Ван Шоужен (Янмин) (1472-1529)

Хитойлик файласуф, сиёсатдон ва ҳарб илми билимдони Ван Шоужен Юйяо музофотида туғилиб ўсди. Унинг отаси Ван Хуа зиёли оиладан бўлиб, хизмат поғоналаридан тез юқорилаб борган. Ван Шоужен тўрт ёшигача гапиролмаган. Бир будда роҳиби болакайни кўриб: «Яхши бола экан. Фақат, афсуски, унинг тақдири зоҳирида шундоққина аён бўлиб турибди», — дейди. Роҳиб афтидан файласуф Лао-цзининг: «Билгувчи гапирмайди», — деган машҳур нақлига ишора қилганди. Бу сўзни эшитган бобоси боланинг исмини Шоужен (инсонпарварлик ҳимоячиси) деб ўзгартиради. Ажабки, шундан сўнг Шоужен гапира бошлайди.

Шоужен ўн ёшидан бошлаб шеърлар ёзган. Бу шеърлар фақатгина адабий нуқтаи назардан эмас, балки фалсафий мазмуни билан ҳам диққатни жалб этарди.

Шоужен 12 ёшида онасидан етим қолади. 16 ёшида уйланади. 1489 йилда Ван Шоужен файласуф Чуж Си издоши Лоу Лян (1422-1491) билан танишади ва ундан таҳсил олади.

1493-1499 йиллар орасида Ван Шоужен даоцизм, буддавийлик ва Конфуцийнинг мумтоз фалсафасини қунт билан ўрганади. Айни пайтда бадиий ижод ва ҳарб илми сирларини ўрганишга ҳам вақт ажратади.

1499 йилда Ван Шоужен цзин ши даражаси учун имтиҳон топшириб, император саройи мансабдорлари орасидан ўрин олади. Хизмат вазифаларининг кетма-кет ўзгариши туфайли мамлакат бўйлаб тинимсиз кезишлар ёш Шоуженнинг саломатлигига салбий таъсир ўтказади. 1502 йилда у императорнинг рухсати билан даволаниш учун туғилган гўшасига қайтиб келади. У Чжэцзян музофоти ҳудудида жойлашган тоғ бағрига — Янмин ғори яқинига бошпана қуриб яшай бошлайди. Шу боис уни Янмин-цзи деб атай бошлайдилар (яъни, файласуф Янмин). «Янмин» сўзи «қуёш нури» деган маънони англатади. Шунингдек, инсон жисмидаги муҳим қувват ришталаридан бири ҳам ана шу ном билан аталади.

1504 йилда Ван Янмин Пекинга қайтади ва Шандун музофотига ҳоким қилиб тайинланади.

1505 йилда Хитой тахтига 15 ёшли Хоучжао ўтиргач, бир гуруҳ сарой аъёнлари қатори Ван Янмин ҳам қувғинга учрайди. Қувғин йиллари файласуф учун жуда катта ҳаётий мактаб вазифасини ўтайди. У руҳан камолга етиб, дунёвий илмларнинг ўткир билимдонига айланади. Файласуф айни шу кезларда «билим ва ҳаракатнинг бирлиги» ҳақидаги ғоят муҳим тамойилни ишлаб чиқади.

1509 йилда Ван Янмин қувғиндан қайтади ва Гуйчжоу музофотининг пойтахти Гуйянда фалсафадан дарс бера бошлайди.

Буюк файласуф 1529 йилнинг 9 январида бетобликдан вафот этади.

* * *

Билим ҳаракатдадир.

* * *

Табиий билим нима? У ҳақиқат ва ёлғонни ажратувчи, ўйламасдан, ўрганмасдан билгувчи қалбдир.

* * *

Қалб — табиат, табиат эса қоида.

* * *

Ҳақиқий қувонч доноликда камолга етган зотлар ва оддий одамларга хосдир. Бироқ бу неъматга эга бўлган оддий одамларнинг ўзлари бундан бехабар бўладилар.

* * *

Билим — ҳаракатни бошқарувчи асосий фикр. Ҳаракат эса илмнинг амалий манбаи. Билим — ҳаракат ибтидоси, ҳаракат — билим интиҳосидир.

* * *

Билим ҳаракатдадир. Бунинг исботини қуйидаги ҳолатлар занжири орқали кўриш мумкин.

Таомнинг таъми яхши ёки ёмонлигини билиш учун уни оғизга солиб, чайнаб кўрмоқ зарур. Таомдан татиб кўрмай туриб, унга баҳо бериб бўладими? Йўлнинг равон ёки норавонлигини аниқлаш учун ўша йўлни босиб ўтишингиз керак. Йўлни бориб кўрмасдан унинг қандайлигини айтиш мумкинми? Камондан ўқ отиш учун найзани жойлаб, ёйни таранг тортиш ва нишонга олиб, қўйиб юбориш талаб этилади. Китоб ўқиб илм олмоқ учун эса қўлга қалам тутиб, ёзмоқ жоиз. Оламда ҳеч бир илм йўқки, у ҳаракатсиз ўрганилса. Шу боис илмга ва олий қоидаларга ҳаракатсиз етишиб бўлмайди.

