Удмурт мақоллари (136 та)

• Шамолсиз зарангнинг япроғи ҳам шитирламайди.
• Сузағон сигир шохсиз бузоқ туғади.
• Бўрини қўйга айлантириб бўлмайди.
• Оқарган кўйлакни янги қилолмайсан.
• Икки айиқ бир уяга сиғмайди.
• Турна турнани доим топади.
• Сўров учун юзга урмайдилар.
• Қаерга йиқилишимни билганимда сомон тўшаб қўярдим.
• Баъзида қарға ҳам каккуни тарбиялайди.
• Толни кесиб ташласанг ҳам барибир тагидан чиқаверади.
• Елимли дарахтга ёпишсанг, кир бўласан.
• Понани пона билан қоқадилар.
• Мушук қаймоқни қўриқлолмайди.
• Ўрин юмшоқ бўлса қаттиқ ухлайсан.
• Қўлдаги йиринг бутун баданни оғритади.
• Ёмон уруғдан ёмон мева оласан.
• Меҳнат билан қўлинг узилиб қолмайди.
• Четан экиб олма кутма.
• Ўлган мол ― сутли.
• Буғдой экиб ― курмак олди.
• Бўри қочгандан сўнг, ўқ отмайдилар.
• Ғичирлаган дарахт узоқ туради.
• Қаймоқ тагига чўкади.
• Булут бор ― ёмғир бор.
• Бировнинг йиринги оғримайди.
• Отнинг тўртта оёғи бор, шунда ҳам қоқилади.
• Бир каллада ― бир ақл, икки каллада ― икки ақл, қўшни ва қабиланинг ақли ― ҳаммага ақл.
• Ёғочнинг икки учи бор.
• Попнинг енги узун, чўнтаги чуқур.
• Попнинг илдида хоч, орқасида қоп.
• Йўқолган пичоқнинг сопи олтиндан.
• Эшитганни кўрган билан солиштириб бўлмайди.
• Яхши хотин ― ярим давлат.
• Битта ойна билан бутун кўчани кўриб бўлмайди.
• Асли қора оқ қилиб бўлмайди.
• Бировнинг ақли билан узоқ яшоломайсан.
• Қалпоқнинг қайси томонини кийсанг ҳам қалпоқлигича қолади.
• Унга мой ҳам аччиқ, очлигида сув ҳам ширин эди.
• Тил игнадан ўткир.
• Тилнинг узангиси йўқ.
• Қирғий қирғийнинг кўзини чўқимайди.
• Тонгсиз шом ҳам тушмайди.
• Фаросатсизга гўзал хотин учрайди, гўзал эркакка ― фаросатсиз.
• Қўй бўлсанг бўрилар топиб олади.
• Асал бўлса пашша топилади.
• Юракнинг ўти бор, лекин тутуни йўқ.
• Бегонанинг чанасида ўтирма.
• Сигирнинг думи кимнинг қўлида бўлса, сигир ҳам унга тегишли.
• Баҳор яна қайтади, айтилган сўзни қайтариб бўлмайди.
• Ҳамма нарса ўз жойида яхши.
• Ҳамма иш ўз вақтида бажарилгани яхши.
• Ўзинг боққан ит ўзингни тишлайди.
• Бошдан юқорига сакролмайсан.
• Кўзни қулоқ билан таққослаб бўлмайди.
• Меҳмон ҳам, мезбон ҳам ― баробар.
• Ҳадя қилинган отнинг тишига қарамайдилар.
• Кун ― узоқ, аср ― қисқа.
• Сичқонга мушук ҳам қўрқинчли ҳайвон.
• Сахий доим карамли.
• Бир шох узилса, бошқа новда ўсиб чиқади.
• Хотин чиройли, қизи ундан чиройли.
• Ит ва мушукдай бирга яшайдилар.
• Сўраган оғизга урмайдилар.
• Ёмон одам ўзини ҳам ёмон кўради.
• Илон оқ бўлса ҳам, қора бўлса ҳам барибир илон.
• Билимнинг охири йўқ.
• Ўрмондаги дарахтлар ҳам ёлғиз эмас.
• Осмондаги юлдузлар ҳам ёлғиз эмас.
• Оз бўлсаям етади, кўп бўлса тез тугайди.
• Бармоқ ҳам қисқа бўлади, одамлар ҳам бир хил эмас.
• Бармоқлар ҳам бир хил эмас.
• Дарё ҳам ўзанини ўзгартиради.
