Абу Ҳомид Муҳаммад Ал Ғаззолий (1058-1111)

Файласуф ал Ғаззолий Тус шаҳрида туғилиб ўсди. Жуда ёшлик чоғиданоқ олимлик поғонасига кўтарилди. 1091 йилдан бошлаб у Бағдоддаги машҳур Низомий мадрасасида талабаларга фалсафа ва илоҳиёт илмидан сабоқ берди. У 34 ёшида кучли руҳий инқирозни бошидан кечирди. Шундан сўнг ҳақиқатни файласуфлар белгилаган йўлдан топа олмаслигини тушуниб, мударрисликни ташлади ва мустақил равишда тасаввуф илмини ўрганишга киришди. Орадан 11 йил ўтгач, имом Ғаззолий яна мадрасага қайтиб, талабаларга таҳсил бера бошлайди. У бутун умрини ҳақиқатни одамларга тушунтириш ва адашганларни тўғри йўлга қайтаришга бағишлади.

Ғаззолийнинг фалсафа, тасаввуф илмига оид асарлари жуда ёрқин, равон ва тушунарли услубда битилган. Қуйида унинг ана шундай асарларидан баъзиларини санаб ўтамиз: «Файласуфларнинг мақсадлари», «Файласуфларнинг раддияси», «Дин ҳақидаги фаннинг туғилиши», «Олам жавони» ва ҳ.к.

* * *

Имом Ғаззолий жуда кўпни кўрган, ўқиган ва билган зот бўлишига қарамай, уни фақат араб шоири Лабиднинг мана бу мисраси завқлантирган: «Оллоҳдан ўзга ҳаммаси ёлғон эмасми?»

* * *

Ақоид илмининг билимдонларидан бири Суютий Имом ал Ғаззолий ҳақида шундай ёзганди: «Агар Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин яна бир пайғамбар дунёга келиши мумкин бўлганда, бундай саодат шубҳасиз ал Ғаззолийга насиб этарди».

* * *

«Оллоҳни англашдан аввал ўзни англамоқ жоиз», — дейди Ғаззолий.

* * *

Кўрган нарсангнигина қабул эт, эшитганларингни унут: Қуёш бош кўтаргач, Зуҳални томоша қилишдан бизни маҳрум қилади.

* * *

Шубҳа ҳақиқатга олиб борувчи йўлдир. Ким шубҳаланмас экан, ҳеч нарсани кўра олмайди. Кўришдан маҳрум одам эса тушунолмайди. Тушунишдан маҳрум кимса мисоли сўқир каби йўлдан адашади.

* * *

Аввало шуни тушуниб олиш жоизки, Оллоҳ ҳақидаги бор ҳақиқатни ва Унинг улуғвор моҳиятини фақат Оллоҳнинг Ўзигина билади. Бундан ҳайрон бўлмаслик жоиз: фаришталар ҳақидаги ҳақиқатни фаришта, пайғамбарлар тўғрисидаги ҳақиқатни пайғамбаргина била олади. Ҳатто шогирд то устозининг даражасига етолмас экан, уни чинакамига тушунолмайди. У устозининг даражасига етгандан кейингина ўзини устози каби англай бошлайди…

* * *

Тирик мавжудотларнинг қуйи даражадаги турлари: чумоли ва чивинларни ҳам фақат чумоли ҳамда чивинларгина англай олади. Афсуски, фақат инсонгина ўзи ҳақида ҳақиқий билимга эга эмас. Биз ўзимизни фақат сиртдан — у ёки бу қилмишимиз ва ташқи қиёфамиз орқали биламиз. Руҳий моҳиятимизни билишга уринмаймиз.

* * *

Пайғамбаримиз шундай дегандилар: «Уч нарсадан: шубҳа-гумондан, ёмон хаёллардан ва ҳавасдан ҳеч ким қутулолмайди. Мен сизга улардан халос бўлиш йўлини айтаман. Агар гумонсирасанг текширма, ёмон хаёллар келса, улардан қоч, ҳавасинг келган нарсага эга бўлиш истагидан ўзингни тий».

* * *

Пайғамбардан сўрадилар: «Халқларнинг кулфатига нималар сабаб бўлади?» У зот шундай жавоб қайтардилар: «Манманлик, гердайиш, такаббурлик, рақобат, тарқоқлик ва ҳасад халқларга кулфат келтиради. Ана шулар туфайли аввал халқлар ўртасида ажралиш юз беради, сўнгра тартибсизлик бошланади».

* * *

Учта олам мавжуддир: уларнинг бири зоҳирий, иккинчиси ботиний олам бўлса, ҳар иккисининг орасидан яна бир олам — руҳий олам ўрин олган.

* * *

Буюк ва қудратли Тангри барча бандаларига мурожаат қилиб: «Илмни сизларга оз миқдорда бердим», деди.

Дарвоқе, оламдаги барча тафаккур эгалари йиғилишиб бош қотирганда ҳам лоақал Унинг чумоли ва чивинни қай тариқа яратганига оид илми ва закосини англаб етолмайдилар, бу масаланинг ўндан бирини ҳам ечолмайдилар. Инсон фақат Оллоҳ буюрган илмнигина эгаллашга қодир.