* * *

Фикр ва сўз амалиётга йўналтирилганда уларнинг ҳар иккиси ҳам моддиятга — нарсага айланади.

* * *

Буюмлар, воқеалар, қоидалар, адолат ва эзгулик дилдан ташқарида қололмайди.

* * *

Бир куни Ван Янмин шаҳар кўчаларида айланиб юрганда дўстларидан бири қояларда барқ урган гулларга ишора қилиб, ундан сўради:

— Оламда ҳеч нарса дилдан ташқарида мавжуд бўлолмайди, дейсан. Аммо мана бу қоя бағридаги гуллар ўзидан ўзи ўсади ва қурийди. Қани айт-чи, бу гул билан менинг қалбим ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?

Ван Янмин дўстига шундай жавоб қайтарди:

— Гулларга қарамасингдан аввал улар ҳам, сенинг қалбинг ҳам осойишта эди. Гулларга кўзинг тушган они эса сен уларнинг рангини қалбинг ила англадинг. Шундан кўриниб турибдики, гуллар сенинг қалбингдан ташқарида қололмайди.

* * *

Нарсаларнинг моҳиятини англаш қалбдаги, фикрдаги ва илмдаги нарсаларнинг моҳиятини англаш демакдир.

* * *

Шогирдларидан бири Ван Янминдан сўради:

— Баъзи одамлар тунда руҳлар, шайтон ва ажинадан қўрқишади. Шундай пайтларда нима қилиш керак?

Ван Янмин деди:

— Кундуз куни адолат захирасини яратолмаган одамнинг қалбида қониқмаслик ҳисси пайдо бўлади. Бу туйғу ўз навбатида қўрқувни етаклаб келади. Кундалик амаллар ақл чироғи билан ёритилар экан, ҳеч қандай қўрқувга ўрин қолмайди.

Шунда шогирдларидан яна бири савол берди:

— Безарар инс-жинслардан қўрқмаса ҳам бўлади. Аммо маккорлари ким яхши, ким ёмонлигини ажратиб ўтирмайди. Шу боис одамлар қўрқувдан қутулолмайдилар.

Файласуф бу саволга шундай жавоб қайтарди:

— Яхши одамларга қутқу солишга қурби етадиган битта ҳам ёвуз куч йўқдир. Энг қўрқинчлиси — қалбнинг маккорлик иллатига мубтало бўлиши. Ана шунинг ўзиёқ инсонга қутқу солади. Агар инсон аёл гўзаллигига ўч бўлса, ишқивозлик васвасасини пайдо қилувчи кучлар, агар бойликка ружу қўйса, манфаатпарастлик ва таъмагирлик васвасасини уйғотувчи кучлар, агар у бўлар-бўлмасга ғазабланаверса, дарғазаблик васвасасини ҳосил қилгувчи кучлар, агар арзимаган нарсадан ҳам қўрқувга тушаверса, қўрқоқлик васвасасининг уйғотувчи кучлар таъсири остида бўлади.

* * *

Ван Янминдан дўсти сўради:

— Китоб ўқигандан сўнг ҳеч нарса ёдда қолмаса нима қилмоқ керак?

Ван Янмин деди:

— Уни тушунмоқ керак, ёдлаш шарт эмас. Тушунмоқ зарурияти ҳам иккинчи даражали нарса. Энг аввалло китобнинг асосий моҳиятини англамоқ жоиз.

* * *

Қарамоқлик ва кўрмаслик, тингламоқлик ва эшитмаслик, емоқлик ва таъм билмаслик… Таъмни билиш учун инсон юрагида ейиш истаги бўлиши жоиз. Тановулни истаган юрак бу — фикр, бошқача айтганда, ҳаракат ибтидосидир.

* * *

Инсон қалби — осмон каби тубсиз.

* * *

Комил инсон ҳар бир одамнинг комил бўлиши учун қайғуради.

* * *

Инсон табиати аслида олий фазилатлар мажмуасидир. Унинг табиати ўз ибтидосида заррача ёвузликдан ҳам холи бўлган.

* * *

Биз бирор илмни имкониятимиз ва мавқеимиз даражасида ўрганиб, ниҳоясига етказамиз.

* * *

Олий эзгулик — қалбнинг асл моҳияти. Зеро, ҳатто учига чиққан қароқчи ҳам талончилик қилмаслик кераклигини яхши англайди. У ўзини ўғри деб аташларидан орланади.