Дарғин мақоллари (80 та)

• Сигирнинг оласи ташида, одамники ― ичида.
• Катта бойлик инсонни итга айлантиради.
• От йўқ жойда эшак ҳам от.
• Катта бойлик ― катта бош оғриғи.
• Бошсиз илон йўлдан ўтолмайди.
• Дайди ит суяк ҳам ейиши мумкин, таёқ ҳам.
• Ширин бўлсанг ― ялайдилар, аччиқ бўлсанг ― тупурадилар.
• Буқа ўлса ― гўшт, арава синса ― ўтин.
• Ўрмонга ўтин олиб бормайдилар.
• Асалга туз қўшмайдилар.
• Одамнинг қандайлиги йўлда билинади.
• Тирноқсиз бўри бўлмайди.
• Юқорига чиқсанг, узоққа йиқиласан.
• Кўз ― қўрқоқ, қўл ― ботир.
• Аҳмоқ ўзини ўзи ошкор қилади.
• Меҳмон меҳмонни суймайди, мезбон ― иккаласини.
• Денгиз ҳам ёмғирни яхши кўради.
• Чумчуқ оёғингга қўнишига индамасанг, бошингга ҳам қўнади.
• Ишчи кўп бўлса, сансала-мансала бошланади.
• Онангга кафтингда тухум пишириб берсанг-да унинг ҳақини адо қилолмайсан.
• Бўрига эшак ҳам овқат.
• Жўшқин сой денгизга етиб боролмайди.
• Нодон рақс тугагандан сўнг рақсга тушади.
• Илдизга қараб новда.
• Даромадга қараб дуо қилинади.
• Наъматак бутасидан нок теролмайсан.
• Болта ишласа ғўла дам олади.
• Ювош қўйни учта қўзи эмади.
• Ўлаётган молнинг сути ― асал.
• Ҳақиқий йигитнинг тили ботир бўлмайди.
• Жудаям жасур йигит йигирма бешдан ошмайди.
• Хонга булутда ҳам базм, эшакка базмда ҳам юк.
• Аҳил тўда бўридан қўрқмайди.
• Ўзга уйда чироқ ёқсанг ҳам сенинг уйинг ёришмайди.
• Бошни ёрсанг дум тинчланади.
• Бировнинг хотини яхши туюлади, ўзингнинг ― отинг.
• Томчидан ҳам кўл вужудга келади.
• Сен қандай бўлсанг дўстинг ҳам шундай.
• Қандай кўприк қурсанг шунақасидан ўтасан.
• Қамиш шамолсиз шитирламайди.
• Тепага чиққан пастга ҳам тушади.
• Бошлаган одам якунлаши ҳам керак.
• Кичигига хурсанд бўлмаган каттасига ҳам қувонмайди.
• Ўзига ёмон бўлган бошқалар учун ҳам ёмон.
• Биринчи қадамни қўйган иккинчисини ҳам босади.
• Эчки қаерга борса, боласи ҳам ўша ерга боради.
• Курак кирган жойга сув ҳам оқади.
• Товуқнинг тушига дон кирармиш.
• Ёлғон чўнтакка яширинган майда пулга ўхшайди.
• Асални орзу қилиб оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Моҳир қоядан ҳам сувни сиқиб чиқаради.
• Сахий қўлга бургут ҳам қўнади.
• Кемада туриб кема оғаси билан тортишма.
• Ишнинг бошланиши аччиқ, тугаши ― ширин.
• Қўрқувсиз иш бошлаш ғалаба демакдир.
• Бировнинг отига минма, кир илашади.
• Битта рақс билан тўй бўлиб қолмайди.
• Ёлғиз дарахтни шамол тез йиқитади.
• Йўқолган қиличдан ўтмас пичоқ афзал.
• Ичидаги мия ишламаса катта бошдан не фойда?
• Қанот билан учганлар думсиз қайтдилар.
• Арпа экиб буғдой ололмайсан.
• Тилингни асрасанг бошингни ҳам асрайсан.
• Уяда ари кўп, лекин асални биттаси беради.
• Кўйлак чопондан кўра баданга яқин.
• Балиқ бошидан сасийди.
• Йўлдан ортга қайтсанг, омадни йўқотасан.
• Ўз юртинг сен учун ― Бағдод.
• Ўнта зарба билан тикланганни бир зарбада йўқ қилиш мумкин.
• Қийшиқ ўтирсанг ҳам тўғри гапир.
• Сўзнинг қисқаси яхши, арқоннинг ― узуни.
• Қобил йигит ҳамма қийинчиликларга чидайди.
• Қурбақа илондек узун бўлишга ҳаракат қилган эди, узилди.
• Ёлғоннинг бир оёғи ўтли, иккинчиси ― мумли.
• Икки қайиқнинг учини тутган сувга ғарқ бўлади.
• Яхши сўз ҳанжарни ҳам қинига қайтаради.
• Бошингни асрамоқчи бўлсанг, тилингни авайла.
• Асли қора тери ювилгандан сўнг ҳам оқармайди.
• Заҳарни заҳар билан даволайдилар.
• Тил ҳанжар эмас, жароҳати тузалмайди.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Дарғинлар — Доғистон Республикасида яшайдиган халқ. Умумий сони 510 минг (2002) киши, шундан Доғистонда 425 минг киши. Дарғин тилида гаплашади. Ҳозир дарғинлар ўз таркибига кайтаг ва кубачи этнографик гуруҳларини сингдириб бормоқда. Дарғинлар ўзларини дарган, кайтаглар — хайдак, кубачилар — урбучан деб атайдилар. Дарғинлар ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотлар 9-аср араб муаллифларининг асарларида учрайди. Диндорлари ислом динининг сунний мазҳабига эътиқод қиладилар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!