Уйғур мақоллари (60 та)

• Ўзга юртни кўрмагунча, ўз юртингнинг гўзаллигини ҳис этолмайсан.
• Душманинг сичқондек туюлса-да, сенда шернинг кучи бўлсин.
• Сўз тош эмас, лекин бошни ёради.
• Дангасанинг доим вақти йўқ.
• Одам гулдан нозик, тошдан қаттиқ.
• Лайлини кўриш учун Мажнуннинг кўзи керак.
• Қулоқ кўздан аввал севади.
• Оч итга суяк ташласанг, тўқ ит ҳам ангиллайди.
• Баҳорда ейилган ноннинг кекириги кузда чиқади.
• Куёв фарзанд бўлмайди, кулдан девор бўлмайди.
• Қозон бир думалаб қопқоғини топди.
• Қариндошлик бир соатлик қувонч ва бир кунлик қайғуда билинади.
• Олмани кўриши билан тиши қамашади.
• Бир новдадан мингта мева етишади.
• Шамолсиз дарахт қимирламайди.
• Шайтонга йўлиқишдан қўрқиб, Иблисга тутилди.
• Қарға айтади: “Менинг болаларим оппоқ!”
• Бир таомда икки қўйнинг калласи қайнамайди.
• Икки ярим ― бир бутун.
• Узун кўйлак билан оёқ чалинар, узун гап ақлни чалғитар.
• Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
• Бола йиғламаса, онаси эмизмайди.
• Йиқилсанг ҳам туядан йиқил.
• Тўғрининг ўқи нишонга тегади.
• Ҳар бир омадсизлик ― омадга йўл.
• Отангга қандай ғамхўрлик қилсанг, боланг ҳам сенга шундай ғамхўрлик қилади.
• Милтиқ йўқлигида кийик учраб қолади.
• Иймонсиз қариндошдан иймонли қўшни афзал.
• Ҳақиқат ортидаги зарардан ёлғон ортидаги фойда афзал.
• Ҳар бир раҳбардан катта раҳбар бор.
• Трактордан умид қилиб, отдан юз ўгирма.
• Зулм кўрмасдан яхшиликнинг қадрига етмайсан.
• Сузишни билмасанг, сувга тушма.
• Аччиқни тотмагунча ширинни билолмайсан.
• Юзи чиройли ― гўзал эмас, қалби пок ― гўзал.
• Хато отмайдиган овчи йўқ, адашмайдиган доно йўқ.
• Ёлғончининг уйи ёнса, ҳеч ким ишонмайди.
• Ҳазиллашсанг ҳам ўйлаб гапир.
• Кимдир тўқликдан сакрайди, кимдир ― очликдан.
• Яхши одамдан ёмон туғилади, ёмон одамдан яхши туғилади.
• Таёқ билан фақат тана оғрийди, ёмон сўз билан ― қалб.
• Онасини кўриб, қизини ол.
• Сотқин дўст қайтиб дўст бўлолмайди.
• Киришдан олдин чиқишни ўйла.
• Қуришдан олдин бузиш керак.
• Туяда ўтириб, қўйдан яширинолмайсан.
• Айтилган сўз ― отилган ўқ.
• Мол доим эгасига ўхшайди.
• Кўрга тун ва кун баробар.
• Дарахт қаттиқ, лекин уни юмшоқ қурт тешади.
• Лаби юмшоқ бузоқ ўнта сигирни эмади.
• Тинч юрсанг ― кўп яшайсан.
• Ҳар гулнинг ўз иси бор.
• Ёлғончининг доим гувоҳлари бор.
• Беш бармоқ баробар эмас.
• Деворнинг қулоғи бор.
• Илон чаққан арқондан ҳам қўрқар.
• Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам?
• Ёмон билан яшагандан яхши билан ўлган афзал.
• Тил қиличдан ўткир.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Уйғурлар ― Шарқий Туркистон ― Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор районининг туб жой аҳолиси. Умумий сони 10 млн. кишига яқин. Улар Хитойда (тахминан 9 млн.), Қозоғистон (225 минг, 2009), Қирғизистон (60 минг), Ўзбекистон (50 минг), Туркия (40 минг), Саудия Арабистони (30 минг), шунингдек, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистонда яшайди. Уйғур тилида сўзлашади. Диндорлари, асосан, сунний мусулмонлар.