Голланд мақоллари (94 та)

• Бир марта уйланиш — вазифа, иккинчи марта уйланиш — кўнгилхушлик, учинчиси азобдир.
• Ваъдалар мамлакатида инсон очликдан ўлади.
• Олдингда кулиб турганларнинг ҳаммаси ҳам сенга дўст эмас.
• Бақани олтин курси устига қўйсанг ҳам ўз ботқоғига сакрайди.
• Ётоққа бош қўйиш билан муаммолар кийимда қолади.
• Қарз — ҳамма қўрқадиган йиртқич ҳайвон.
• Бир умр эшакка мингандан бир йил отга минган яхшидир.
• Севги уруш кабидир — бошланиши осон, тугаши қийин.
• Ҳақиқий дўстлар юлдузлар кабидир — уларни ҳар доим ҳам кўрмайсан, лекин борликларини билиб турасан.
• Баъзида ёмон китобнинг ҳам номи чиройли бўлиши мумкин.
• Маймун олтин узук таққан бўлса ҳам бадбашаралигича қолаверади.
• Дўзахга олиб борадиган йўл чиройли кўринади.
• Эзгу иш олтиндан қиммат.
• Одамлар балиққа ўхшайди: каттаси кичигини еб битиради.
• Ўлик қаерда бўлса, ўликхўр қушлар ҳам ўша ерда.
• Икки ит бир суяк устида ҳеч қачон келиша олмайди.
• Ёввойи айиқ муомала қилса, фақат ўзига ўхшагани билан муомала қилади.
• Яхши қўшни узоқдаги дўстдан афзал.
• Ишни бошлашдан олдин ўйла, бажариб бўлиб — яна ўйла.
• Агар икки ит суяк талашса, учинчиси уни илиб кетади.
• Уйда мушук йўқ бўлса, сичқонлар рақсга тушади.
• Кўр кўрга йўл бошласа иккиси ҳам чоҳга қулайди.
• Осмондаги ўнта қушдан қўлдаги биттаси афзал.
• Севги пул қоплаб қўйилган уйларда бўлади.
• Қалам қиличдан кучли.
• Эски дўст иккита янги дўстдан афзал.
• Куч — билимда.
• Кийимни кўриб кутиб оладилар, ақлга қараб кузатадилар.
• Эски севги зангламайди.
• Энг яхши ҳимоя — ҳужум.
• Инсон ўқиб-ўқиб ўрганади.
• Олмани нок билан таққослама.
• Улиган ит тишламайди.
• Олма дарахтининг тагига олма тушади.
• Соҳилда ҳамма дарға.
• Кимгадир ўлим — кимгадир нон.
• Тушунадиган одамга яримта сўз кифоя.
• Яримта тухум қуруқ пўчоқдан афзал.
• Шамолни тутиб бўлмайди, лекин шамол тегирмони қуриш мумкин.
• Баланд дарахт шамолда қаттиқроқ силкинади.
• Яхши ном пул туради.
• Булутлар орасидан қуёш балқийди.
• Болалар ўзи хоҳлаган ишни қилсалар — бақирмайдилар.
• Лойда ётганни чўчқалар ўзиники ҳисоблайди.
• Боласиз ўлган — ҳаётда қувонч кўрмабди.
• Қуш инини секинлик билан бўлса-да, қуриб битказади.
• Бўрига раҳм — қўйларга зиён.
• Эркак бош бўлса, аёл — бўйин.
• Биттагина ёмон ҳуштак бутун куйни бузади.
• Никоҳнинг биринчи кечаси кўпинча севгининг сўнгги туни бўлади.
• Шамол ва оқимга қарши сузиш қийин.
• Шошилиш ва беҳуда ҳаракат камдан-кам ҳолатда хайр келтиради.
• Адирнинг у ёғидаги ўт доим яшил.
• Пулсиз одам — ўлик каби.
• Пули бор одамга барча эшиклар очиқ.
• Бевақт қичқирган хўрознинг бошини кесадилар.
• Билмаслик айб эмас, сўрамаслик айб.
• Олов тушган ерини ёндиради.
• Тез ёнган тез сўнади.
• Инсон етти ёшида қандай бўлса, етмишида ҳам шундай қолади.
• Уй олма, қўшни ол.
• Уйдаги ҳисоб бозорга тўғри келмайди.
• Пулнинг юзи иссиқ.
• Пул пулни чақиради.
• Пулинг кетдими деб сўрамайдилар, ишинг битдими деб сўрайдилар.
• Ҳар кўтарилишнинг бир тушиши бор.
• Ёмон улфатлар даврасидан ёлғиз ўтирган афзал.
• Сакрашдан аввал ўлча.
• Тунда барча мушуклар бўзариб кўринади.
• Қачондир юз берган воқеа албатта бир кун қайта рўй беради.
• Биринчи келганга биринчи хизмат кўрсатилади.
• Мени севсанг, итимни ҳам сев.
• Деворнинг ҳам қулоғи бор — ҳар гапни ўйлаб гапир.
• Уйдаги қаттиқ нон ўзга юртдаги барра гўштдан афзал.
• Халқ овози — Ҳақ овози.
• Биров билан дўст бўлишдан олдин у билан туз тотиб кўр.
• Воизлар айтади: айтганимни қил, қилганимни қилма.
• Шоир бўлиб туғилиш мумкин, лекин нотиқлик учун қаттиқ меҳнат қилиш керак.
• Яхши ном — барча хазиналарнинг энг афзали.
• Оловсиз тутун бўлмас.
• Табиб, аввал ўзингни тузат!
• Соғлик бойликдан юқори туради.
• Худойим, дўстларимдан ўзинг сақла, душманларимни ўзим биламан.
• Мардликнинг йўқолгани — ҳар нарсанинг йўқолгани.
• Ярқираган ҳар нарса олтин эмас.
• Кўрлар орасида бир кўзли ҳам — қирол.
• Совға қилинган отнинг тишига қарама.
• Ёлғоннинг оёғи калта.
• Тун кирмасдан кунни мақтама.
• Икки оёғингни бир тешикка тиқма.
• Отилмаган айиқнинг терисини сотма.
• Ёмғирдан сўнг қуёш чиқади.
• Ҳечнимадан ҳечнима бино бўлади.
• Олтин калит жаннатдан бошқа барча дарвозаларни очади.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Голландлар (ўзларини холандерс деб аташади) — Нидерландиянинг асосий аҳолиси (13,1 млн. киши, 2006) бўлган халқ. Улар яна АҚШ (5 млн.кишидан ортиқ), ЖАР (5 млн. кишига яқин), Канада (923 минг киши), Бразилия (850 минг киши), Германия (164 минг киши) ва бошқа жойларда яшайди. Умумий сони — 29 млн. кишига яқин (2006). Нидерланд тилида сўзлашади. Диндорлари асосан протестантлар (кальвинистлар, меннонитлар), католиклар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!