Арман мақоллари (481 та)

• Агар итнинг уяти бўлганида иштон кийиб оларди.
• Бозорда мол билан бирга қалб ҳам сотилади.
• Ҳатто ой ҳам нуқсонсиз эмас.
• Хурсанд бўлганингда мозорга бор, хафалигингда ҳам ўша ерга бор.
• Боланинг онаси ўгай бўлса, отаси ҳам бегоналашиб қолади.
• “Дада, бу етишмовчиликка яна қанча чидашимиз керак?” ― “Қирқ кун” ― “Кейин-чи?” ― “Кўникиб кетамиз”.
• Эҳсонни шундай қилки, ҳатто кўйлагинг билмасин.
• Одамлар ялайдиган даражада ширин бўлма, одамлар тупурадиган даражада аччиқ ҳам бўлма.
• Мен рўмол ўрашни ўргангунимча эрим мендан кетиб қолди.
• Шовқинсиз ва шилдирамаган сувдан қўрқ.
• Камбағални камбағал тушунади.
• Камбағал “мушук жигарни еб қўйди” деса ҳеч ким ишонмади, бой “мушук темирни еб қўйди” деса ишонишди.
• Камбағалга ҳамма ақл ўргатади, ҳеч ким нон бермайди.
• Ишёқмас овқат пайти ― соғлом, иш пайти ― касал.
• Қиз боланинг оқ бадани етти камчиликни тўсади.
• Каттадан эмас, боладан қўрқ.
• Касаллик югуриб келиб, эмгалаб чиқиб кетади.
• Бемор касал эмас, унинг хўжайини касал.
• Катта балиқ катта денгизда яшайди.
• Такада ҳам соқол бор.
• Итга суяк ташла ― жим бўлади.
• Меҳмон келмайдиган уйга лаънат бўлсин; кечқурун келиб эрталаб кетмаган меҳмонга ҳам лаънат бўлсин.
• Лаънатдан минг марта ёмон дуолар ҳам бор.
• Виждонли жаллод ҳам бўлади, виждонсиз қози ҳам бўлади.
• Баъзида сукут ― олтин, сўз ― кумуш бўлади, баъзида эса сўз ― олтин, сукут ― кумуш бўлади.
• Тез юрсам телба дейдилар, секин юрсам ― кўр.
• Мевасиз дарахтга тош отмайдилар.
• Қаровсиз черковга шайтон хўжайин.
• Ҳамманинг олдида эшакнинг думини кесма: биров “қисқа” деса, бошқаси “узун” дейди.
• Ўз уйингда хизматкорсан, бошқа уйда хўжайинсан.
• Қўшнингнинг итига тош отма: хўжасини эсла.
• Тухумдан соч қидиради.
• Қалпоқ катта, ичи бўш.
• Туя букрисни кўрмайди.
• Туя ҳам катта, лекин уни тиззалатиб юк юклайдилар.
• Туяга дейишди: “Табриклаймиз, сени подшоҳ чақиряпти”. “Биламан ― дебди у ― Ё Кохбга тузга юборади, ё Шарурга гуручга”.
• Баҳорда қўзичоқ яхши, кузда ― жўжа.
• Шамол тошдан ҳеч нарса ололмайди.
• Шамол совуқдан ўлибди.
• Озгина шароб ҳам булбул қилиб юборади.
• Халқ билан биргаликда қора кун ҳам пасхага айланади.
• Хотинингни уришдан олдин чопонингни еч-да, уни уриб, қайта кийиб ол.
• Оғизни очишдан аввал кўзингни оч.
• Сув доим ўзига чуқур жой топиб олади.
• Сув ташқарини тозалайди, ёш ичкарини.
• Сувни бошидан тўхтатилади.
• Сувни кўрса балиқ бўлиб кетади, мушукни кўрса ― сичқон.
• Ҳўкиз ўлса териси қолади, одам ўлса ― номи.
• Бўри ёмғирли кундан хурсанд.
• Ўғри бутун дунёни ўғирланган деб ўйлайди.
• Вақт уни билган инсонга ― хазина.
• Нодоннинг барча яхшилигини битта туяга юкласа бўлади.
• Ҳамма вақтга қарайди, вақт эса ҳеч кимга боқмайди.
• Ҳамма хўроз катагида баралла куйлайди.
• Иккинчи хотин ― ямоқ.
• Бир марта ичиш ― яхши, иккинчиси ― етарли, учинчиси ― кулфат.
• Қаерда қўрқув бўлса, уят ҳам ўша ерда.
• Кўз кўрганидан қўрқади.
