Нагаржуна (113-213)

Нагаржуна Қадимий Ҳиндистоннинг Куча шаҳрида истиқомат қилувчи аслзода хонадонларнинг бирида дунёга келди. У тўққиз ёшидан бошлаб Шимолий Ҳиндистон, Қашқар, Ёркент ҳамда Куча шаҳарларида будда ақидалари ва таълимотидан сабоқ олди.

Нагаржуна ёшлик чоғида Кашмир-Гандхар вилоятидаги ибодатхонада роҳибликни қабул қилади.

Шуниси қизиқки, бир нечта тарихий шахслар — турли оқимга мансуб файласуфлар, афсунгарлар, кимёгарлар, ҳакимлар ва баъзи қўлёзма асарлар муаллифлари ўзларини Нагаржуна деб аташган.

Афсуски, ҳанузгача «Биринчи Нагаржуна ким эди, у ҳаётий шахсми ёки афсонавий тимсолми?» — деган саволга ойдинлик киритилмаган.

Баъзи тахминларга қараганда биринчи Нагаржуна Ҳиндистоннинг жанубида фаолият кўрсатган.

Нагаржуна ғайритабиий руҳий имкониятлар соҳиби бўлиш билан бир қаторда фаннинг кимё, табобат, илми нужум, табиатшунослик, маъданшунослик каби соҳаларини пухта эгаллаганди.

У умрининг кўп қисмини сайёҳликда ўтказган. Манбаларда ёзилишича, у муҳаббат илми ва ёшариш санъатига оид қатор қўлёзмаларнинг муаллифидир.

Нагаржуна «илм ғилдирагини иккинчи бор бураб юборган» донишманд сифатида «Иккинчи Будда» деб аталган.

* * *

Бу дунёда «пайдо бўлиш» деган тушунча йўқ. Чунки мутлақ янги нарсани англаб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди. Чинданам ҳар қандай «янгилик» «эски» нарсалар қаторидаги ёки «эскилик»дан яралган воқеликдир. Энди айтинг-чи, «эскилик»дан яралган нарсани «янгилик» деб аташ мумкинми? Ахир, у доимо мавжуд бўлган-ку?

* * *

Ўлимнинг муқаррарлиги ва жон таслим қилиш азобини кўрганингизда тириклик ҳаловатига эришиш учун ёвузлик қилмаслик зарурлигини англанг.

* * *

Меҳрибон, маслаҳатгўй устозларни улар нималардан воз кечганларига қараб ажратиб олиш мумкин. Улардаги шукроналик, ҳамдардлик, ахлоқийлик ва қалбан ҳис этиш ғам-ғуссанинг йўлини тўсувчи воситалардир.

* * *

Бойлигингни ҳузур-ҳаловат йўлида сарфласанг, бу дунёда фароғатга эришасан. Агар уни хайр-эҳсонга сарфласанг, у дунёда — ўлимингдан сўнг роҳатини кўрасан. Демак, азоб-уқубат ҳузур-ҳаловатга эришиш ёки хайр-эҳсон қилишнинг имкони йўқлиги туфайли пайдо бўлади.

* * *

Сахийлик ва ахлоқийликдан атрофингдагилар фойда олса, сабр-тоқат ва қатъийлик ўзингга манфаат келтиради.

* * *

Таомни нотўғри танлаб, бемаврид тановул қилган одам ҳалокатга юз тутади, тўғри овқатланиш эвазига эса умрузоқлик, саломатлик, куч-қувват ва ҳузур-ҳаловатга эришади. Илм олиш жараёнини ҳам шунга қиёслаш мумкин. Яъни, илмсиз кишиларнинг ҳалокатга учрашлари муқаррар, илм эгалари эса маърифатга юз тутиб, роҳат-фароғатда яшайдилар.