Озарбайжон мақоллари (180 та)

• Эрсиз хотин югансиз от кабидир.
• Хўрозсиз тонг отмайди.
• Оқ деворни хоҳлаган рангингга бўяйсан.
• Худо сенга туйнукдан ҳеч нарса ташламайди. Ўзинг ишлаб топ.
• Бойқушнинг кўзига боласи товусдан гўзал кўринади.
• Яхши кунда ― ҳамма яхши, ёмон кунда ― биродарингни эслаб қоласан.
• Бировнинг қозонида ош қилолмайсан.
• Бўри чўпонга ярамайди.
• Бўри менга тегмаяптими ― минг йил яшасин!
• Ўғри қутулиб қолди, гувоҳ қамоқда қолди.
• Ҳамма фалокат ― тилдан.
• Пода кетиб бўлди-ю, у бузоқни қидиряпти.
• Отилган ўқни қайтариб бўлмайди.
• Юкни туя ташийди, кўппак эса озади.
• Мих тақани асрайди, тақа ― отни, от ― мардни, мард ― Ватанни.
• Мушуклар йўқ бўлса, сичқонлар байрам қилади.
• Семиз озиса, озғиннинг руҳи учади.
• Асосийси ишни бошла, у ўз-ўзидан ниҳоя топади.
• Оч ҳаммани оч деб ўйлайди.
• Душманинг заиф бўлса ҳам хушёр тур.
• Берувчи қўл олувчи қўлдан афзал.
• Болалар учун ота ҳаммадан кучли.
• Қўнғизга унинг боласи ― энг гўзал мавжудот.
• Чумолига шудринг ― сув тошқини.
• Сичқонга мушук ― шер.
• Яхши отни эски эгардан ҳам биладилар.
• Уйдаги ўғрини тутолмайсан.
• Қизга танбеҳ ― келинга ишора.
• Жинни ҳаммани телба деб ўйлайди.
• Агар гўзаллик ўн қисм бўлса, ундан тўққиз қисми ― кийимда.
• Ишинг орқага кетса, ҳолва еб ҳам тишингни синдирасан.
• Бўрига ачинсанг қўйдан айриласан.
• Семиз молни терисидан билиб оласан.
• Уйланишга чоғландингми ― кўзингга эмас, қулоғингга ишон.
• Қийшиқ қувурдан ҳам тутун тўғри кираверади.
• Кичкина қамиш ҳам бошни ёриши мумкин.
• Бинонинг қандайлиги харобасидан ҳам маълум.
• Мингта хола бир она бўлолмас.
• Бўридан чўпон чиқмайди.
• Битта бургани деб кўрпани ёқмайдилар.
• Аёл киши ўз хонадонида ҳам бека, ҳам хизматкор.
• Ҳар майса ўз илдизидан ўсади.
• Ҳаммага ўз маскани ширин.
• Тоғ қанчалик баланд бўлмасин, унинг устидан йўл ўтади.
• Туя қанчалик катта бўлмасин, эшакнинг жиловидан тутади.
• Турмушга чиқиш ― катта қиздан, пол артиш ― кичкинасидан.
• Эшакка эгар солганинг билан, от бўлолмайди.
• Қозон қандай бўлса, ош ҳам шундай бўлади.
• Таши қандай бўлса, ичи ҳам шундай.
• Аждоди қандай бўлса, авлоди ҳам шундай.
• Қайси бармоғинги кесиб олсанг ҳам ― оғриғи бир хил.
• Қиморбоз ҳеч қачон вақтида тўхтатмайди.
• Бўтқани ёғ билан бузолмайсан.
• Отдан от туғилади, эшакдан ― эшак.
• Чўпон кўп бўлса, қўйни бўри еб кетади.
• Ишинг юришмаса, ўз итинг ҳам қопади.
• Илоннинг боши оғриса, йўл ўртасида ётиб олади.
• Гапнинг охири бошидан маълум.
• Сигир сув ичса сут бўлади, илон ичса ― заҳар.
• Эгри чизғич билан тўғри чизиқ чизолмайсан.
• Ким ёшлигида алдаса, катта бўлганда ҳам ишонмайдилар.
• Ким бойласа, ўша ечади.
