Золим подшоҳ ва икки девона

Бир золим подшоҳ бўлиб, у доимо маст-аласт юрар, ниҳоятда беҳаё, босқинчи ва қонхўр эди. Ҳаром нафси уни ҳар хил ёмон ишларга буюрар, у эса ҳеч бир бўйин товламай, уларни бекаму кўст бажарарди.
Бир куни у айш жомидан нўш этаётиб, кўчадан ўтиб бораётган жанда кийган иккита дарвишни кўрди. Улар бир-бирларига ҳам дўст, ҳам ўртоқ, ҳам ҳамдам, ҳам сирдош, ҳам ғамхўр ва шафқатли эдилар. Шоҳ улардан бирини ўз ёнига чорлаб, шериги тўғрисида шундай савол берди:
— Айт-чи, сенинг ўртоғингга бўлган муносабатинг нимадан иборат?
Дарвиш шоҳга шундай жавоб қилди:
— Бизнинг ўртамиздаги муносабат бир-биримизга дўстлик, ҳамдамлик кўрсатиш ва ҳамфеъл бўлиб, ўзаро ҳамкорлик қилмоқдан иборатдир.
Ғофилликдан маст бўлган подшо яна шундай савол берди:
— Эй йўл соҳиби! Айтгин-чи, мен яхшиманми ёки сенинг  ўртоғингми?
— Менга иккингизнинг ҳолингиз ҳақида нимаики аён бўлса, ўшани баён қиламан. Ҳар иккаласидан хабардор бўлгач, эй тож эгаси, улардан ўзинг ҳукм чиқарасан.
Гарчи сен бир халққа шоҳ бўлсанг-да, лекин ҳақ йўлида гумроҳсан. Ҳақ нима буюрса, сен унга хилоф иш қилиб, кечаю кундуз умрингни ғафлатда ўтказмоқдасан.
Шеригим эса гарчи дарвиш ва гадо бўлса ҳам, Ҳақ амрини жойида бажо келтиради. У бирор марта тўғри йўлдан ташқари қадам қўймаган. Вақтини ҳақ амрини бажариш билан ўтказади.
Сен шоҳсан-у, аммо нафсингга магиуб ва хорсан, у гадо бўлса ҳам, нафсини ўзига асир этган. То тирик экансиз, ҳар иккингизнинг ҳолингиз шундай кечади. У гадо ва сен шоҳнинг яшаш тарзингиз шундайдир. Оиганингиздан кейин эса у – шоҳ, сен эса – гадо бўласан. Чунки сен маст эдинг, у эса тўғри йўлдан борувчидир.
Йўл пири бу сўзларни айтгач, шоҳ сесканиб, уйқусидан уйғонди. У аввал маст бўлган бўлса, энди унга ҳушёрлик етишди, уйқуси бедорлик билан алмашди. Шундан сўнг у шоҳликнинг зарбоф кийимларидан ор қилиб, уларни ечиб ташлади ва ўрнига жанда кийди. Ҳақдан кўнглига огоҳлик етиб, дарвишлик аслида шоҳлик эканини англаб етди.

Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.