• Калла катта ― мия ингичка.
• Қайноқ сутдан куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади.
• Кулол кўзанинг дастагини қаерга хоҳласа ўша ерга ўрнатади.
• Кўза ерга тушиб синмади, лекин овозини ҳамма эшитди.
• Худо “ҳа” дан рози бўлди, “йўқ”дан ҳам рози бўлди, лекин “ҳа ва йўқ”ни лаънатлади.
• Меҳмон нонга эмас, мезбоннинг кўзига боқади.
• Художўйнинг ҳам, гуноҳкорнинг ҳам даласига дўл бирдай ёғади.
• Бер ― қўрқма, ол ― уятма!
• Гапириши учун бир тийин беришган эди, ҳозир икки тийин бериб ҳам тўхтатолмайсан.
• Ҳадя қилинган сирка асалдан ширин.
• Қиз бола кесилмаган тарвузга ўхшайди.
• Қизни қарининг кўзи билан танла, отни ― ёшнинг.
• Пулдан тоғлар ҳам қўрқади.
• Қишлоқнинг ити шаҳарда думини қисиб юради.
• Сув ёқасида дарахт тез ўсади ва тез нобуд бўлади.
• Эшигингни ёпиб юр, қўшнингни ўғри тутма.
• Болалар йиғи билан ўсади.
• Узун тил умрни қисқартиради.
• Аҳмоқ учун битта нодон мингта оқилдан афзал.
• Эчкига битта эчки бир пода қўйдан афзал.
• Севги учун арман ҳам турк ҳам баробар, қалб учун қиз ва ўғил баробар, ақл учун ― билимли ва оми.
• Қўй учун думбаси юк эмас.
• Ёмон отага жазо ― ёмон фарзанд.
• Яхши ҳунарни қабрга ўзинг билан олиб кетма.
• Аёлсиз уй ― сувсиз булут.
• Уйда шердай, кўчада мушукдай.
• Қарз уйга бургадай киради, ўсиб туядай бўлганда уйдан чиқолмай қолади.
• Бойнинг қизини хотин қилиш қийин, лекин илинтириш осон.
• Қиз бола ― бошқа уйнинг чироғи.
• Дўст юзингга қарайди, душман ― оёғингга.
• Аҳмоқ чохга тош ташласа, ҳеч ким олиб чиқмайди.
• Аҳмоқ тўйга бориб дебди: “Бу ер уйимдан яхши экан”.
• Аҳмоқ айтди ― ақлли ишонди.
• Аҳмоққа ҳар куни ― Янги йил.
• Аҳмоқона сўз ва ёмон хотин ― эгасининг мулки.
• Агар узун сочларда куч бўлганида эчки пайғамбар бўларди.
• Агар ҳўкиз ўзи ишлаганининг ҳаммасини еганида, дунё камбағаллашиб қоларди.
• Агар ҳамма хотинлар тежамкор бўлганида уйнинг деворлари пулдан бўларди.
• Агар кал даволашни билганида аввал ўз бошини ўйларди.
• Агар олдинги одам кейингиси нима дейишини билганида эди, умуман гапирмасди.
• Агар шакарнинг тиши бўлганида ўзини еб қўярди.
• Агар холангнинг соқоли бўлганида сенга тоғалик қиларди.
• Агар меҳмон кутиб турса, мезбон овқат олиб келади.
• Ердан олтин топиб олсанг ҳам аввал санаб, сўнг ол.
• Хўжайининг эшак бўлса ҳам унга “чош” дема.
• Агар деҳқон белини эгмаса, дони қийшиқ ўсади.
• Мушукни томдан ташлаб юборсанг ҳам бели билан тушмайди.
• Эркак ёзда ишламаса, сигир қишда ўлади.
• Ит узум ейишни ўрганса, боғ бўшаб қолади.
• Итнинг думини кесиб ташласанг ҳам у қўзичоққа айланмайди.
• Фарзанд онаси учун кафтида тухум пишириб берса-да, волидасининг ҳақини адо этолмайди.
• Агар бузоқ сигирдан олдинда югуриб кетса, бўрига ем бўлади.
• Омадли одам тақир қояни ҳам кўкартира олади.
• Тиш оғриғидан қутулмоқчи бўлсанг, илдизини Қуёшга кўрсат.
• Баъзи нарсаларни ўрганмасдан туриб қилиб бўлмайди, баъзиларини қилмасдан туриб ўрганиб бўлмайди.
• Баъзи сўзларни бир пуд асал билан ҳам тотли қилолмайсан.
• Ҳали от сотиб олмасдан эгарни ясайди.