• Камчиликсиз қайлиқ қидирган йигит хотинсиз қолади.
• Қийинчилик кўрмаган яхши ҳаёт кечиролмайди.
• Зилзиладан омон қолганга ёнғин қўрқинчли эмас.
• Шамолга тупурсанг, бетингга ёпишади.
• Атиргул терган тикандан қўрқмайди.
• Ким онасини ҳурмат қилса, бошқани сўкмайди.
• Ким бировнинг отига минса, алалоқибат пиёда қолади.
• Икки кемага чирмашган чўкиб кетади.
• Тулки қаерда бўлса, думи ҳам ўша ерда.
• Шер ― урғочи ёки нар бўлмасин ― барибир шер.
• Тулкига хўрознинг қанча туриши қизиқ эмас.
• Бекор юргандан душманга тош ташиб бермоқ афзал.
• Бировнинг ошидан ўзингнинг қаттиқ нонинг афзал.
• Икки марта эшитгандан бир марта кўрган афзал.
• Ўзга юртдаги атиргулдан, Ватандаги тикан афзал.
• Айиқ боласини оппоғим дейди, типратикан юмшоғим дейди.
• Менинг отам айёр ― хамирнинг ҳар бўлагини санайди, онам ундан ҳам айёр ― ҳар бўлакни бўлакчаларга бўлади.
• Ёш ― бақувват, қари ― ақлли.
• Денгиздан қанча олсанг ҳам камаймайди.
• Олма шохида олча ўсмайди.
• Беозор эшакка икки киши минади.
• Қарилар билан оила мустаҳкам туради.
• Ишнинг бошланиши ― ярим тугаши.
• Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон.
• Қулоққа ишонма, кўзга ишон.
• Ҳамма оқ нарса қор эмас.
• Вовиллаган ҳар нарса ― ит эмас, гапираётган ҳар нарса ― одам эмас.
• Ҳамма тухумдан ҳам жўжа чиқмайди.
• Қўшнингга ишонма ― шамсиз қоласан.
• Меҳмонга айтилсанг рад этма, таклиф этилмаган жойга бурун суқма.
• Меҳнат қилмасанг ― роҳатланмайсан.
• Баданига қарама, кийимига қара, қалбига қара.
• Ким ёзганига эмас, нима ёзганига қара.
• Чироқ кўринган жойга эмас, ит ҳуриган жойга бор.
• Бажариб бўлмайдиган иш йўқ.
• Чақирилган меҳмон бурчакда ўтирмайди.
• Бахтсизлик жуфт келади.
• Кеч тушмаган кун йўқ.
• Омадсиз овга борса тоққа туман тушади.
• Хунуклик ва камбағалликни қофия билан ҳам, кийим билан ҳам, тўсиб бўлмайди.
• Ҳеч ким ўз камчилигини кўрмайди.
• Ҳозирги чумчуқ ўтган йилгига чирқиллашни ўргатади.
• Кўзлар севгини сўзлаб беради.
• Мўл-кўл арпа отни ҳам ўлдиради.
• Деҳқонга қовун сотилмайди.
• Битта лайлак билан баҳор келиб қолмайди.
• Битта чироқ қирқ кишини ёритади.
• Битта гул билан баҳор келиб қолмайди.
• Битта асалари бир уя пашшадан афзал.
• Баъзилар ейиш учун яшайди, баъзилар яшаш учун ейдилар.
• Бир зарб билан дарахтни қулатолмайсан.
• Бир қўл билан қарсак чалолмайсан.
• Бир ўқ билан икки қушни уролмайсан.
• Бургут пашша тутмайди.
• Эшак от бўлолмайди, жигар ― гўшт.
• Буқа ҳазил қилса кўзсиз қоласан.
• Ота болага боғни берди, бола отага бир бош узумини миннат қилди.
• Отанг ― пиёз, онанг саримсоқ бўлса, сен қандай атиргул бўлақолдинг?
• Подадан қолган қўй, бўрига ем бўлади.
• Туяданам каттаси бор ― фил.
• Жайрон қувиган ўтлоққа боради, чўчқа қувиган балчиққа.
• Эшакка эгар топгунимча, уни бўри еб кетди.
• Темир ишлаб турса, зангламайди.
