Гагауз мақоллари (115 та)

• Бармоғинг сиғмаган жойга бошингни суқма.
• Дунё бир нарвондир: бири чиқар, бири тушар.
• Борига севинма, йўғига ачинма.
• Эгри ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Мушук йўқ уйда сичқонлар хуррак отармиш.
• Ўлаётган қўй бўридан қўрқмас.
• Шошилган ишга шайтон аралашади.
• Оч айиқ ўйин ўйнамас.
• Оч ёт — тинч тур.
• Очнинг қорни тўйса ҳам кўзи тўймас.
• Оч товуқнинг тушига дон кирармиш.
• Қуртсиз ёғоч бўлмас.
• Оғалик эҳсон-ла бўлур.
• Йиғламаган чақалоққа кўкрак тутмайдилар.
• Уй соҳибининг ишига аралашма.
• Оқажак қон томирда турмас.
• Ақл бозорда сотилмас.
• Ориф душман аҳмоқ дўстдан яхшироқ.
• Ақл ёшда эмас, бошда.
• Эгилган бошни қилич кесмас.
• Онасига боқ, қизини ол.
• Тушунганга пичирлаш соз, тушунмаганга довул-сурнай оз.
• Излаган топармиш, инграган ўлармиш.
• Дўстинг кимлигини айт — сенинг кимлигингни айтаман.
• Севган кўрдир.
• Отдан инди, эшакка минди.
• Оташ тушган ерини ёқар.
• Олов бўлмаган ердан тутун чиқмас.
• Отилган ўқ қайтиб келмас.
• Бошингни совуқда тутсанг ҳам оёғингни иссиқ тут.
• Айиқни сўймасдан терисини сотма.
• Жонивордан қўрққан тоққа чиқмас.
• Қусурсиз дўст қидирган дўстсиз қолар.
• Оз бўлсин — соз бўлсин.
• Отасиз қолган етим эмас, онасиз қолган — етим.
• Бол-бол деган билан оғиз тотли бўлмас.
• Бол тутган бармоғини ялар.
• Менга тегмаган илон минг йил яшасин.
• Қарға асрасанг кўзингни чўқийди.
• Беш бармоқ бир эмас.
• Пичоқ сопини кесмас.
• Пичоқ яраси унутилар, тил яраси унутилмас.
• Бир чечак-ла ёз келмас.
• Икки товушқонни бирданига тутиб бўлмайди.
• Бир қўйдан икки тери чиқмайди.
• Бир қичима қўй бутун подани булғайди.
• Бизга келган бизга ўхшар.
• Йўл юриш билан, қарз тўлаш билан битар.
• Бекор ўтиргандан бекорга ишла.
• Қуруқ сўз билан тўрва тўлмас.
• Балиқ лойқа сувда тутилади.
• Жон бўғиздан келар.
• Ишламаган емайди.
• Кўпни излаган оздан ҳам қолар.
• Кўп яшаган эмас, кўп кўрган билар.
• Тома-тома кўл бўлар.
• Довулнинг саси узоқдан хуш эшитилади.
• Тешик тош ерда қолмас.
• Жиннига қонун йўқ.
• Жиннига ҳар кун байрам.
• Бир тутам ўт туяни жардан чиқарар.
• Тикансиз гул бўлмас.
• Тил — пичоқдан ўткир.
• Тилнинг суяги йўқ.
• Туғилмаган болага тўн бичилмас.
• Тўғри сўз аччиқ бўлади.
• Дўстлик бошқа, тижорат бошқа.
• Темир намдан, инсон ғамдан емирилади.
• Ўлимга чора топилмас.
• Нон қўлдан, сув кўлдан.
• Қўл қўлдан устундир.
• Ялпоқ қўзи икки қўйни эмади.
• Эски дўст душман бўлмас, бўлса-да, ярашмас.
• Эски овулда янги одат чиқарма.
• Эт тирноқдан айрилмас.
• Фақирлик — масхаралик.
• Кеч келган меҳмон суяк ғажир.
• Инсон қарийди, юрак қаримайди.
• Кўз кўрар, жон севар.
• Кўз қўрқар, қўл бажарар.
• Кўздан узоқ — кўнгилдан узоқ.
• Кулма қўшнингга, келар бошингга.
• Ҳар қўйни ўз оёғидан осадилар.
• Хўрозсиз ҳам тонг отаверади.
• Икки дорбоз бир ипда ўйнамас.
• Инсон оласи ичида, ҳайвон оласи ташида.
• Ип ингичка еридан узилади.
• Ишлаган темирни занг тутмас.
• Айиқ тулкига буюрар, тулки — қуйруғига.
• Ит олишдан аввал таёқни ҳозирла.
• Жон чиқса ҳам феъл чиқмас.
• Эшикни қулфла, қўшнини ўғри санама.
• Қиз — бешикда, сепи — сандиқда.
• Қўшнининг товуғи ғоз кўринади.
• Бўри қўзи билан дўст бўлолмайди.
• Лоф лофга йўл очар.
• Бирлик қайда бўлса, тириклик ўша ерда.
• Эрта турганга Аллоҳ берар.
• Сабр — аччиқ, меваси — ширин.
• Сақла сомонни, келар замони.
• Кўп кун йиғлашнинг бир кун кулиши ҳам бор.
• Сув оқа-оқа йўлини топар.
• Сел кетар, қум қолар.
• Сув кичикдан, сўз каттадан.
• Сув қурийди, душмас қуримас.
• Сурувдан айрилганни бўри ер.
• Тотли тил илонни инидан чиқарар.
• Тўқ очнинг ҳолини билмас.
• Нон-туз ҳақини билмаган кўр бўлар.
• Арзон гўштнинг шўрвасиз мазасиз.
• Ухлаётган илоннинг думини босмасанг, чақмайди.
• Бир тош билан девор бўлмас.
• Бугунги тухум эртанги товуқдан афзал.
• Ёзда ётдан қишда оч қолади.
• Ернинг ҳам қулоғи бор.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Гагаузлар — Молдавия (147 минг киши, 2004) ва Украина (32 минг киши, 2001)да яшовчи туркий халқ. Шунингдек Россия (13 минг, 2010), Болгария, Руминия, Греция, Туркия, қисман Қозоғистон (Сирдарё бўйлари) ва Ўзбекистонда (Тошкент вилояти) ҳам яшайди. Умумий сони — 250 минг киши (2000 йиллар ўрталари). Гагауз тилида сўзлашади. Диндорлари — православлар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!