• Ошқозон тўқ, кўз эса ҳали тўймади.
• Семиз қўзи кескир пичоққа муносиб.
• Ўқланган қуролдан бир киши қўрқади, ўқланмаганидан ― икки киши.
• Аҳмоқни ишга қўйсанг, сенга кўпроқ иш орттиради.
• Мени чақмайдиган илон минг йил яшаса ҳам майли.
• Илон ўз заҳри билан ўлади.
• Ҳунар билган тушликкача оч юради, билмаган ― оқшомгача.
• Олтин ифлос жойда ҳам ярқирайди.
• Хўрозсиз ҳам тонг отади.
• Илондан ҳам дори тайёрлайдилар.
• Шоҳнинг товоғига ҳам пашша тушади.
• Мушук ҳам кулфат пайтида шерга айланади.
• Япроқ ҳам шамолсиз шитирламайди.
• Сен ҳам уста, мен ҳам уста ― киримизни ким ювади?
• Бўридан қўрқиб қишлоқ қурмайдиларми?
• Пардан қўрғон тиклайдилар.
• Бурганинг муштидан худо асрасин.
• Бургани деб гиламни ёқмайдилар.
• Ҳамма ўз муштини тошдан деб ўйлайди.
• Тоғ қанчалик юксак бўлмасин, ундан йўл ўтади.
• Чўчқани қанчалик авайлама, бир куни бошига пичоқ келади.
• Тош ўз жойида оғир.
• Аёлнинг макрини аравага юклашган эди, у ҳам кўтаролмади.
• Камбағал товуқ еяётган бўлса, у касал, ёки товуқ касал.
• Худо ризқ бераётиб кимнинг фарзанди эканлигингни суриштирмайди.
• Балиқни қачон тутсанг ҳам у янги.
• Шароб кирса ― сир чиқиб кетади.
• Бир ҳаром луқма деб, минг ҳалол луқмани йўқотасан.
• Биров бутун бир боғни ҳадя қилади, бошқа биров эса, бир бош узум ҳам бермайди.
• Қўшнинг тўй қилса, эшигингни кенг очиб қўй.
• Кўз кўр бўлса ҳам, ақл кўр бўлмасин.
• Яхши сўз эшитмоқчи бўлсанг, ёмон гап айтма.
• Яхши хотин — соф олтин.
• Меҳмон нонга эмас, мезбон кўзига боқар.
• Синалмаган кишидан қарз олма.
• Узук бармоқка, ёр эса қалбга ярашуқ бўлиши керак.
• Ўғрининг чўнтаги тешик.
• Бир яхши қиз етти ўғилга баравар.
• Ота пули билан уйланган киши, хотин қадрини билмас.
• Уйда каттани ҳурмат қил, агар катта бўлмаса, тош қўйиб уни катта сингари ҳурмат қил.
• Қишлоқ оқсоқоли бўш қолса ё хизматкорини уради, ё орқасини қашийди.
• Қиз турмушга чиқишни хоҳласа, кўзани уради; йигит уйланишни хоҳласа ― ўзга юртга кетади.
• Ош бўлганда ― иштаҳа йўқ, иштаҳа бўлганда ― ош.
• Хотин фарзанд туғса, уйнинг деворлари ҳам хурсанд бўлади.
• Бошинг оғриса, оёғинг оғриғини ҳам унутасан.
• Бошқа юртга отлансанг, ўша юртда кийиладиган қалпоқдан кий.
• Қуёш чиқса юлдузлар беркиниб олади.
• Қуш донни кўрса қафасни унутади.
• Итни ўлдирмоқчи бўлсалар уни қопағон дейдилар.
• Кимгадир чоҳ қазимоқчи бўлсанг ўз бўйингча қази.
• Чўпоннинг мойи кўпайса, таёғига ҳам суртиб олади.
• Қўшнингникида тўй бўлса, эшигингни кенгроқ оч.
• Ҳаракат қилмай фақат умид қилаверсанг очликдан ўласан.
• Агар бўри еб қўймаса, эшак Қуддусгача боради.
• Эчкича маъраб омон қолди, қўзичоқ индамай ўлиб кетди.
• Қўнғироқ узоқдан яхши жаранглайди.
• Узук бармоққа мос бўлиши керак.
• Мушук ўзи учун сичқон овлайди, эгаси эса “менинг мушугим зўр овчи-да”, деб ўйлайди.
• Мушук гўштгача етиб боролмай, “бугун рўзаман” дейди.
• Мушук ўзи ҳақида ёмон тушлар кўрмайди.
