Белорус мақоллари (151 та)

• Вақт тулпор эмас: етиб олсанг ҳам тўхтатолмайсан.
• Одамлардан яшириниш мумкин, виждондан беркиниб бўлмайди.
• Агар овози бўлганида қарға ҳам қўшиқ айтарди.
• Ҳатто сигирнинг ҳам тили узун, лекин жим турибди.
• Ким кўп ухласа нонни тушида кўради холос.
• Боланинг бармоғи оғриса онанинг юраги оғрийди.
• Кўз ёши доим ҳам ҳақиқатни сўзламайди.
• Касалга асал ҳам заҳар, соғлом киши тошни ҳам ҳазм қилади.
• Бош ғовлайди, чўнтак эса бўш.
• Бегона қўлдаги пирог катта кўринади
• Одамлар бор жойда бошлиқ ҳам бўлади.
• Бўрини қўй пўстини билан қўрқитолмайсан.
• Терак гуллаганда пари учганидек йиллар ҳам учиб ўтаверади.
• Гўдак нимжон бўлса ҳам, ота-онаси учун — полвон.
• Мастона бош учун ҳар ер текис, оёқ учун — ҳар жой чуқур.
• Ёмонга ёмонни ўргатиш шарт эмас.
• Ичувчининг дўсти кўп бўлади.
• Ичишга — чаққон, ишга келганда — касал.
• Қилтаноқсиз балиқ бўлмаганидек, жаҳлсиз инсон бўлмайди.
• Олтин заррасини топиш мумкин, вақт заррасини топиб бўлмайди.
• Итни боқиш вақти подага бўри оралаганда эмас.
• Ҳақ гап кўп бақирганники эмас.
• Ишнинг кейини бошига боғлиқ.
• Ишсизликни кейинга сур, ишни кейинга сурма.
• Ёмон раққосга этик ҳам ҳалал беради.
• Чумчуқ ҳақида айтсанг уни турна деб тарқатишади.
• Кўр кўрни еталай олмайди.
• Бойқуш лочин туға олмайди.
• Ўжар эчки бўрининг тузоғига тушади.
• Ёшликдан ўқиб ўрган — қариликда очлик нималигини билмайсан.
• Муғомбирлик билан кўп яшай олмайсан.
• Маккор ваъда беради, аҳмоқ ишонаверади.
• Ручка қора бўлгани билан иши — оқ.
• Бегонанинг кулбасидан пирог ҳиди келади.
• Тил яхши кунда ҳам ёмон кунда ҳам зарар етказиши мумкин.
• Ҳаммом ҳаммани пок қилса-да, ўзи нопокдир.
• Мусибат ўрмонда эмас, одамлар орасида юради.
• Мусибат азият келтирса ҳам, кўп нарсаларни ўргатади.
• Меҳнатсиз бахт бўлмайди.
• Шараф пулдан қиммат.
• Ўтган ишни қайтариб бўлмайди.
• Маст ҳам, аҳмоқ ҳам — бир гўр.
• Ўзганинг касали оғримайди.
• Яхши отни бозорга солмайдилар.
• Яхшини яхшилик билан хотирлайдилар.
• Яхши бошланиш — ярим иш.
• Ёмон одамдан яхши ит афзал.
• Меҳмонга бориш яхши, лекин ўз уйингдан қўймасин.
• Бой санайди, камбағал ишлайди.
• Камбағалнинг таомидан бой ёқа ушлайди.
• Худодан сўраб, ўзинг ухлаб ётма.
• Ҳўкизнинг олдидан, отнинг орқасидан, аҳмоқнинг ҳар иккала тарафида юришдан қўрқ.
• Бемор рақс ҳақида ўйламайди.
• Бемор олтин устида ётса ҳам бахтиёр эмас.
• Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак.
• Беванинг болтаси чопмас, бияси юрмас.
• Бир умр яша — бир умр ўрган.
• Сигир қора бўлса ҳам сути оппоқ.
• Қушни учганда кўр.
• Ёш — энг яхши муаллим.
• Бўридан чўпон чиқмайди, эчкидан — деҳқон.
• Бўрини қанча боқсанг ҳам ўрмонга ошиқади.
• Бўрига дон сепмайдилар.
• Ўғри ўғрини узоқдан танийди.
• Тупроқ қоплаган ҳар нарса унутилади.
• Ҳар чеварнинг ўз бичими бор.
• Даромад кўп жойда буромад ҳам кўп бўлади.
• Дангаса далага тушса, ҳосилдан дарак йўқ.
• Онанг туққан жой — сенинг ватанинг.
• Иш буюрувчилар кўп жойда ишнинг ўзи кам бўлади.
• Кўз узоқни кўради, бош янаям — узоқни.
• Кўз — чироқ, қўл — нон.
• Аҳмоққа қонун ўтмайди, унинг ўз қонунлари бор.
• Югурик тил ақлли бошни ёради.
• Таъзимга эгилган бош оғримайди.
• Тоғ тоғ билан учрашмаслиги мумкин, одам одам билан албатта кўришади.
• Меҳмон меҳмонни кўролмайди, мезбон — иккисини.
