим.

Сизнинг жаннат ва у ердаги ҳаёт тўғрисидаги таърифингиз мени мафтун этди. Жаннатга бу оламдан имкон қадар ҳамма яхши нарсаларни олиб ўтишимиз кераклиги тўғрисидаги хулосангизни бағоят маъқуллайман.

Фикримча, агар ҳуштаклар учун ҳаддан ортиқ ҳақ тўламаганимизда эди, ҳозиргидан кўра кўпроқ нарсаларга эга бўлишимиз, ёвузликдан камроқ азоб чекишимиз мумкин эди. Чунки биз дуч келадиган бахтсиз одамлар, менимча, ана шу эҳтиётсизлик туфайли саодатни бой берганлар.

Нимани назарда тутаяпти, деб сўрарсиз? Сиз ҳикояларни ёқтирасиз. Шу боис ўзим тўғримдаги бир ҳикояни сўзлаб бермоқчиман. Ва бунинг учун мени маъзур тутгайсиз.

Ёшим еттида эди. Байрамларнинг бирида ўртоқларим менга бир ҳовуч чақа совға қилишди. Мен ўша заҳоти ўйинчоқлар дўконига равона бўлдим. Йўлда кетаётганимда бир боланинг қўлидаги ҳуштакнинг садоси ҳушимни ўғирлади ва дўконга кириб бор пулимга ҳуштак сотиб олдим. Кейин уйга қайтдим-да, севинчим ичимга сиғмай қулоқни қоматга келтириб ҳуштак чала бошладим.

Бундан уйдагиларнинг аччиғи чиқса-да, мен жуда сармаст эдим. Акаларим, опаларим, амакиваччаларим ҳуштакнинг баҳосини суриштириб билгач, уни ўз нархидан тўрт баравар қимматга сотиб олганимни, қолган пулга қандай яхши нарсалар сотиб олишим мумкинлигини айтиб, устимдан роса кулишди. Хўрлигим келиб йиғлаб юбордим. Ҳуштак туфайли чеккан бу изтиробим, у келтирган қувонч ва лаззатдан зиёдроқ эди.

Хотирамга муҳрланиб қолган бу воқеа кейинчалик менга асқотди. Бирор бир нокерак буюмни сотиб олиш васвасасига учраганимда, ўзимга: «Ҳуштак учун ҳаддан ортиқ ҳақ тўлама», — дейман-у, пулимни тежаб қоламан.

Вояга етиб катта ҳаёт йўлига қадам қўйганимдан кейин одамларнинг хатти-ҳаракатларини кузата бошладим. Шунда ҳуштаги жуда қимматга тушаётган кўплаб одамларни учратдим.

Ўзининг қимматли вақтини, фароғатини, эркини, марҳаматини ва эҳтимол, ёр-дўстларини қирол саройидаги қабулда иштирок этиш шарафига нойил бўлиш йўлида қурбон қилаётган ўта иззатталаб одамни кўрганимда ўз-ўзимга: «Бу кишининг ҳуштаги жуда қимматга тушди-да», — деб қўярдим.

Шон-шуҳратга ортиқ даражада муккасидан кетган, доимий равишда сиёсий югур-югурлар билан овора бўлган ва эътиборсизлиги оқибатида касб-корини ўлда-жўлда қолдирган кимсани кўрганимда эса: «Чиндан ҳам унинг ҳуштаги жуда қимматга тушди», — деб қўяр эдим.

Ҳар қандай ҳузур-ҳаловатдан, ўзгаларга яхшилик қилишдан, ҳамсоя ҳурмат-иззати, эътиборидан ва чин дўстлик қувончларидан воз кечиб, пул тўплашни ихтиёр қилган ўтакетган хасис одамни кўрганимда: «Эй, бахтиқаро! Сенинг ҳуштагинг нақадар қимматга тушди-я», — дердим.

Ҳиссий лаззат, кайфу сафо йўлида ақлини қурбон қилган ва саломатлигига путур етказган шаҳватпарастни учратганимда, дердим: «Сен адашаяпсан, наздингда лаззатдек туюлаётган нарса аслида бир дарддир. Ҳуштагинг жуда қимматга тушаяпти!»

Ўзига оро бериб, гўзал либосларга, чиройли уйлару жиҳозларга, фойтунларга меҳр қўйган, аммо уларга эришиш учун қўли калталик қилиши оқибатида қарзга ботган ва умрини турмада ниҳоялаганларни кўрганимда: «У ҳуштак учун катта, жуда катта тўлов тўлади», — дердим.

Хулласи калом, мен инсон бошига ёғилгувчи кулфатларнинг кўп қисми одамлар нарсаларнинг қимматини тўғри баҳолай олмасликларидан келиб чиқади ва уларнинг ҳуштаги жуда қимматга тушади деб ҳисоблайман.

Аммо ҳар ҳолда бундай бахтиқароларга шафқатли бўлишимиз лозим. Ҳолбуки, бундай ўйлаб қарасам, ғурурланишга арзигулик ақл-фаросатим борлигига қарамай, мен учун ҳам қирол Жоннинг олмалари каби йўлдан оздирувчи нарсалар бор. Хайриятки, уларни сотиб олиб бўлмайди. Борди-ю, улар кимошди савдосига қўйилганда мен бир лаҳзада бор-йўғимдан айрилишим ва яна бир марта ҳуштак учун ҳаддан зиёд тўлаб юборганимни пайқамай қолишим мумкин бўлур эди.

Кўришгунча хайр, менинг азиз дўстим.

Камоли эҳтиром ила содиқ қулингиздан деб билурсиз.