• Деҳқонни шаҳарнинг нони билан боқиб бўлмайди.
• Қон сув билан ювилади, қон билан эмас.
• Бўридан қўрққан қўй боқмайди.
• Сувга йиқилган ёмғирдан қўрқмайди.
• Ўлимдан доим қўрқиб юрадиган тириклар орасида ўликдир.
• Хоҳлаганини гапираверадиган ўзи хоҳламаганини эшитади.
• Денгиздан ошган дарёда чўкмайди.
• Отасининг пулига уйланган хотиннинг қадрини билмайди.
• Топган бир марта адашади, йўқотган ― минг марта.
• Итига бир бўлак нон бермаган қўйини бўрига едиради.
• Катталарни тингламаган очдан ўлади.
• Уй қурмаган устунларни ўзи ўсиб чиққан деб ўйлайди.
• Энг яхшисини қидирган энг ёмонига учрайди.
• Сотиб олган ― топади, сотган ― йўқотади.
• Биров берган шаробни ичган икки марта маст бўлади.
• Йўлга эрта чиққан ва эрта уйланган афсус қилмайди.
• Ўз шарафини асролмаган бировникини ҳам сақлолмайди.
• Бировнинг қошиғи билан ош еган оғзини куйдиради.
• Товуқ тушида ўзини ғалла майдонида кўраркан.
• Ҳуриётган ит тишламайди.
• Ҳуриш ҳам ҳунар.
• Кўзидан айрилган кўз оғриғидан ҳам халос бўлади.
• От ўйнаса чавандозни мақтайдилар, қилич ўйнаса ― қўлни.
• Отни юришидан, қизни нигоҳидан биладилар.
• Ақл бўлгандан кўра аъмо кўз бўлган афзал.
• Яхши номни йўқотгандан кўра кўр бўлган афзал.
• Қўшнимда иккита сигир бўлса, менда учта бўлсин, бўлмаса битта ҳам сигир бўлмагани афзал.
• Қирқ марта авлиёдан сўрагандан бир марта Худодан сўраган афзал.
• Синалмаган фариштадан синалган шайтон афзал.
• Аҳмоқ қувонтирганидан доно йиғлатгани афзал.
• Нодон билан базм қургандан доно билан тош ташиган афзал.
• Нодон руҳонийдан ақлли осий афзал.
• Қиз болани бадном этишдан черковни бузган афзал.
• Қўшним менга ёрдам бериши учун уни яхши кўраман.
• Қурбақадан нега доим қуриллашини сўрашди. У: “мен ўз овозимга ошуфтаман”, деди.
• Кичкина одамлар катта тушлар кўрадилар.
• Кичкина хўтик катта эшак бўлади.
• Айиқ айтаркан: “Икки аҳил биродардан бошқасидан қўрқмайман”.
• Мени ҳеч ким тингламайди, чунки менинг соқолим йўқ.
• Мурдага ҳам кенгроқ жой керак.
• Қилич ишлатилмаса занглаб қолади.
• Қотилнинг қуроли эгасиз қолади.
• Дунё Сулаймонга ҳам вафо қилмади.
• Менга мушукнинг бўйнига қўнғироқча илиб қўядиган сичқон керак.
• Кўп есанг ҳам кам гапир.
• Кўр фариштани ҳеч ким кўрган эмас.
• Эккан “бўлиши мумкин”, лекин кўкармади.
• Ўзимнинг қаттиқ ноним сизнинг ёғли ошингиздан афзал.
• Дуо билан бўрининг оғзини ёполмайсан.
• Ит денгиздан ичгани билан сув кирланиб қолмайди.
• Эр оғир кунга керак, кўйлак ― совуқ кунга.
• Сичқон кичкина бўлса-да катта тушлар кўради.
• Сичқон ўз уясида шерга айланади.
• Икки аҳмоққа битта ақл ҳам етади.
• Ҳўл жойга ётмайдилар.
• Дунёда Қуёш битта, уйда бошлиқ битта.
• Ювош эшакка икки киши минади.
• Озроқ юклаб, тезроқ қайт.
• Насиҳат бигиз эмас, бошқа суқиб бўлмайди.
• Эчкига шароб ичиришди ― у бўри билан урушгани кетди.
• Зўрлаб очирилган атиргулнинг ҳиди бўлмайди.
• Мастни урма, ўзи йиқилади.
• Синалмаган одамга қарз берма.
• Ҳаддан ташқари ширин бўлма ― сени пашша босиб кетади.
• Эшакнинг нарҳи минг динорга кўтарилса ҳам одамлар орасида эшак бўлма.
