Латиш мақоллари (58 та)

• Пул гапирган жойда ҳақиқат жим туради.
• Қанча қуйи эгилсанг, шунча кўп калтак ейсан.
• Қора иш — оқ нон.
• Аҳмоқ билан кулишгандан оқил билан сўкишган афзал.
• Қизил олманинг ичида қурт борлигини ҳам унутма.
• Гуноҳлардан илондан қочгандек қоч — улар сенга яқинлашса, чақиб олади.
• Ёшлик гуноҳлари қарилик юзини бужмайтиради.
• Оғизга тушган ҳар луқмада белнинг оғриғи бор.
• Хўжайин ухлайди — ўрмон ўсаверади.
• Ит гўштни қўриқлолмайди.
• Камбағалнинг боласи кўп, бойнинг — чорваси.
• Бўри чўпондан рухсат сўраб ўтирмайди.
• Пули кўпнинг гапи тўғри.
• Тилла калит билан ҳамма дарвозалар ланг очилади.
• Олма йўқ бўлса, сабзини ҳам еяверамиз.
• Очликда қўнғиз ҳам — гўшт.
• Пулни кўрса алвасти ҳам ўйинга тушиб беради.
• Пул сасимайди.
• Чўнтак бўш бўлса, демак, ақл пухта эмас.
• Бўш чўнтак билан кўп нарсага эришиш қийин.
• Бир ишни қилаётганингда иккинчиси ақлингда турсин.
• Кучинг етганича ишла, қанча берсалар, шунча е.
• Қамчининг қанча кучли урсанг, шунча тез югуради.
• Иш қуён эмас, сакраб қочиб кетолмайсан.
• Яхши иш учун яхши қамчи керак.
• Эгилган синмайди.
• Кичик тойни ҳамма мингиси келади.
• Қанча оғир иш қилсанг, шунча осон ўласан.
• Ювош тўнғиз чуқур ўра қазийди.
• Ақлли бошнинг киссаси тўла.
• Аҳмоққа фақат аҳмоқлар ҳақ беради.
• Арпа чўқиётган пайт кўр товуқ ҳам бахтиёр.
• Меросни бўлишга келганда ака — укага душман.
• Мусибатлар отда келиб, эшакда кетади.
• Гуноҳ қилмасдан тақводор бўлиб бўлмайди.
• Ҳўкизни шохидан ушла, йигитнинг — сўзидан.
• Лой пойафзални кир қилади, гуноҳлар — қалбни.
• Ҳатто бўри ҳам ҳар куни гўшт еёлмайди.
• Гуноҳ қилиб, уни айтиш — уят.
• Учқур отга ниқташ шарт эмас.
• Юристлар икки хил бўлади: бири қонунни билади, иккинчиси судяни яхши танийди.
• Ҳаётни севган қўрқув ҳақида ўйламайди.
• Тинчлик нон беради, жанжал — ғам.
• Кўп калла — кўп ақл.
• Эркак ваъда беради, эркак бажаради.
• Кемага лангар қанчалик керак бўлса, эркакка ҳам аёл шунчалик зарур.
• Отинг бўлмаса пиёда юр — император қонуни.
• Унутилмаган гуноҳ — кечирилмаган гуноҳ.
• Иш бажариб бўлингандан сўнг маслаҳат ортиқча.
• Кўп эшитиб, кам гапир.
• Бир болани тарбиялагандан бутун бошли ўрмон ўстирган осонроқ.
• Икки қулоғинг билан эшитиб, икки кўзинг билан яхшилаб қара.
• Гуноҳларингни болаларинг эслаб юришмасин.
• Қўрқоқ ўз соясидан ҳам қочади.
• Ҳар гуноҳнинг оқибати бор.
• Гуноҳи кўпнинг ёстиғи қаттиқ бўлади.
• Темирчининг қўли қора — нони оқ.
• Яхши маслаҳат кутилмаганда келади.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Латишлар (ўзларини латвиеши деб атайдилар) — Латвия Республикасининг асосий аҳолиси (1,3 миллион киши, 2011) бўлган халқ. АҚШда (100 минг киши, 2012), шунингдек, Ирландия, Буюк Британия, Литва, Эстония, Белоруссия, Россия, Канада, Швеция ва Австралияда ҳам яшайдилар. Умумий сони 2 миллион киши (2012). Латиш тилида сўзлашадилар. Диндорлари, асосан, христиан протестантлар, Латгалияда эса христиан католиклар.