Татар мақоллари (179 та)

• Бир кун тилингни тиймасанг, бир йил унинг азобини чекасан.
• Аввал эшагингни боғла, сўнг Аллоҳга топшир.
• Қурол, хотин ва итингни қарзга берма.
• Эртанги товуқдан бугунги тухум афзал.
• Ўлим икки марта келмайди.
• Сенинг суҳбатинг ― кумуш, сукутининг ― олтин.
• Олмосни ифлос жойга ташласанг ҳам олмослигича қолади.
• Олмос олмос билан кесилади, ўғрини ўғри тунайди.
• Тутундан қочиб оловга тутилма.
• Шамолсиз япроқ қимирламайди.
• Фарзандсизлик ― азоб, серфарзандлик ҳам ― азоб.
• Камчиликсиз тўй бўлмайди.
• Асалари чақмасидан асал еёлмайсан.
• Меҳнат қилмай қуённи тутолмайсан.
• Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши.
• Соқол эчкида ҳам бор, мўйлов мушукда ҳам бор.
• Бош омон бўлса, қалпоқ топилади.
• Пақир бўлса қопқоқ ҳам топилади.
• Ўрмонга ўтин олиб бормайдилар.
• Кўршапалак кундузи кўрмаса, Қуёш айбдор эмас.
• Одам тарбия қилса ҳам бўри бўрилигичга қолади.
• Қарға қарғанинг кўзини ўймайди.
• Кесилган нонни қайта ёпиштириб бўлмаганидек, айтилган сўзни ҳам ортга қайтариб бўлмайди.
• Чўпон кўп бўлса қўй ҳаром ўлади.
• Эгри ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Бир тугунга икки тарвуз сиғмайди.
• Ёмонга кеча ҳам кундуз ҳам қоронғи.
• Битта кичкина бузоқ бутун подани ёмон отлиқ қилиши мумкин.
• Яхшиликка яхшиликни ҳамма қайтаради, ёмонликка яхшилик эса ― марднинг иши.
• Ғозни кутиб ўрдакдан қолма.
• Икки бекалик уй ифлосдир.
• Болали уй ― бозор, боласиз уй ― мозор.
• Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
• Агар Худо буқага қанот берганида, у ҳамма уйни вайрон қиларди.
• Агар мушукнинг қаноти бўлганида ҳамма чумчуқни тутиб ерди.
• Оч айиқ ўйнамайди.
• Икки дорбоз бир арқонда ўйнамайди.
• Икки қўчқорнинг калласини бир товоққа жойлолмайсан.
• Кўр товуққа курмак ҳам ― буғдой.
• Агар косов узун бўлса, қўлингни куйдирмайсан.
• Сенга касаллик етса, молингни ҳам ўғирлашади.
• Қандай овқат бўлса товоқ ҳам шундай, одам қандай бўлса кийими ҳам шундай.
• Отни тақаланса, қурбақа ҳам қўлини тортаркан.
• Одамнинг иши юришса, тупроғи ҳам олтинга айланади.
• От тўрт оёқда бўлсаям қоқинади.
• Мушукка ― эрмак, сичқонга ― ўлим.
• Сичқон ўз инига зўрға сиғади-ю, думига саватча осиб олибди.
• Нодоннинг қўлидан сув ҳам ичма.
• Кўтаролмаган нарсаннгни кўтаришга уринма.
• Бошқаларнинг қўшиғини айтма.
• Йиқилаётган қоқинишга улгурмайди.
• Қолган ишга қор ёғади.
• Йиғламаган болани эмизмайдилар.
• Бағдоддан яхши шаҳар йўқ, онадан яхши дўст йўқ.
• Омадсизга шамол ҳам тўғридан уради.
• Ун ҳам эмас, хамир ҳам эмас.
• Ип ҳам ингичка жойида узилади.
• Иплар бирлашса арқон бўлади.
• Подадан айрилган қўй бўрига ем бўлади.
• Оловни этак билан ўчириб бўлмайди.
• Кимдир ёшлигида бахтли бўлади, кимдир қариликда бахтга эришади.
• Биринчи кун ― “меҳмон”, иккинчи кун ― “меҳмон”, учинчи кун ― кет энди, мунофиқ.
• Бир зарба билан дарахтни қулатолмайсан.
• Бир қўлда икки тарвузни кўтаролмайсан.
• Арғумоқдан той туғилади, телбадан ― телба.