• Ёз ёмғирига ва қишдаги офтобга ишонма.
• Ҳамма қора кийган ҳам поп эмас.
• Қуддусга борган ҳамма ҳам ҳожи бўлиб қолмайди.
• Билишингни ҳаммага айтма.
• Яхши гап эшитишни хоҳласанг, ёмон гапни айтма.
• Бировнинг қўли билан олов ушлама.
• Ҳамма булутдан ҳам ёмғир ёғавермайди.
• Фарзандинг бўлмаса ― қалбинг ҳам йўқ.
• Қизил ранг ҳамма нарсага ҳам мос тушавермайди.
• Суяк ва гўшт орасига тушма.
• Бахтингга ва давлатингга ишониб қолма.
• Ичма, ўртоқ ― бировга кулги бўлмайсан.
• Ўтган кунга ачинма.
• Чуқурга бировнинг арқони билан тушма.
• Кўп яшаган эмас, кўп юрган кўп билади.
• Ҳамма тухумда ҳам иккита сариқ бўлмайди.
• Чақирилмаган базмга борма.
• Туғилмаган болага кийим тикма.
• Кутилмаган меҳмон ўз чўнтагидан ейди.
• Чақирилмаган меҳмон тикан устида ўтиради.
• Омадсиз денгизга борса, у қуриб қолади.
• Пастга ўзим ўтирмайман, тепада эса жой йўқ.
• Мискин мискинни ёмон кўради, Худо ― иккисини.
• Кечки ўғрини кундузи ушлайдилар.
• Кечаси ўғирлаб, кундузи “Худойим, ўзинг кечир” дейдилар.
• Эртанги ишни эртага ўйлаймиз.
• Битта душман мингта дўстдан кўп.
• Битта нодон савол берса, қирқта доно жавоб беролмади.
• Биттаси уятдан гапирмади, бошқаси қўрқди деб ўйлади.
• Етти қайноғадан битта кўр эр афзал.
• Бири бутун боғини аямайди, бошқаси битта узумни қизғонади.
• Ёлғизлик фақат Худога ярашади.
• Қўшнининг еттита сигиридан ўзингнинг битта сигиринг афзал.
• Битта яхши қиз еттита ўғил болага тенг.
• Тупук билан ёнғинни ўчиролмайсан.
• Онанинг битта дуоси еттита попнинг лаънатини кесади.
• Бир қўлда хочни ушлаб, иккинчи қўлда ўғирлайдилар.
• Баъзи қушларни гўшти учун ейдилар, баъзи қушлар эса гўшт ейди.
• Совуқдан толиққан илон биринчи бўлиб ўзини иситганни чақади.
• У бургадан ҳам ёғ олади.
• Эшак қайсарлик қилса ― ур, юради; от қайсарлик қилса қўй, ўзинг кетавер.
• Эшак бир марта йиқилган жойидан қайтиб юрмайди.
• Эшакни йўқотдилар, лекин эгарни қидиряптилар.
• Эшакни тўйга таклиф қилдилар. У айтди: “сув ташиш керак шекилли-а?”.
• Эшакка райҳонни ҳидлагани бергандилар, уни еб қўйди.
• Эшакка “егарни тўғрила” дегандилар, у эгарни ўгириб қорнига тақиб олди.
• Сувдан фойда катта, зарар ҳам катта.
• Аҳмоқдан ҳатто саъва чўлга қочиб қутулди.
• Оч мушукдан сичқон қочиб қутулолмайди.
• Оғриқдан тирноқ ўсади, қувончдан ― соч.
• Нодоннинг кўзидан тошлар ҳам ёрилади.
• Аҳмоқ хотиндан шайтон ҳам қочади.
• Кимдан бахт юз ўгирса, унинг оти ҳам эшакка айланиб қолади.
• Ўткир сиркадан идиш ҳам ёрилади.
• Қошиқдан оғизгача йўл узоқ.
• Ёмон қўшнидан кўчиб қутуласан.
• Очиқ идишни ит ҳам ялайди, мушук ҳам.
• Қўчқор қиммат туришини бўри қаердан билсин?
• Камбағалда ўтин йўқлигини қор қаердан билсин?
• Биринчи бўлак доим лазиз.
• Кўп қўшиқ биламан, лекин овозим йўқ.
• Пиёда отлиқдан куларкан.
• Мевали дарахтни доим суғорадилар.
• Ярмида ҳақиқат бўлмаган ҳазил ёмон.
• Ёмон одам пасхада ҳам ёмон.
