Барух Спиноза (1632-1677)

Голландиялик файласуф Барух Спиноза Амстердамда савдогар оиласида дунёга келди. У яҳудийларнинг Амстердамдаги 7 йиллик мактабига ўқишга борди. Аммо ўқишни тамомлашга улгурмади. Чунки отасига савдо ишларини юритиш учун ёрдамчи керак эди. Отасининг ўлимидан кейин Спиноза бир неча йил савдогарлик билан машғул бўлди. Лекин у жуда ёшлигиданоқ фалсафа илмига меҳр қўйганди, лотин тилини жуда яхши биларди. Шу туфайли орадан кўп ўтмай Спиноза Амстердамда кичик фалсафа тўгарагини очди. Илм-фан оламига чуқур кириб, дунёқараши кенгайган ёш Спиноза яҳудий дини пешволарини виждон эркинлигига риоя этмасликда айблади. Спиноза шу тахлит илм-фан оламига қанча яқинлашгани сайин яҳудий руҳонийларидан шунчалик узоқлаша борди. Натижада 1656 йилда дин пешволари Спинозани муртадликда айблаб, унга бир умрлик лаънат тамғасини ёпиштирдилар. Шундан сўнг Спиноза яҳудийлар билан алоқани буткул узиб, ўзини фалсафага бағишлади. У бир умр ўпка хасталигидан азоб чекиб яшади. Спиноза ўз ўлимини тор, фақирона хонага ўрнатилган қуп-қуруқ ёғоч чорпояда қарши олди. Сингилларининг ташмачилиги туфайли бор будидан айрилиб, қашшоқликка маҳкум бўлган донишманд ажали етганини сезиб, қўшни аёлдан ёнига битта ҳам руҳонийни қўймасликни илтимос қилади. Чунки у жон талвасасида рақибларига ён босиб, ўз қарашларидан воз кечиши мумкинлигидан чўчиганди. Спинозанинг қуйидаги асарлари маълум: «Парвардигор, инсон ва бахт ҳақида қисқача илмий мушоҳадалар» (1658-1660 й.), «Рене Декарт фалсафаси асослари» (1663 й.), «Тафаккур такомили ҳақида илмий мушоҳадалар» (1661 й.) ва бошқалар.

* * *

Ҳар бир нарсага мангулик нуқтаи назари билан боқинг.

* * *

Инсон донишмандлик ва ҳақиқатни англаш йўли билангина ҳақиқий бахт ва роҳат-фароғатга эришмоғи мумкин.

* * *

Жамики нарсалар Оллоҳ томонидан бошқача бир кўринишда ва тартибда яратилиши мумкин эмас эди.

* * *

Ақл-идрок қанчалар чексиз бўлмасин, у табиатига кўра яратувчилик эмас, яралувчилик сифатига эгадир.

* * *

Ёруғлик ўзини ҳам, зулматни ҳам аниқлаб беролгани каби, ҳақиқат ўзига ҳам, ёлғонга ҳам мезондир.

* * *

Тажрибалар тил одамларнинг ҳукмига энг кам итоат этадиган нарса эканлигини кўрсатди. Одамлар эса ҳаммадан ҳам ўз эҳтиросларини чеклашга ноқобилдирлар.

* * *

Оллоҳ бизга ўлчовли ақл-идрок ва чексиз ирода инъом этган. Аммо У бизни не мақсадда яратганидан бехабармиз.

* * *

Қалбларни қурол билан эмас, меҳр-муҳаббат ва олижаноблик воситасида забт этиш мумкин.

* * *

Ҳеч ким ўзини ўзи хўрловчи одамчалик ҳасадга мойил бўлмайди.

* * *

Қўрқув қалб ожизлигининг мевасидир.

* * *

Инсонга инсондан яхшироқ наф етказувчи йўқ.

* * *

Ҳар қандай аниқлик чеклаш демакдир.

* * *

Биз билимларимиз етишмаслиги важидан нарсаларни тасодиф деб атаймиз.

* * *

Табиатда қусурли нарсанинг ўзи йўқ.

* * *

Кўзёшга ҳам, кулгига ҳам, нафратга ҳам ўрин йўқ, тушунмоқ керак!