Лак мақоллари (98 та)

• Ҳар куни битта бўлса-да яхши сўз эшитиш лозим. Акс ҳолда қулоқ эшакники каби ўсиб қолади.
• Шер бировдан қолганини емайди.
• Дунёнинг тўрт тарафи бор. Учтаси ёпиқ бўлса, биттаси доим очиқ туради.
• Душманнинг бошоғи ҳам найзадек санчилади.
• Агар икки киши бирлашса қояни ҳам ағдаради.
• Агар уч марта мақтасанг, эшакнинг ахлати ҳам сакраб юборади.
• Она ― уйнинг таянчи.
• Балодан қўрқ, офат келса мард бўл.
• Олам ― шамол тегирмони, чарчамасдан айланаверади.
• Қундузнинг боласи сузишни билмайдиган бўлмайди.
• Чопон ва қийиқ кийган ҳар эркак қаҳрамон бўлавермайди.
• Хипчин билан савалашдан олдин отга қара.
• Одамнинг қандайлигини билгунча бир пуд туз еб, дарё сувини ичиб юборасан.
• Қошиқ билан денгизни тўлатолмайсан.
• Ватанинг ― она, ўзга юрт ― ўгай.
• Қоя қуласа бир устун чанг кўтарилади.
• Ҳакка ўзини бургут деб ўйлайди, бўтқа ― ош деб.
• Манманлик қадр-қимматни ўлдиради.
• Бахтни қилич билан синдириб бўлмайди, кучни ― танбеҳ билан.
• Чин дилдан ачингангина аччиқ сўз айтади.
• Ёлғончининг бир оёғи оловли, яна бири ― мумли.
• Ҳаддан ташқари соғлик ― касаллик.
• Бойисанг ― ўзингдан кетма, камбағаллашсанг ― куйинма.
• Касаллик катта сават билан кириб, игнадек тешикдан чиқиб кетади.
• Оғриқни ҳис қилган ― касал.
• Тез оқар дарё денгизгача боролмайди.
• Сичқонни отган овчи шерни отолмайди.
• Ўзинг ичган булоққа тош ташлама.
• Қўлида чироқ ушлаб олов қидиради.
• Мушук йўқ жойда сичқонларга байрам.
• Кўз билан кўрган қулоқ билан эшитгандан афзал.
• Моли ўғирланган ҳаммадан гумон қилади.
• Қарға чўмилса ҳам оқариб қолмайди.
• Душман кулишга мажбур қилади, дўст ― йиғлашга.
• Душман оёққа қарайди, дўст ― кўзга.
• Сутни соғиш осон, уни қайтариб қуйиб кўр-чи?
• Бирга қарши икки киши ― қўшин.
• Ўрмондан узоқ дарахт ўрмон томонга эгилади.
• Яхши сўз пўлатни кесади.
• Буқадек ўсибди-ю, бузоқдек ақли йўқ.
• Агар гапираётган аҳмоқ бўлса, эшитувчи ақлли бўлмоғи керак.
• Агар кўп есанг, асал ҳам аччиққа ўхшайди.
• Агар илоннинг бошини мажақламасанг, думидан тутишдан наф йўқ.
• Ўзингникилар сени ҳурмат қилмаса, бошқалардан ҳурмат кутма.
• Қалб хоҳиши ― баданга малҳам.
• От бўлганда отхона йўқ, отхона бўлганда ― от.
• Бўш дастурхонга дуо ўқилмайди.
• Қийинчилик ортидан енгиллик келади.
• Тилла танга доим кичик.
• Битта ёғочдан кўмиш учун курак ҳам ясайдилар, асал учун қошиқ ҳам.
• Отхонага қанча от кирган бўлса, шунча от ундан чиқади.
• Ҳар бир қуш ўз уясини севади.
• Дарёга ташланган тош унга оёқ қўйиш учун керак бўлиб қолади.
• Ўлим келиб қолганда чумолининг ҳам қаноти ўсади.
• Оз билан келишолмаган кўп билан ҳам келишолмайди.
• Мушукнинг тўйи ― сичқонга кулги.
• Мушукка тўй ― сичқонга ўлим.
• Севимли гўзалми, гўзал севимлими?
• Гапга чечан отда, от эгаси пиёда.
• Сабабсиз уришган келишувсиз ярашади.
• Кўп кўрган кўп билади.
• Ўзини мақтаган ― аҳмоқ, ўз боласини мақтаган ― тоза аҳмоқ.
• Она қандай бўлса, қизи ҳам шундай.
• Қалдирғоч кунни бошлайди, булбул якунлайди.
• Муз юпқа жойидан ёрилади, тери ― чириган жойидан.
• Япроқ тўкилади, дарахт яшайди.
• Бўри билан эчки дўст бўлолмайди.
• Дайди ит ичгани билан денгизнинг суви ифлос бўлиб қолмайди.
• Агар таклиф қилишганида олмасанг, сўнг сўрашга тўғри келади.
• Ҳамма мўйловдор ҳам эркак эмас; мўйлов мушукда ҳам бор, соқол такада ҳам бор.
• Узумни е ― боғини сўрама.
• Ёмонни кўрмай яхшига баҳо беролмайсан.
• Кеманинг ичида сузма, кема сарбони билан тортишма.
• Ҳеч ким ўлмаслик сувини ичган эмас.
• Кўкка ўрлаган ёнғин тез сўнади.
• Хонликни бир киши бошқаролмайди.
• Катта бойликдан кўра дононинг биргина сўзи қадрли.
• Эшак чанг кўп жойда ўтлайди.
• Қуруқ сўз билан ўт кўкариб қолмайди.
• Ёмон кун яхшилик билан якун топади, аммо ёмон одамни тўғрилаб бўлмайди.
• Онасини кўриб қизини ол, бияни кўриб ― тойчоқни.
• Яхши сўз ярани даволайди.
• Овулингнинг қадрига ўзга юртда етасан.
• Асал ҳақида гапирган оғиз ширин бўлиб қолмайди.
• Фақатгина уйда ёнаётган чироқ ёруғлик беради.
• Меҳрсиз оила ― илдизсиз дарахт.
• Булоқда ўтириб сув ичмасдан бўлмайди.
• Айтилган сўз ― оқ кумуш, сукут ― қизил олтин.
• Сўз кўчада қолади, мулк ― уйда.
• Қўшнининг товуғи ғоздек кўринади.
• Қариб қолган бўри чигиртка ейди.
• Тиғ билан эришолмаганингга яхши сўз билан эриш.
• Ёлғоннинг оёғи узун.
• Қўрқувда уят бўлмайди, кучда ― ҳақиқат.
• Иш битса ― хўжайин туфайли, битмаса хизматкор айбдор.
• Саримсоқ Маккага бориб келса ҳам ширин бўлиб қолмайди.
• Дарёнинг қанчалик чуқурлигини билиш учун унга тош отадилар.
• Бегона қўл билан чаёнўтни юлиш осон.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Лаклар — Россия Федерациясида яшовчи халқ (156 минг киши, 2002), Доғистоннинг туб халқларидан бири (138 минг киши). Кавказ тил оиласининг доғистон гуруҳига кирувчи лак тилида сўзлашади. Лак тилининг кумух, вицхин, шаднин, вихлин, аракул, барткип, аштикулин шевалари мавжуд. Диндорлари — мусулмон-суннийлар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!