• Тепага тупурсам мўйловимга тегади, пастга тупурсам ― соқолимга.
• Буюртма билан фарзанд қилолмайсан.
• Қалпоқ остида қандай бўлмасин битта калла бор.
• Тилнинг суяги йўқ, ёлғон гапираётганда уриб тургани.
• Қўшнинга битта сигирни берсанг, худо сенга иккита беради.
• “Фарзанд муборак!” деди тулки товуққа. “Раҳмат! ― деди у ― фақат, худо ҳақи, мендан узоқда юр”.
• Тириклигида иштони ҳам йўқ эди, ўлгандан сўнг мақбара қуришди.
• Сувга тушмасдан сузишни ўргана олмайсан.
• Кулфат кўрмай бахтга эришмайсан.
• Ҳўл бўлмасдан балиқ тутолмайсан.
• Тузни топишгунча гўшт тугаб қолди.
• Қаримагунча кексани тушунмайсан.
• Юрак оғримагунча кўздан ёш чиқмайди.
• Семиз озигунча озғиннинг жони чиқади.
• Буқанинг шохи ўсмагунча сузмайди.
• Ақлли ечингунча нодон дарёдан ошади.
• Ақлли ўйлангунча нодон ўғлини уйлайди.
• Нонингни ноним устига қўй, шунда тепадан ҳам, пастдан ҳам ейсан.
• Тушликдан кейин бўтқа арзон бўлади.
• Тушликдан сўнг қўлга сув қуймайдилар.
• Тулкини товуқхонани қўриқлашга қўйишди.
• Биттаси очилиши учун етти эшикни тақиллат.
• Қизини йўқотди, аммо маржонидан афсусда.
• Йўқолган соч арқон бўлиб қайтади.
• Девор қийшиқлиги учун сигирнинг сути йўқ.
• Уйда кексани ҳурмат қил, агар кекса бўлмаса битта тош қўйиб, уни кексадек ҳурмат қил.
• Шоҳнинг қасрини кўриб келиб, ўз кулбасини ёқиб юборди.
• Ҳақиқатни доим ё аҳмоқдан эшитасан, ёки ёшдан.
• Ҳақиқатни ҳазил билан айтиш керак.
• Ҳуқуқ бор, қонун йўқ.
• Киришдан олдин чиқишни ўйла.
• Яхши мой ва гуруч бўлса, ошпаз ҳам яхши бўлади.
• Хотиннинг сепи қўнғироққа ўхшайди, ундан ўтсанг жаранглайди.
• Онанинг лаънати ўтмайди ― она сути тўсқинлик қилади.
• Илтимос билан чўчқани арпа майдонидан қуволмайсан.
• Ўтган йилги ўликни ҳозир кўммайдилар.
• Бўш арава қаттиқ силкинади.
• Йўлга тушиш ― сендан, қайтиш ― Худодан.
• Қуруқ қошиқни оғизга олиб бормайдилар.
• Қуруқ сўз билан ош қилолмайсан, унга мой ва гуруч керак.
• Одамни “эшак” дегандан аҳмоқ деган афзал.
• Минг марта уришса ҳам бир марта ҳақиқатни айтишга қўйишсин.
• Ишлаётган оч қолмайди.
• Атиргул учун тиканга ҳам чидайдилар.
• Яраланган ухлаб қолади, қорни оч ухлолмайди.
• Қалбнинг занги юзга уради.
• Шайтондан етти кун аввал туғилган.
• Камбағалга булоқ ҳам сув бермайди.
• Урмоқчи бўлган қўлингни ўп-да, бошингга қўй.
• Балиқ сувда ўсади.
• Балиқ бошидан сасийди, сув бошидан лойқаланади.
• Балиқ ҳали сувда, у эса қозонга ёғ қуяди.
• Балиқни қармоқ билан тутадилар, одамни ― сўз билан.
• Балиқни сирпаниб кетмаслиги учун бошидан ушла.
• Яқинларинг билан еб-ич, лекин савдо қилма, душманинг билан савдо қил, аммо базм қилма.
• Ит билан дўстлаш, аммо қўлингдан таёқни туширма.
• Яхши хотин билан тўйга борма, ўз уйингда доим байрам; ёмон хотин билан азага борма, ўз уйингда доим аза.
• Оқсоқ эшак билан ҳам карвон юраверади.
• Ўзи тухумдан чиқиб, яна тухумдан мамнун эмас.
• Ўзи отхонада ухлаб қолади, яна тушида Авлиё Георгийни кўради.
• Ўзи одамга ўхшамайди, лекин сўзи билан одамлари ўлдиради.
