Жасур йигит

Илк баҳор. Тоғлардан эриган қор сувлари пастга шиддат билан оқиб тушарди. Наҳр кўпригининг ўртасида бўлган кичкина бир уй ичида кўприк қоровули ва унинг шаҳардан кўргани келган хотини, иккита боласи суҳбатлашиб ўтиришарди.
Шу пайт ҳар томондан:
— Қоровул, тезроқ бўл, ўзингни ва оилангни ҳалокатдан қутқаз!—деган товушлар эшитилди. Сел ва тўлқинлар кўприкдан ошиб, қоровул уйи ва атрофини емира бошлади, кўприк силкинарди. Қоровул дарров уйчасининг томига чиқиб олиб:
— Бизга ёрдам қилинг, ёрдам!— деб қичқирди. Бир қари чол:
— Уларнинг  ҳалок бўлишларига озгина вақт қолди. Уйча ағанай деб турибди, нега қараб турибмиз? Бир жасур йигит борми ахир?—деб фарёд қилди. Бошқа қишлоқдан келган бир йигит қари чолнинг сўзларини эшитгач, отилиб ўртага чиқди.
Жасур йигит наҳр қирғоғидаги кичкина бир қайиқчага ўтириб, шиддат билан оқиб турган сувда кўп машаққатлар чекиб уйчанинг ёнига етиб келди. Аввал қоровулнинг икки боласини қайиқчага ўтқизиб машаққатлар билан уларни соҳилга соғ-саломат еткизди. Сўнгра яна кўп машаққат тортиб, бориб қоровул ва унинг хотинини олиб келди.
Ҳамма ҳаддан зиёд шодланиб, олижаноб, жасур йигитни олқишлаб миннатдорчилик изҳор қилдилар. Қари чол ва кампирлар кўзларидан шодлик ёшларини тўкдилар, жасур йигитга таҳсинлар ўқидилар.
Ўша ердаги мўътабар бир одам жасур йигитни мукофотламоқчи бўлиб:
— Раҳмат, олижаноб йигит, қилган одамгарчилигинг, яхши хизматинг учун, мана бу мукофотимни қабул қил,— деб унинг қўлига пул узатди.
Жасур йигит мукофотни қабул қилмай:
— Илтифотингизга раҳмат, мен мукофот олиш учун эмас, виждон амри билан, инсоний вазифамни адо этдим, буни пулга сотмайман. Менга берадиган шу пулларингизни қоровулга берсангиз, мен жуда ҳам ҳурсанд бўламан, чунки у рўзғордаги ҳамма нарсаларини бой берди, ёрдамга муҳтождир,—деб ҳамма билан хайрлашиб, ўз қишлоғига жўнади. Ҳамма у йигитга қойил қолди.