• Битта бешикдан ола от ҳам, малла от ҳам яралади.
• Ёлғиз отдан чанг чиқмайди.
• Қалб омон бўлса, умид қилса бўлади.
• Дангасага иш буюрсанг, сенга қандай бажаришни ўргатади.
• Тўйдан кейинги қўшиқ ортиқча.
• Четига қараб мато танла, онасини кўриб, қизини ол.
• Ҳақиқат доим аччиқ.
• Сут билан кирган одат, жон билан чиқади.
• Сотилган сигирнинг сути мўл.
• Ўтган ишни кўз ёш билан қайтаролмайсан.
• Жароҳат яраси битади, тил яраси битмайди.
• Фарзандни болаликдан тарбияла.
• Шохли ҳўкизга эгар ярашмайди.
• Бир қўйдан икки тери ололмайсан.
• Ўзи тўқ, кўзи ― оч.
• Дарахт ― аччиқ, меваси ― ширин.
• Тўй базмига жанжал ёнма-ён.
• Тўйдан олдин рақсга тушма.
• Ўзингнинг қора нонинг бировнинг патиридан афзал.
• Ўзингнинг аталанг бошқанинг бўтқасидан афзал.
• Онанинг кўнгли ― болада, боланинг кўнгли ― кўчада.
• Айтилган сўз ― отилган ўқ.
• Қанча сузган билан қўчқор тоғни йиқитолмайди.
• Сув билан қанча аралаштирма, ёғни кўпчитолмайсан.
• Ҳўкиз ўлса ― суяги қолади, одам ўлса ― ишлари.
• Бошқаларнинг айбини яшир, ўзингникини томоша қил.
• Сўзнинг қаноти йўқ, лекин бутун дунёни айланиб чиқади.
• Эшакнинг ўлими ― итнинг базми.
• Ит ҳурар ― шамол эсар.
• Ит ҳурар ― бўри изғир.
• Сув думигача етса ит ҳам сузади.
• Қўшнининг товуғи куркага ўхшайди.
• Қари бўри итларга масхара бўлади.
• Шошилган оёқ қоқилади.
• Отни ўғирлашгандан сўнг, отхона қулфланадиган бўлди.
• Уйда ўтирган қария ҳеч нарсани билмайди, саёҳат қилган ёш ҳамма нарсани билади.
• Қийшиқ отилса ҳам нишонга тўғри тегади.
• Тинч ҳаракатланган узоққа етади.
• Сен ҳали ёш ва тажрибасизсан.
• Илоннинг бошини кўрмайсан.
• Кимнинг моли бўлмаса, ҳеч нарсадан қўрқмайди.
• Ёлғончининг уйи куйди, ҳеч ким ишонмади.
• Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилдим.
• Ақл ёшда эмас, бошда.
• Ақллига ― ишора, нодонга ― таёқ.
• Ажали етаётган илонга тутилади.
• Кўл қанча чуқур бўлса, балиқ шунча кўп бўлади.
• Ўрмонда нима деб бақирсанг, шуни эшитасан.
• Ўрмонда ётгани унга маълум, бурнининг тагидаги номаълум.
• Катта уйга нима керак бўлса, кичик уйга ҳам шу керак.
• Тепага тупурсанг, бошингга тушади.
• Нима эксанг, ўшани ўрасан.
• Ёшликда ўрганганинг тошга ўйилган кабидир, қариликдан ўрганганинг музга ёзилган кабидир.
• Ўзганинг қалби ― тубсиз денгиз.
• Ўзганинг ғами ― тушликдан сўнг.
• Ўзганинг байрамида чумчуқдексан, ўзингникида айиқ кабисан.
• Бошқанинг маслаҳатини эшит, ўз ақлинг билан яша.
• Тил суяксиз: айтади-да, тезда ортга қайтади.
• Тил қиличдан ўткир.
• Тухум товуққа ўргатмайди.
• “Асал, асал” деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Агар тоғ сенга келмаса, сен тоққа бор.
• Овқатга тўймаган товоқни ялаб ҳам тўймайди.
• Ер эгасиз бўлса, у ерда тўнғиз ҳоким.
• Олтин ифлос жойга тушса ҳам мис бўлиб қолмайди.
• Новдалигида эгиб олмасанг, дарахтга айланса эголмайсан.
• Аччиқ бўлсанг, туздек бўл, Ширин бўлсанг ― асалдек.