• Бузоқча ҳам қачондир сигир бўлади.
• Игна кичик бўлса ҳам ҳаммани кийинтиради.
• Шошилган суварак шўрвага тушиб қолади.
• Қари қарға бекорга қағилламайди.
• Эски янги билан алмашади, ёш ― қари билан.
• Қари тулкини тутиш қийин.
• Ит мушук билан дўстлашолмайди.
• Ҳамма жуфтини ўзи топади.
• Сардор қандай бўлса, жамоа ҳам шундай.
• Ишчининг қандайлиги ишга боғлиқ.
• Пиёз емаган одам сасимайди.
• Ким меҳнатдан ўлибди?
• Жажжи бузоқча икки онани эмади.
• Ювош мушук қаттиқ чангаллайди.
• Ювош одам қаттиқ тишлайди.
• Фақат дангасагина камбағаллашади.
• Йўлнинг чети бор, охири йўқ.
• Қуённинг оёғи узун, думи калта.
• Ҳақиқатнинг йўли битта, ёлғонники кўп.
• Ёлғон бир оёқда туради, ҳақиқат ― икки оёқда.
• Гапиришни севсанг эшитишни ҳам сев.
• Кичик оёғи билан тирик, қари ― боши билан.
• Чумоли оз бўлса-да, тоғни кемиради.
• Бир пой чанғида учолмайсан.
• Бизнинг Иван отга сакради: думига узангини қадади, аравага ем берди, отнинг оёғини мойлади.
• Хўроздан тухум кутма.
• Қийинчилик кўрмасдан ақлинг кирмайди.
• Айиқ билан бир қопга тушма.
• Йиғламаган болани ухлатмайдилар.
• Ҳеч ким ўлимдан қутулган эмас.
• Совғанинг нархини сўрамайдилар.
• Ёлғон билан тўйиб қолмайсан.
• Чиройли кийим кийсанг, чиройли бўласан, хунук кийим кийсанг ― хунук.
• Ёлғиз одамга доим зерикарли.
• Битта қўй бутун подани қўрқитади.
• Битта асалари кўпгина асални йиғолмайди.
• Кеч қолган қарға бурнини тозалайди.
• Кузда кун етти марта ўзгаради.
• Қарғадан булбул туғилмайди.
• Эркак эчкидан жун ҳам йўқ, сут ҳам йўқ.
• Ўз соянгдан қочолмайсан.
• Итнинг думини кесганинг билан қўйга айланиб қолмайди.
• Қалампирни аччиқлиги учун ташлаб юбормайдилар.
• Биргаликда куйлаган яхши, алоҳида гаплашган яхши.
• Йиғи билан дарддан қутулмайсан.
• Ўлимдан сўнг инсондан ном қолади, айиқдан ― тери.
• Йўқотилган нарсани йиғи билан тополмайсан.
• Ростлик ёлғонни мағлуб қилади.
• Ўнг қўлни чап қўл билан алиштирмайдилар.
• Оч қолсанг, ёғсиз нон ҳам лазиз.
• Эрта туриш бахтга етаклайди.
• Эрта турган ҳакка оч қолмайди.
• Она ― иссиқ, ўгай ― совуқ.
• Ўтирсанг, ўз чанангга ўтир.
• Ой ҳам ёруғ, лекин Қуёшдек эмас.
• Чўчқа осмонга қарамайди.
• Чин дилдан айтилган сўз учта қишни иситади.
• Айтилган сўзни орқага қйтариб бўлмайди.
• Қанча ювинсанг ҳам сувдан кўра тоза бўлмайсан.
• Қуённинг изи айиқнинг изига олиб боради.
• Кўр товуққа ҳамма нарса ― дон.
• Сўз тошни ёради.
• Таши чиройли, ичи бўш.
• Ит ҳурар ― шамол эсар.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Удмуртлар (эски номи — вотяклар) — Россия Федерациясидаги халқ (636,9 минг киши, 1992), Удмуртиянинг туб аҳолиси (460,5 минг киши). Шунингдек, Татаристон (24,2 минг киши), Боқирдистонда (22,6 минг киши) ва бошқа вилоятларда яшайди.  Умумий сони 747 минг киши (1990-й.лар ўрталари). Удмурт тилида сўзлашади. Диндорлари — православлар. Маҳаллий динларга эътиқод қилувчилари ҳам бор, татар ва бошқирдларга яқин яшайдиганлари Исломни қабул қилган.