• Аҳмоққа майсани пишириб бер, агар еса, яна пишириб бер.
• Келин ва қайнисингил урушиб қолди ― эр икки тош орасида қолди.
• Устида ридо, ичида шайтон.
• Яхшилик қилиб дарёга от, одам билмаса балиқ биларди.
• Аввал ўзингга игна санч, сўнг бошқага ― бигиз.
• Отга ўтириб Худони унутади, отдан тушиб ― отни.
• Баджаҳл одам тез қарийди.
• Юрак дастурхон эмас, ҳамманинг олдида ёзолмайсан.
• Юрак ― кўзгу. Синса қайтиб йиғолмайсан.
• Эшакка миниш ― уят, ундан тушиш ― икки марта уят.
• Отанинг лаънатидан қўрқ.
• Етимни ҳамма уради.
• Бир балиқ бошқасига айтяпти: “Менга қара, бироз сурил!” ― “Қаерга сурилай, иккаламиз ҳам битта қозонда қовуриляпмиз-ку!”.
• Эшак қанча ўсгани билан от бўлиб қолмайди.
• Ер устида қанча бўлса, остида ҳам шунча бор.
• Сигирга хўжайин керак, фарзандга ― ота.
• Оғзингдан ҳали чиқмаган сўз ― ўзингники, чиққани ― бировники.
• Шундай кулки, мен ҳам кулай.
• Ўлим қулоқнинг учида туради.
• Кулги ― яхши, агар йиғи билан тугамаса.
• Бақувват от ёмон тепади.
• Устида кўйлак ялтирайди, қорни очликдан қийналади.
• Қор оёқлар музлаши учун ёғади.
• У мен билан урушган, фақат соям билан дўст.
• Девордан йиқилсанг ― ўлмайсан, нонсиз ― йўқоласан.
• Ит бўрини кўрмагунча оқсоқланаверади.
• Ит ўзини боқишган жойда ҳурийди.
• Итни урмасанг сени тишламайди.
• Ит ўз гўштини емайди.
• Озига рози бўлсанг кўпига эришасан.
• Эшак Қуддусда қирқ марта бўлиб ҳам эшаклигича қолди.
• Қўшни ― қўшнининг ойнаси.
• Олдин кўзга ёқиш керак, сўнг ― юракка.
• Олдин сўзни оғизда пишир, сўнг чиқар.
• Ғийбатчи бир қоп ёнғоққа ўхшайди: қанча силкитсанг шунча кўп жаранглайди.
• Одилга жазо йўқ.
• Тулкидан гувоҳни сўрашди, у думини кўрсатди.
• Ўз боғингдан ёғоч қирқ, ўз қишлоғингдан дўст танла.
• Эски дўст душман бўлмайди, эски душман дўст бўлмайди.
• Эски қўшни туғишган билан тенг.
• Хўроз томга чиқиб айтар экан: “Менинг овозимга бу уйлар қандай чидаркин?”.
• Азобни қояларга берилганди, улар чидолмади, сўнг уни одамларга берилди.
• Камбағалликда яшаш уят эмас, ифлос жойда яшаш ― уят.
• Бахт ёмонга яхшилик беради, яхшига ― ёмонлик.
• Бой илонни еса, “дори” дейишди, камбағал еса, “оч экан” дейишди.
• От сотилаётган жойда эшакка ўрин йўқ.
• Сенинг ўқитувчиларнинг ― менинг ўқувчиларим холос.
• Арава ўтинга кетди: олиб келса ― яхши, келмаса ― ўзи ўтин бўлади.
• Одам ўзига қилганини душман душманига ҳам қилмайди.
• Кўрганинг эшитганингдан ишончли.
• Денгизга чўкаётган илонга ҳам ёпишади.
• Денгизга чўкаётган денгиз кўпигига ҳам ёпишади.
• Юраксиз қўрқувдан айиқни ҳам “дада” деб юборади.
• Мингта ёлғон битта ростчалик бўлолмайди.
• Югураётганнинг йўли битта, қувиётганники ― мингта.
• Мискиннинг юраги бор, лекин қўли йўқ.
• Худонинг бир минг битта эшиги бор: мингтаси ёпилса, биттаси очилади.
• Шаробдан сўрашди: “Сен кўпроқ мурувват қилдингми ёки вайрон қилдингми?”. Шароб жавоб берди: “Қанчасига мурувват қилганимни билмайман, лекин вайрон қилганларимнинг саноғи йўқ”.
• Ўғрининг чўнтаги тешик.