• Илонни думига тегмасанг, сени чақмайди.
• Олиш осон, бериш қийин.
• Эшакнинг эгари ўзидан катта.
• Чўчқача хурхурлашни чўчқадан ўрганади.
• Ўт ва ўтин дўстлашолмайди.
• Чевар жулдур кийимга ялчимайди.
• Ишни дангасага топширсанг, сенга ақл ўргатади.
• Бўрига қўйларни боқишни топширишибди.
• “Йўқ”ни эксанг, “ҳеч нарса” ўрасан.
• Ҳаққоний сўз доим аччиқ.
• Ростгўй ҳаммани рўстгўй деб ўйлайди, ёлғончига ҳамма ёлғончи.
• Кийими ҳўл ёмғирдан қўрқмайди.
• Бировнинг қўлидаги яра, девордаги тешикка ўхшайди.
• Қилич яраси битар, тил яраси битмайди.
• Ота-оналар болаларда давом этади.
• Яқининг келмай қўйса, бегонага айланади, бегона келавериб, қариндошга айланади.
• Қўл қўлни ювади, икки қўл ― юзни.
• Қўл ишлайди, бош топшириқ беради.
• Мақол билан баҳслашолмайсан.
• Эгри ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Эшакка боласи азиз.
• Ит туяга қанча ҳуримасин, у эшитмайди.
• “Ҳолва-ҳолва” деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Қанча тилни билсанг, шунча одамни танийсан.
• Ширин гап билан илон инидан чиқади.
• Фил эшак бўлолмайди.
• Таши ― қаср, ичи ― катак.
• Тишлайдиган ит тишини кўрсатмайди.
• Ғийбатчи ― доим ёлғончи, ёлғончи ― доим ғийбатчи.
• Сўраб тоғ ошасан, сўрамай тўғри йўлда ҳам адашасан.
• Қари тулки қопқонга тутилмайди.
• Ҳақиқий сўз ― ўз вақтида айтилсан сўздир.
• Шўх сигирнинг бузоғи ҳам тўполончи.
• Ёлғончининг уйи куйса, ҳеч ким ишонмайди.
• Таёқнинг икки томони бор.
• Йўқолган болтанинг сопи олтиндан.
• Сени ҳурматлашларини хоҳласанг, бошқаларга ҳурматда бўл.
• Онасини билиб, қизини ол, ипини кўриб матони ол.
• Йиртқич қушни тумшуғидан биладилар.
• Одам ўз кучини билмайди.
• Том қанча катта бўлса, шунча кўп қор тушади.
• Чўпоннинг кичиги бўлгунча, чўчқабоқарнинг каттаси бўл.
• Ёмон хабар тез тарқалади.
• Ёлғон билан сотилган мол даромад келтирмайди.
• Экканингни ўрасан.
• Оқиб кетган қайтиб келмайди.
• Бегона хотин қиздек кўринади.
• Бегонага тегма, ўзингникидан қолма.
• Тил қиличдан ўткир.
• Яхши тарбия — яхши мерос.
• Жоҳилга бошлиқ бўлгандан, донога хизматкор бўлган яхши.
• Инсоннинг ақлига, дарахтнинг ёшига қараб ҳурматлайдилар.
• Яхши дўст — она, яхши мамлакат — Ватан.
• Душманнинг нонидан, дўстнинг шапалоғи яхши.
• Бошқаларга ёрдам берсанг, кулфат сени четлаб ўтади.

Давронбек Тожиалиев таржимаcи.

Озарбайжонлар (ўзларини — озарбайжонлилар, озарилар деб аташади) — Кавказортидаги халқ, Озарбайжоннинг асосий аҳолиси (7,205 млн. киши, 1999). Шунингдек, Эроннинг шимоли-ғарбида (16,564 млн. киши), Россия Федерацияси (621,8 минг киши, 2002), Грузия (267,5 минг киши, 2004), Қозоғистон (90 минг киши), Арманистон ва б. мамлакатларда ҳам яшайди. Умумий сони 24 млн. киши. Озарбайжон тилица сўзлашади. Диндорлари — асосан, шиа мусулмонлар. Озарбайжонлар катта европеоид ирқининг жанубий ирқига мансуб.