• Ифлослик — касаллик, ифлослик — қабр, тозалик — саломатлик, куч-қувват.
• Икки аср яшолмайсан.
• Иккита худога сиғинма.
• Пул тошни емиради.
• Пул сув каби: бўлмаса ҳам мусибат, кўп бўлса ҳам мусибат.
• Тилингни тишинг орасида асра.
• Бола боқиш товуқ санаш эмас.
• Соғлом одам учун меҳнат энг яхши табиб.
• Чавандозга от хазина: ҳам биродар, ҳам ўртоқ.
• Сичқон учун мушук ҳам катта йиртқич.
• Бир кун эрта эксанг бир ҳафта олдин ҳосил йиғасан.
• Яхши итни занжирламайдилар.
• Яхши сўз қорин тўйғазмайди.
• Дўстлик ўз йўлига, хизмат ўз йўлига.
• Дўстлик ойна каби: синдирсанг ямаб бўлмайди.
• Дўстлик тош девордан кучли.
• Аҳмоқ черковда ҳам калтак ейди.
• Аҳмоққа қулоқ солсанг сен ҳам аҳмоққа айланасан.
• Йиртиқ қопни тўлдиролмайсан.
• Таомни эртага қўйсанг ҳам, ишни ҳозироқ бажар.
• Эркак йиғлаяптими, демак мусибат катта.
• Агар чолғувчи бўлмасанг, скрипкани ушлама.
• Агар яхши ақл бўлса, бошнинг ҳам кераги йўқ.
• Аёл оиланинг уч устуни, эр — тўртинчиси.
• Яшаш — халққа хизмат қилиш.
• Икки қуённинг ортидан қувласанг, биронтасини ҳам тутолмайсан.
• Пулга севгини сотиб ололмайсан.
• Соғликни бойликка сотиб олиб бўлмайди.
• Соғликни осон йўқотасан, қийин топасан.
• Ерга қанча кўп эгилсанг, нонга шунча яқин бўласан.
• Ер — бизнинг онамиз: ҳам едиради, ҳам кийдиради.
• Қиш ёз учун ишлайди, ёз — қиш учун.
• Қишда булбулни сайратолмайсан.
• Илм олтиндан қиммат.
• Ҳатто чумчуқнинг ҳам юраги бор.
• Майли ўйна, лекин ишни ташлаб қўйма.
• Оёқ-қўли йўқ ногирон эмас, ақли йўқ — ногирон.
• Ўлимни излаш керак эмас, ўзи келади.
• Ҳаммага ўз кулбаси азиз.
• Қимор ва ароқ ақлдан айиради.
• Картошка — нонга мадад.
• Қийшиқ дарахтни тўғрилай олмайсан.
• Қон сув эмас, юрак тош эмас.
• Ким бой бўлса, ўша ақлли.
• Кўп билган кўп сўрайди.
• Ким ароқни севса, ўзини ҳалок қилади.
• Пулсиз одам хотиржам яшайди.
• Каттани кўрмаган кичикдан ҳам ҳайратланади.
• Таваккал қилмаган кўп сарфлайди.
• Туғилмаган ўлмайди.
• Янгини кўрмаган эскисига ҳам хурсанд.
• Бир марта ўғирлаган иккинчи марта ҳам ўмаради.
• Эрта турганга Худо беради.
• Какку — қуш эмас, келин — қиз эмас.
• Олсанг-олмасанг — савдолаш.
• Мақтов ҳайвонга ҳам ёқади.
• Дангаса ўтириб ҳам чарчайди.
• Дангаса битга ўхшайди: бировнинг белида яшайди.
• Ёз йиғади, қиш сотади.
• Ой ёритади, лекин иситмайди.
• Ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат афзал.
• Йўқдан кўра оз яхши.
• Ёмон одам бўлгандан туғилмаган афзал.
• Бировнинг учта кўзидан ўзингнинг бир кўзинг афзал.
• Тутқунликдаги ҳаётдан, далада ўлган афзал.
• Одам одамсиз яшай олмайди.
• Асалари кичик бўлса ҳам тинмай ишлайди.
• Кичик болалар ухлашга қўймайди, катталари — яшашга.
• Кам гапир — кўп ўрганасан.
• Онага олиб борувчи йўл ҳам азиз.
• Шараф кўчада ётмайди.
• Сўз — шамол, ёзув — тош.
• Кўп эшит, кам гапир.
• Сабабсиз ўлим бўлмайди.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Белоруслар — Белоруссиянинг асосий аҳолиси (7,9 миллион кишидан ортиқ, 2009) бўлган халқ. Шунингдек, Россия Федерацияси (521 минг киши, 2010), Украина (275 минг киши, 2001), Латвия (68 минг киши, 2011), Қозоғистон (62 минг киши, 2012), Польша (47 минг киши, 2011), Литва (35,9 минг киши, 2010), Ўзбекистон (20,4 минг киши, 2000), Эстония (12,4 минг киши, 2011), АҚШ, Исроилда ҳам яшайди. Умумий сони 10 миллионга яқин (2009). Белорус тилида сўзлашади. Динга эътиқод қилувчилари — асосан православлар, қисман католиклари ҳам бор.