Испан мақоллари (73 та)

• Ҳаёт уч сўздан иборат: туғилиш, тўй, ўлим.
• Икки кунлик бахтга юз кунда эришилади.
• Ит билан ётган бурга билан уйғонади.
• Қабрдан қўрққан ярим куч билан яшайди.
• Қўшнингникига меҳмонга чиқ, лекин ҳар ҳафта эмас.
• Омадни сахарлардан қидиринг.
• Қашшоқ бўлсанг ҳам, кардинал бўлсанг ҳам сўнгги манзил битта.
• Жиннилар ва болалар дунёдаги энг ҳақсўз одамлардир.
• Камчиликсиз ҳаёт ширин бўлмайди.
• Икки марта «оласан»дан, бир марта «ол» афзал.
• Севги касаллик кабидир, қанча қариса, шунча кучаяди.
• Уйни қуриб битказишим билан қабр эшиги очилди.
• Бугунги чарчоқ — эртанги роҳат.
• Худодан сўра, ўзинг ҳам бекор ётма.
• Гап хиёнат ҳақида кетганда деворлар ҳам эшитади.
• Бой ва гўзал бева бир кўзи билан йиғлаб, иккинчиси билан имо қилади.
• Кузда келган касаллик ё узоқ кечади, ё охиргиси бўлади.
• Катта севги кўп нарсани кечиради.
• Катта балиқ катта сувда яшайди.
• Бия бўлсайди, бўталоқ туғиб берарди.
• Ўйинчининг уйида ҳамма раққос бўлиши керак.
• Ўз уйида ҳамма қирол.
• Севишганлар атрофдагиларни кўр деб ўйлайдилар.
• Сочи узун-у, мияси товуқники.
• Давони Худо беради, пулини табиб олади.
• Сув чуқур жойда сокин бўлади.
• Отбоқарнинг кўзи от учун пичандан афзал.
• Кўз ўзига ишонади, қулоқ — бошқаларнинг сўзига.
• Аҳмоқ балиқ учун илмоқ душман, балиқчи эмас.
• Қозон кастрюлга дермиш: «Қара, кир бўлиб кетибсан».
• Ўйламай гапириш — нишонга олмай отиш.
• Оч бўри бир ерда ўтиролмайди.
• Қулфсиз эшик ҳатто руҳонийни ҳам йўлдан оздиради.
• Ёвуз одам ва каламуш учун қоронғи афзал.
• Парад учун пул керак.
• Қовун хотин кабидир. Яхши бўлганда — энг яхши мева, ачиб қолганда — энг ёмон.
• Душман кўп бўлса уйқу йўқ.
• Хотин ва оловдан куну тун эҳтиёт бўл.
• Испан ё жаҳли чиққанда ё банкрот бўлганда қўшиқ куйлайди.
• Қайси рангга бўяма, чанг тушаверади.
• Ким овоз бермаса, у барига рози.
• Ўлимдан қўрққан одамга асал ҳам аччиқ тотади.
• Юрак талпинган жойга оёқ олиб боради.
• Алдоқчининг ёлғони пешонасидан маълум.
• Тулки кўп нарсани билади, уни тутган овчи эса — ундан кўп нарсани.
• Кичик келишмовчиликлар ҳам дўстликка путур етказади.
• Берганда сукут қил, олганда раҳмат айт.
• Эр ва хотин бир арқонга боғланган.
• Юришни бошлаш — ярим йўлни босиб ўтиш.
• Худо хоҳламаса авлиё ҳам ёрдам беролмайди.
• Теракдан нон сўрама.
• Адашмасдан мақсадга эришиб бўлмайди.
• Битта асалари мингта пашшадан афзал.
• Айтилгандан бажарилгунгача — катта йўл.
• Асаларининг овқати асал бўлади, ўргимчакники — заҳар.
• Аҳмоқ одам узоқдан кулгисидан билинади.
• Яхши кийим билан ташқи айблар беркилади.
• Хотинингни кўрсатсанг сенинг қандай эр эканингни айтиб бераман.
• Тинч сувда Худо мени асрасин, довулда ўзим биламан.
• Қадоқли қўллар сени ҳижолатга қўймайди.
• Сўз дилдан айтилса яхши.
• Итлар тишлаш учун нарса тополмаса, бир-бирини ғажийди.
• Бой савдогар бўлиб, ота-онамни унутдим.
• Ўз кўзгуинг сенга бошқалар айтиб беролмаган айбларингни кўрсатади.
• Табибнинг кўнгли беморнинг чўнтагида.
• Бегона дастурхоннинг таоми мазасиз.
• Яхши дарахт яхши соя беради.
• Игна кичик бўлса-да, оғриғи узоқ кечади.
• Пул йўқлиги — энг катта дард.
• Уч киши билган сирни ҳамма билади.
• Отга ҳам, аёлга ҳам эътибор зарур.
• Бир киши муҳтож бўлган нарсани бошқаси ахлатга ташлайди.
• Фикрлаш — ўзинг билан ўзинг баҳслашиш демакдир.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Испанлар — Испаниянинг асосий аҳолиси (38 млн. киши). Умумий сони 135 млн. кишидан ортади. Европеоид ирқига мансуб. Испан тилида сўзлашади. Диндорлари, асосан, католиклар.