• Осилсанг, баланд дарахтга осил.
• Эрсиз хотин ― югансиз от.
• Ҳайвон ўлса ― қарға хурсанд.
• Соғлик ― бойлик.
• Ғалла курмаксиз бўлмайди.
• Битта туя ҳам ― ҳадя, битта тугма ҳам.
• Айиқ боласини “оппоғим” деркан, типратикан “юмшоғим” деркан.
• Игна кичик бўлса ҳам оғритади.
• Игнадан туя ясаса бўлади.
• Битта сочдан арқон ясаб бўлмайди.
• Битта буғдойдан бўтқа қилолмайсан.
• Битта томчидан денгиз юзага келмайди.
• Беш панжадан қайси бирини тишлама ― ҳаммаси баравар оғрийди.
• Таёқдан қутулиб, тўқмоққа тутилма.
• Ҳар экин ўз вақтида кўкаради.
• Ҳар гул ўз бўстонида яйраб ўсади.
• Ўзга юртда яхши яшасанг ҳам ўз юртингни қўмсайсан.
• Чўпон қандай бўлса, сурув ҳам шундай.
• Дарахт қандай бўлса, меваси ҳам шундай.
• Челак қандай бўлса, қопқоғи ҳам шундай.
• Тош ўз жойида оғир бўлади.
• Ёнғин тугагандан сўнг сув керак эмас.
• Овқат бор бўлса, қошиқ ҳам топилади.
• Чўпон кўп бўлса, қўйни бўри еб кетади.
• Бузоқни боққаннинг оғзи-бурни мой бўлади, етимни боққаннинг оғзи-бурни қон бўлади.
• Кўп югурган кўп чарчайди.
• Ким бошласа, ўша бошлиқ бўлади.
• Аччиқни билмаган ширинни ҳис қилолмайди.
• Озни сақлолмаган кўпни ҳам асролмайди.
• Қора бўлиб туғилганни совун билан оқартириб бўлмайди.
• Ўзи йиқилган йиғламайди.
• Ўзи йиқилган тўламайди.
• Шошилган шўрвадан куяди.
• Шошилган ― ўзини ейди, шошилмаганнинг иши битади.
• Олд ғилдирак қаерга юрса, орқаси ҳам шу ерга юради.
• Ёшлик икки марта берилмайди.
• Бир тийинлик ичиб, уч тийинлик маст бўласан.
• Ўз жойида тутун ҳам ширин.
• Ҳаракат қилмай Худодан умид қилган ҳеч нарсасиз қолади.
• Ит деб атардим-у ― думинг йўқ, ҳўкиз деб атардим-у ― шохинг йўқ.
• Ишнинг бошланиши ― қимматли.
• Ташқарида жой бўлганда ичкарига қарама.
• Нодон айтар: — ғолиб чиқдим,  доно айтар: — йўл бердим.
• Ватанга қайтиш беҳаёлик эмас.
• Кишининг боши уч сабаб билан оғрийди: кўп ухласа, ёки жуда кам ухласа; шунингдек агар кўп шароб ичса.
• Олмосни олмос кесар, ўғрини ўғри тутар.
• Ғалвирда сув турмас.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Татарлар —  Татаристоннинг асосий аҳолиси (2 млн. киши, 2002). РФнинг Бошқирдистон (990,7 минг киши), Мари Республикаси, Мордовия, Удмуртистон (109, 2 минг киши), Чувашистон Республикалари, Нижний Новгород, Киров, Пенза, Оренбург (165,9 минг киши), Пермь (136,5 минг киши), Самара (127,9 минг киши), Ульяновск (168,7 минг киши), Свердловск (168,1 минг киши), Тюмень (242,3 минг киши), Челябинск (205 минг киши) вилоятларида, Москва шаҳрида (166 минг киши), Жанубий (173,5 минг киши), Сибир (252,5 минг киши) федерал округида ҳам яшайди. Шунингдек, туркий тилда сўзлашувчи Сибирь (сибирь татарлари), Қрим (қрим татарлари) ва бошқа қавмларни ҳам татарлар деб аташади. Умумий сони — 6,8 млн. киши. РФдаги умумий сони (қрим татарларидан ташқари) 5,554 млн. киши (2002). Шунингдек татарлар Қозоғистонда (248,9 минг киши, 1999), Ўзбекистонда (467,8 минг киши) яшайдилар. Татар тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар.