Афғон мақоллари (126 та)

• Ўликни кўз ёш билан тирилтиролмайсан.
• Кўпам ширин бўлаверма, еб қўйишади.
• Ейишга келганда соппа-соғ, ишлашга келганда ― касал.
• Уйингдаги зоғора нонинг бировнинг мойли ошидан афзал.
• Тирик шоқол ўлик шердан афзал.
• Одам тошдан қаттиқ, гулдан нозик.
• Эшакни қанча урганинг билан ундан от чиқмайди.
• Катта ит ҳуриса, кичиги индамай туради.
• Бир этикка икки оёқ сиғмайди.
• Битта қўлда икки тарвузни кўтаролмайсан.
• Туядан: “Нега бўйнинг қийшиқ?” ― деб сўрашди. У жавоб берди: “Менинг қаерим тўғри?”.
• Арқон ингичка жойидан узилади.
• Пастга тупурсанг соқолингга тегади, тепага тупурсанг ― мўйловингга.
• Подадан қолган қўйни бўри ейди.
• Сочнинг бошқа оғирлиги тушмайди.
• Бировнинг ҳамма нарсаси ёқади, ўзингнинг ақлинг ёқади.
• Ҳар ишнинг ўз вақт-соати бор.
• Ҳаммага ўз ватани Кашмирдек гўзал.
• Ўзимга яхши жой танлаб, кулга ўтирдим.
• Очнинг тушига нон киради.
• Очга йўлбарснинг териси ҳам нондан бўлганга ўхшайди.
• Меҳмонга нимани беришса, ўшани ейди.
• Ҳадя қилинган отнинг тишини санамайдилар.
• Икки киши орасида учинчиси бўлмаса бир-бирини ўлдириб қўяди.
• Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма.
• Бола йиғламаса, онаси эмизмайди.
• Чумоли учун бир қошиқ сув ҳам ― уммон.
• Ёнғинга бегонаники ҳам, ўзингники ҳам баробар.
• Чақирилган юзта меҳмонга жой топилади, чақирилмаган биттасига топилмайди.
• Қарз ― бахтсизлик эшиги.
• Сигир ортидан бузоқ юради.
• Бирини қидириб, иккинчисини йўқотасан.
• Ўқ бориб кўкрагингга кирганидагина хавфни сездингми?
• Менда ўқ йўғ-у камон нимага керак?
• Илон овчиси илон заҳридан ўлади.
• Сих ҳам куймади, кабоб ҳам.
• Кўздан узоқ ― қалбдан узоқ.
• Яхши сўз ҳам бир марта айтилса яхши.
• Қора товуқ ҳам оқ тухум туғади.
• Яхши гўштдан ― яхши шўрва.
• Бойлик қанчалик кўп бўлмасин, унинг охири бор.
• Она қандай бўлса, қизи ҳам шундай.
• Тош доим камбағалнинг бошига тушади.
• Отни тақалашса бақа ҳам кафтини узатаркан.
• Сув бошдан тепада бўлса, бир қаричми, ундан ортиқми фарқи йўқ.
• Чумолининг ўлими яқинлашса, қаноти ўсади.
• Шамол бўлмаса, дарахт силкинмайди.
• Эчкига унинг шохи оғирлик қилмайди.
• Кимгадир сут ёқади, кимгадир ― шўрва.
• Сигир қора бўлса ҳам сути оқ бўлади.
• Ким бировга чох қазиса, унга ўзи тушади.
• Сутдан куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади.
• Шер бошқа шерга тишларини қарзга бермайди.
• Дарахт япроқлари шамолсиз шитирламайди.
• Афти ― одам, қалби ― шайтон.
• Ҳар қандай идиш куни келиб синади.
• Одамлар ҳар хил: кимдир ― жавоҳир, кимдир ― оддий тош.
• Етимга доим тош тегади.
• Бир эгарга икки киши ўтиролмайди.
• Ўз кўчасида дайди ит ҳам ― йўлбарс.
• Ўз кўчасида ит ҳам шердек олишади.
• Ўз юртингнинг қадрини ўзга юртда биласан.
• Кўпам аччиқ бўлаверма, ташлаб юборишади.
• Учинчи одам бўлмаганида иккаласи ярашиб кетишарди.
• Бировга ёмонлик қилмасанг, сенга ҳам ёмонлик қилишмайди.
• Кўрнинг олдида рақсга тушма, карнинг олдида қўшиқ айтма.
• Кейин йиғлаб қолмаслик учун шошилма.
• Кирни ушласанг булғанасан.
• Ўрдакни шўнғишга ўргатма.
• Иш қилмасанг, хордиқ ҳам йўқ.
• Ёлғончи рост гапирса ҳам унга ишонмайдилар.
• Ўт билан сув чиқишмайди.
• Бир қултум сувга тўймайсан.
• Улар сичқон-мушукдай аҳил.
• Эшак Маккага бориб келса ҳам эшаклигича қолади.
• Бўридан фақат бўри туғилади.
• “Шакар” деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Дарёдан ит ичгани билан у кирланиб қолмайди.
• Ўлимидан кейин одамнинг қадрига етадилар.
• Оққан сув орқага қайтмайди.
• Бир тош билан юзлаб қушни ўлдириш мумкин.
• Худойим мушуккка қанот бермасин-да ― йўқса у ҳамма қушларни қириб ташлайди.
• Худойим эшакка шох бермасин-да ― йўқса у ҳамма ҳўкизларни сузиб ташлайди.
• Ҳанжар яраси битади, сўзники битмайди.
• Қўл қўлни танийди.
• Пул кичик, лекин катта ишларни қилишга қодир.
• Куч ақлни ҳам енгиши мумкин.
• Эшакнинг ўлими ― итларга базм.
• Ит ҳурар, карвон ўтар.
• Ҳаккалар урушса, каптарнинг пати учади.
• Чанқаган одамнинг тушига сув киради.
• Сув бошидан тиниқ.
• Қўлда бешта бармоқ, ҳаммаси ҳар хил.
• Қора қўйнинг боласи оқ туғилса-да, битта бўлса-да қора доғи бўлади.
• Бир зарба билан сувни бўлолмайсан, сув билан оловни қўшолмайсан.
• Илон чаққан ола арқондан ҳам қўрқади.
• Ақллига айтсанг бас, нодонга кўрсатиб бер.
• Ақлли битта сўзга тушунади, нодонга таёқ керак.
• Чўкаётган одам кўпикка ҳам ёпишади.
• Хўроз қичқиргани билан тонг отиб қолмайди.
• Пахта ўт билан дўст бўлолмайди.
• Бўлган иш ўтиб кетди.
• Буқа атиргулнинг ҳидини тушунармиди?
• Бировнинг боласига ачинмайдилар.
• Бировнинг олови иситмайди.
• Бировнинг эшаги кучлига ўхшайди.
• Баъзида кўр ҳам ҳассасини йўқотиб қўяди.
• Мулойимлик қўполлик пайтида билинади.
• Сув каналнинг бўш жойини ўпиради.
• Ҳаммага ўз каштаси чиройлидек кўринади.
• Эскиган ипак эшакнинг эгарига ҳам ярамайди.
• Бировнинг қиличи дастасидан ўзингнинг ўроғинг афзал.
• Кичкина найза ҳам одамни ўлдириши мумкин.
• Ўт ва момиқ пахта чиқишмайди.
• Битта сигир булғанса, ҳамма ёқни булғайди.
• Ёмғирдан қочиб, тарновга тутилди.
• Тиғ яраси тузалади, туҳмат яраси тузалмайди.
• Гиламга қараб оёқ узат.
• Кўтарилишдан сўнг доим тушиш бор.
• Ғалвир кўзага қараб “тешик” деган экан.
• Мишқи бўлса-да ўз опанг яхши.
• Ташқариси ― ширин, ичи ― ари уяси.
• Донога ақл ўргатма.
• Бировнинг бошмоғи сенга лойиқ келмайди.
• Фитнанинг олдини олмоқчи бўлсанг, фитна эшитувчи қулоқни кесиб ташла.
• Доно олға боратуриб, орқага қараб қўяди.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Афғонлар (ўзларини пуштун, патан деб атайдилар) — Афғонистоннинг асосий аҳолиси (11,975 млн. киши, 2004). 19 млн.дан ортиқ киши (асосан кўчманчи ва ярим кўчманчилар) Покистоннинг шимоли-ғарбида яшайди. Қабила бирлашмалари сақланган (афридийлар, вазирлар, гилзойилар, дурронийлар ва б.). Пушту тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан мусулмон-суннийлар.