Филиппо Жордано Бруно (1548-1600)

Италиялик файласуф Жордано Бруно Неаполнинг шарқида жойлашган Нола шаҳрида майда дворян оиласида туғилиб ўсди. У 11 ёшида Неаполдаги мактабга ўқишга борди. 14 ёшида эса Неапол дорилфунунининг бошланғич куллиёти талабаси бўлди ва фалсафа, мантиқ ҳамда диалектикадан таҳсил ола бошлади. 1565 йилда у роҳиблик мактабига ўқишга кириб, фалсафа фанлари доктори ва роҳиблик даражасига эришди. Ёш Брунодаги туғма истеъдод, ибодатхонадаги китоблар ҳамда феъл-атворидаги мағрурлик ва мустақиллик ҳаммаси бир бўлиб ўз ишини қилди. Бруно ибодатхонадаги дин пешволари билан келишолмай аввал ибодатхонани, кейин Италияни тарк этди. У Швейцария, Фарангистон, Англия шаҳарлари бўйлаб кезиб, Тулуза, Париж, Оксфорд дорилфунунларида маърузалар қилди, муҳим илмий баҳсларда қатнашди.

1584-1585 йиллари Бруно Лондонда яшади. Бу ерда унинг дунёқарашлари тизимини акс эттирувчи 6 та суҳбатни ўз ичига олган китоблари босмадан чиқди: «Коинот ва оламларнинг чексизлиги ҳақида» (1584), «Сабаб, ибтидо ва умумийлик ҳақида» (1584), «Замонамизнинг риёзиётчи ва файласуфларига қарши 160 та асосий қоидалар» (1588 й), «Қаҳрамонона ташаббускорлик ҳақида» (1585), «Қиёматдаги базм», «Ўттиз ҳайкал чироғи» (1587).

Бруно 1591 йилнинг кузагида Италияга қайтади ва 1592 йилнинг май ойида шаккокликда айбланиб, ҳибсга олинади. Бруно тўққиз йил давомида турмада аёвсиз қийноқлар, хўрликлар исканжасида азоб чекади. Католик черкови суди бир сўзли файласуфнинг иродасини синдириш ва ўз қарашларидан воз кечишга мажбурлаш учун барча қийноқларни ишга соладилар. Лекин Бруно ўз эътиқодига содиқ қолади. Жасур донишмандни ўтда куйдириб, қатл этишга ҳукм қиладилар.

1600 йилнинг 17 февралида Италиянинг буюк фарзанди Брунони гулханда ёндирадилар. «Ўтда ёқмоқлик — инкор этмоқлик эмас!» Бу сўзлар аланга исканжасида қолган Брунонинг сўнгги нидоси эди.

* * *

Бруно шундай деб ёзганди: «Менга кўпинча сен ўз қарашларинг билан оламни тўнтармоқчисан, дейишади. Аммо аслида тўнкарилган оламни ўз ҳолига қайтаришнинг нимаси ёмон?»

* * *

Худо — чексизлик ичра чексиз. У ҳар нарсада ва ҳар ерда зоҳирдир.

* * *

Оламлар ҳам туғилади ва ўлади. Улар мангу эмас ва доимо ўзгаришда. Чунки улар ўзгаришга маҳкум қисмлардан тузилган.

* * *

Биз тўхтовсиз равишда ўзгариб борамиз. Чунки биздаги эски атомлар ўрнини янгиси эгаллайди.

* * *

Руҳ ҳар бир нарсада мавжуд ва жонли нарсага айланиш имкониятидан маҳрум биронта заррача йўқ.

* * *

Ҳар қандай давомийлик интиҳосиз ибтидо, ибтидосиз интиҳодир. Демак, ҳар қандай давомийлик чексиз лаҳза, ибтидо ва интиҳонинг бир хиллиги инъикосидир.

* * *

Табииётшуносларнинг айтишича, энг катта ва буюк тезликнинг ҳаракатсизликдан фарқи йўқ. Ҳаракатсизлик энг катта, ҳадсиз тезликдаги ҳаракатдир.

* * *

Сезги тасаввурга, тасаввур — тафаккурга, тафаккур — ақл-идрокка, ақл-идрок фикрга эврилади.

* * *

Сезги чексизликни кўролмайди. Шу боис сезгилардан буни талаб қилмаслик керак. Сезги воситасида чексизликни илғашни хоҳловчилар кўз билан Худони ва моҳиятни кўришга интилувчиларга ўхшайдилар.

* * *

Файласуфлик қилишни истовчи аввало ҳамма нарсага шубҳа билан қарамоғи жоиз.

* * *

Инсоннинг Ердаги ҳаёти — уруш ҳолатидан ўзга нарса эмас. Чунки у дангасаларнинг ночорлигини енгиши, юзсизликни жиловлаши, душман зарбасидан огоҳ бўлиши лозим.