Яширилган тош

Золим бир аскар бор эди. Ҳар замон ўнгу сўлга тегиниб турарди. Бир куни тинчигина кетаётган одамга қитмирлик қилди. Одамни жонини чиқариб юборди. Яна бошига бир тош билан урди. Одамнинг ўч олишга кучи етмади. “Бир кун келиб хирмон ўрарман…” – деб қўйди. Бошига урилган тошни олиб ёнида сақлаб қўйди.
Ниҳоят, кутган хабари келди. Уни тош билан урган аскар бир жинояти учун хибсга олиниб зиндонга ташланганлигини эшитди. Шу заҳоти тошни қўлига олди-да, тўғри зиндонга борди. Изн олиб ичкарига кирди. Ва аскарнинг олдига келиб яшириб қўйган тоши билан унинг бошига урди. Аскар ҳайрон бўлиб сўради:
– Сен кимсан? Нега бу тош билан калламга урдинг?
Одам:
– Мен фалончаман, – деди. – Бу ҳам фалон пайтда бошимга отилган тош бўлади.
Золим аскар:
– Хўп, шу пайтгача қаэрда эдинг? – деб сўради. Одам:
– Сенинг ҳолатингдан, аскарлигингдан андиша қилардим. Аммо, ҳозир сени зиндондалигингни ғанимат билдим, – деди.

Ҳикмат

Ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Кутилган фурсат етиб келмай қилинган иш, муваффақият қозонолмайди. Чунки керакли шартлар ҳали бажарилмаган бўлади.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси