Ёлғиз дарвеш

Одамлар ва уларнинг ёмонликларидан йироқ юрган, қалби Аллоҳ ишқи билан лиммо-лим бир дарвеш бор эди. У ўта қаноаткор эди. Мол-мулк ва иззатга ҳеч аҳамият бермас; биргина хирқа билан озгина луқмани идора қилган эди. Бир куни у ўз хаёли билан ўтирар экан, ёнидан шу мамлакатнинг подшоҳи ўтиб қолди. Аммо, дарвеш ҳалиям бошини кўтармай, ишқий хаёлларидан сархуш ҳолда ўтирарди. Иззат-икром кутган подшоҳ, дарвешнинг бу ҳаракатидан ғазабга келди. Ва дарвешга қараб минғиллади:
–Зотан, бу хирқалилар ҳайвон кабидирлар. Инсонлик нималигини билмаслар.
Подшоҳ бир-икки одим олдинга ташлаганидан сўнг, вазир келиб дарвешга:
–Эй, дарвеш! Ер юзининг подшоҳи ёнингдан ўтди ҳозир. Нега туриб ҳурмат кўрсатмадинг? – деди. Дарвеш шундай жавоб қайтарди:
–Подшоҳингга айт, ким ўзидан умид қилса, ҳурматни ундан кутсин! Шуни ҳам билсинки, подшоҳлар халқни қўриқлаш учундир. Ҳар қанча давлат ва қудрат унинг қўлида бўлса ҳам, подшоҳ йўқсилнинг қўриқчисидир. Қўй чўпон учун эмас, чўпон унинг хизмати учундир.
Подшоҳ узоқроқда турса ҳам бу суҳбатни бефарқ ўтказиб юборолмади. Дарвешнинг гапларини эшитиб, унинг ёнига келди ва:
–Тила, тилагингни эй, дарвеш, – деди.
–Тилагим шуки, бир лаҳза оромимни бузма! –деб жавоб берди дарвеш. Подшоҳ бу жасур ва кескин заколи дарвешга тан бериб:
–У ҳолда менга насиҳат қил, – деди. Дарвеш:
–Ҳозир қўлингда неъмат кўплигида фирк юрит. Бу давлат ҳам, салтанат ҳам қўлдан қўлга ўтиб кетади. Ёзилган қадар келиб йиғиларкан, шоҳ ва гадонинг бир-биридан фарқи қолмайди.

Ҳикмат

Ҳеч бир вазият бардавом эмас. Ҳар қандай фаровончиликнинг ҳам охири бор. Бойлар қашшоқлашиб қолиши мумкин, мансабдагилар пастга тушиши ва ёшлар кексайиб қолиши мумкин. Ҳамма ҳам бир куни бу фоний дунёни тарк этади. Ҳар бир нарса биз учун ибратдир. Ундан вақтида хулоса чиқариш лозим.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси