Авар мақоллари (40 та)

• Бошинг ёрилмасдан аввал боғлаб ол.
• Мушуклар йўқ шийпонда сичқонлар тантана қилади.
• Тарих қайтмайди, пакана ўсмайди.
• Асалари ва пашша битта уяга сиғмайди.
• Тоғ тоққа меҳмонга борибди деса ― ишон, инсоннинг феъли ўзгарибди деса ― ишонма.
• Кўрганинг ― ҳақиқат, эшитганинг ― ёлғон.
• Бегонанинг бошига теккан ўқ, гўнгтепага санчилган ўқ билан баробар.
• Бир боғ узум есанг ҳам, бир бош узум есанг ҳам ― гуноҳи битта.
• Ейилган ва ичилгани ― ўзимизники, бошқаси ― бегонаники.
• Шамолсиз чалов ҳам қимирламайди.
• Гўнгсиз ва намсиз гул ўсмайди.
• Буқа ўлса ― гўшт, арава синса ― ўтин.
• Ўзингнинг нарсанг ёқади, бировнинг ― хотини.
• Чумчуқ фақат арпа даласи ҳақида ўйлайди.
• Ўғрига ўғирланган мол чақадек туюлади, эгасига сўмдек.
• Яхши нарсанинг олдида ― ёмонлик, ёмонлик олдида ― яхшилик.
• Сичқоннинг боласи қопни кемиради, бўрининг боласи қўйни тимдалайди.
• Ўрдакнинг боласи тухумдалигидаёқ сувни билади.
• Қарғанинг уйини қағиллашидан топасан.
• Келгиндининг уйи овулнинг четида.
• Гўнг солинган далани Худо ҳам севади.
• Асал ҳам кўп бўлса тахир бўлиб қолади.
• Излаган топади.
• Сўқмоқдан кетган қайтмади, катта йўлдан кетган омон қайтди.
• Эртанги қўйдан, бугунги қуйруқ афзал.
• Кўп яшаган эмас, кўп кўрган кўп билади.
• Эр яхши бўлса, хотин ҳам яхши, хотин яхши бўлса ― эр ҳам.
• Ҳар бир фиръавнга битта Мусо.
• Гувоҳи йўқ нарса ― ёлғон.
• Эшакнинг меросхўри ― ит.
• Онанг мақтаганга уйланма, қўшниларинг ҳурмат қилганга уйлан.
• Кечқурун ухлаб, тонгда тур, саъванинг одатидан йироқ юр.
• Қозондан ― қоракуя, ёмондан ― кулфат.
• Ота зирк еса болаларнинг тиши қамашади.
• Довюрак Ҳасанали шу ерда экан, яна битта эшакни сўйиш учун олиб кел.
• Ўтган қайтмайди, ўчган ёнмайди.
• Ўзи кичкина, жасорати катта.
• Бошқанинг ўғлидан ўз қизинг яхши.
• Омадлининг эшаги ҳам урғочи эшак каби туғади.
• Чўлоқнинг сояси ҳам чўлоқ.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Аварлар (ўзларини маарулал деб атайдилар) — Доғистонда (758 минг кишидан зиёд, 2002) ва Озарбайжоннинг шим. ғарбий қисмида (51 минг киши, 1999) яшовчи ерлик халқ. Аварлар ва уларга яқин халқларнинг умумий сони Россия Федерациясида 814 минг киши (2002). Умумий сони 900 минг киши. А. ислом динининг сунний оқимига мансуб. Авар тилида сўзлашади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!