• Қарғадан сўрашди: “Қушлар ичида энг гўзали ким?”. У жавоб берди: “Менинг жўжам”.
• Аҳмоқнинг сочи эрта оқаради.
• Ҳақиқатни гапирганнинг бошидан шох ўсиб чиқади.
• Аҳмоқдан сўрашди: “Арак дарёсидан нечта товуқ сув ичади?”. У ўйлаб-ўйлаб жавоб берди: “417 яримта”.
• Ернинг ҳам қулоғи бор.
• Кимнинг дарди кўп бўлса, у кўп гапиради.
• Ёлғончининг тили қисқа.
• Ёлғоннинг оёғи бор, лекин у тўғрига юрмайди.
• Эшакдан сўрашди: “Сенинг отанг ким?”. У жавоб берди: “Отамни билмадим-у, онам ― от”.
• Сичқондан сўрашди: “Нега кичкинасан?”. У жавоб қилди: “Мушукдан қўрққанимдан”.
• Калласи бўшнинг тили узун.
• Мусофирда нон бўлиши керак, чўпонда ― олов.
• Қўшнининг ити ҳам яхши бўлиши керак.
• Қўшнининг нони ширин.
• Қарининг мингта оғриғи бор.
• Меҳмонхонани битта қил, лекин дўстларни кўпайтир.
• Қалпоғимда чангни кўриб, мени тегирмончи деб ўйладингми?
• Ақл соқол билан бирга ўсмайди.
• Ақлни худо беради, уни сотиб ололмайсан.
• Уддабурон қуённи аравада ҳам тута олади.
• Қушни қўйиб юборсанг қайта тутолмайсан.
• Чанқоғини қондираётганни илон ҳам чақмайди.
• Қулоғи бор-у, тешиги йўқ.
• Аҳмоқнинг нони дононинг қорнида.
• Хотиннинг хўжайини ― эр, эрнинг хўжаси ― қарз.
• Яхши оғриқ бўлмайди.
• Яхши хотиннинг баҳоси йўқ.
• Яхши отга ем берадилар, ёмон отга ― калтак.
• Қисқа сўз ва узун арқон яхши.
• Яхши ҳўкиз бўйинтуруғидан маълум, яхши хотин ― беланчагидан.
• Яхши фарзанд ота уйини қуради.
• Жанжал кўрмоқчи бўлсангиз камбағалнинг уйига боринг.
• Уй ёниб кетса майли, сичқон қолмасин.
• Тилнинг суяги бўлмаса-да, ўзи қанча суякларни синдиради.
• Эшак етти хил сузишни билса-да, сувни кўриши билан унутади.
• Ўзинг камбағал бўлмасанг-да, камбағал қўшнинг бор-ку.
• Шакар ширин бўлса-да, ноннинг ўрнини босолмайди.
• Асал ширин бўлса-да, ҳар куни ейиш зиён.
• Ақлли бўлсанг ҳам аҳмоқдан сўрашдан уялма.
• Ўзи битта игна олмоқчи, бир пуд темирнинг нарҳини сўрайди.
• Гуллаган дарахтдан гул тушади.
• Сувнинг қадри сув қуриганда билинади.
• Жўжа тухумидан маълум, бола ― бешигидан.
• Одам одамнинг юзига қарайди, Худо ― кўнглига.
• Қанча камбағаллашсанг, шунча яхши кийин.
• Эшакнинг юки қанча кўп бўлса, шунча тез юради.
• Қора ҳарфлар қизил кунларни олиб келади.
• Шайтонга кўйлак кийгизади.
• Ростгўйлик бозорда сотилмайди.
• Тоза олтин зангламайди.
• Насли тоза хотинни эридан биладилар.
• Кўрга нима керак? Икки кўз!
• Сут билан кирган жон билан чиқади.
• Бегонанинг хотини гўзалроқ кўринади.
• Бошқанинг меҳнати билан тўқ бўлолмайсан.
• Бегона мурда ухлаётгандек туюлади.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Арманлар (ўзларини хай деб аташади) — Кавказорти халқи, Арманистоннинг (3,1 млн. киши, 2001) ва Тоғли Қорабоғнинг (146 минг киши) асосий аҳолиси. Шунингдек Россия Федерацияси (1,13 млн. киши, 2002), Грузия (380,2 минг киши, 2004), АҚШ (700 минг киши), Франция (270 минг киши), Эрон (200 минг киши), Сурия (170 минг киши), Ливия ва Туркия (150 минг кишидан) ва б. мамлакатларда ҳам яшайдилар. Умумий сони — 6,5 млн. киши. Арман тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан христиан-монофисийлар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!