Рожер Бэкон (1214-1292)

Инглиз файласуфи, Париж дорилфунунининг илоҳиётчи олими доктор Рожер Бэкон Англиянинг жануби-ғарбидаги Доргет графлигида туғилиб ўсди. У Оксфордда таълим олди. 1236-1247 йилларда Париж дорилфунунида дарс берди. 1277 йилда файласуф ибодатхона қамоқхонасига банди этилди ва 14 йил тутқунликда яшади.

Ҳикоя қилишларича, Рожер Бэкон Англия қироли Генрих III (1216-1272)ни олимларнинг душмани, манфур ва шафқатсиз кимса — епископ Пьер де Рошдан эҳтиёт бўлиши кераклиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Файласуф Винчестер епископининг исми шарифидан фойдаланиб, сўз ўйини қилади. Пьер де Рош лотинча Петрус де Рупибум, яъни «қоялар ва тик тоғлар» деган маънони англатади. Бундан хабардор Бэкон қирол Генрихга шундай савол билан мурожаат қилади:

— Жаноби олийлари, айтинг-чи, тошқин денгиз оша қирғоққа томон сузаётган кема учун энг хатарли ва қўрқинчли ғов нима?

Қирол Генрих файласуфнинг саволига жавобан:

— Буни сайёҳлару сайёрлар яхши биладилар, — дейди.

Қиролнинг бу жавобидан Бэконнинг кўзлари мардона чақнаб, юраги гупиллаб уриб кетади ва қиролга ҳақиқатни айтишга жазм этади:

— Зоти олийлари, денгизда қоялар ва тик тоғлардан хатарлироқ ғов йўқдир.

* * *

Маълум бўлишича, телескоп ҳақидаги дастлабки қайдлар Р.Бэкон қўлёзмаларида ўз аксини топган. Араб оптикаси ютуқлари билан яхши таниш бўлган ва қуёш ҳодисасини шахсий тажрибасида кузатиб, «сеҳрли кристалл» (лупа) ёрдамида мутолаа қилган файласуф қуйидаги ҳаяжонли хулосаларини ёзиб қолдирган: «Мен сизга табиат ва санъатнинг ҳар қандай ғайритабиийликдан холи бўлган ҳайратли «ишлари» ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Шаффоф жисмларга ишлов бериш натижасида олисдаги нарсалар жуда яқин кўринади ва аксинча, биз узоқ масофадан митти ҳарфларни ўқиш ва кичик буюмларни илғаш, шунингдек, юлдузларни томоша қилиш имкониятига эга бўламиз».

* * *

Токи жоҳиллик мавжуд экан, инсон ёвузликка қарши бирон чора тополмайди.

* * *

Баён аниқ-равшан бўлмоғи лозим. Амалиётсиз ва тажрибасиз аниқликка эришиб бўлмайди. Қўлимизда билишнинг уч воситаси бор: обрў, фикрлаш ва тажриба. Модомики, тўғри эканлиги исботланмас экан, обрў ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, чунки у билим бермайди, муроса талаб қилади, холос. Биз фикрлаш асносида ҳақиқатни ёлғондан ажратамиз ва хулосамизни тажриба орқали текширамиз. Тадқиқий фанлар бошқа фанлардан келиб чиқадиган хулосаларни текширади ва синайди ҳамда ўз кучига таяниб, табиат сирларини тадқиқ қилади.

* * *

Инсон қўли билан яратилган ҳеч бир нарса мукаммал эмас…

* * *

Худо, фаришталар, у дунёдаги ҳаёт ва осмон жисмлари инсоннинг ақли ожизлик қиладиган, эгаллаши қийин бўлган илм манбаларидир. Улар қанчалик аъло даражада бўлса, биз учун шунчалар номаълумдир.

* * *

Математика фалсафанинг энг аввал кашф этилган бўлагидир. Инсон пайдо бўлгандан сўнг биринчи бўлиб математика кашф этилган.

* * *

Модомики, биз ўзга фанларда аниқликка интилиб, хатолардан холи бўлишга интиларканмиз, математика ҳар қандай илмнинг, фаннинг пойдеворига айланмоғи лозим.

* * *

Бир гуруҳ олимлар тўғри услубга эга бўлмаганлари боис донишмандликнинг муҳим сирлари очилмасдан қолмоқда.

* * *

Гарчи Арасту силлогизм (икки фикрни таққослаб, уларнинг натижаси бўлган учинчи бир фикрни чиқариш)ни билим манбаи сифатида тан олган эса-да, шундай ҳолатлар бўладики, оддий тажриба ҳар қандай силлогизмдан кўра яхшироқ натижа беради.

* * *

Инсонларга сезги орқали фикр юритиш асносида билиш лаёқати берилган. Демак, сезгиларсиз илм ҳам бўлмайди.

* * *

Илм-фан илоҳиёт учун ҳам фойдалидир. Нуҳ алайҳиссалом кема ясаб, тўфондан қутулиб қолган. Бу улкан кемага Нуҳ алайҳиссалом ва унинг оиласи, ер юзидаги жамики тирик мавжудотларнинг ҳар биридан бир жуфти жо бўлган. Узунлиги 30 тирсакли кема қуйи, иккинчи ва учинчи ошёнадан иборат эди. Турган гапки, бундай кемани ҳандаса фанини билмай туриб ясаш мумкин эмас.