Хотиннинг макри қозини енгди

Жуҳа исмли ақлли, аммо жуда камбағал бир одам бор эди. У хотинига:
— Эй хотин бу йўқчиллик жонимизга тегди. Сенда бу гўзаллик, бу чеҳра бор экан, ақлингни ишга солда, бир тузоқ қур, бой бўлайин. Фақат қурган тузоғингга ўзинг тушиб қолма, деди.
Хотин ўйлади, бир тузоқ ҳозирлади. Эрининг устидан шаҳар қозисига шикоят этмоқчи эди. Эртаси кун ясаниб маҳкамага борди, қозига учради:
— Эримдан шикоятим бор, бошқаларга кўнгил берди, менга бепарволик қиляпти, деб йиғлади, борини тўкиб солди. Қози шикоятчини бошдан кузатиб деди:
— Эй сарв бўйли гўзал маҳкамада бу ғала ғовур, бу шовқин бор экан, сени эшитмаяпман. Танҳо бир ерга борайликчи, деди. Хотин фурсатдан фойдаланиб:
— Тўғри гапиряпсиз. Бу жориянгизнинг уйи бўм бўш. Эрим бўлмиш ландавур қишлоққа кетди. Бу кеча уйимга келинг. Шикоятимни, дардимни шу ерда тушунтираман,  дея ширин гаплар айтди. Учрашув соати аниқланди. Қози тун ярмида уйга борди. Хотин уни ичкарига киритгач, эшик тақиллай бошлади. Хотин безовталик билан:
— Эй Худо, эрим келди. Сен тезда сандиққа яширин. Йўқса иккимизни ҳам ўлдиради  деб уйдаги бўш сандиқни кўрсатди. Қози қўрқувдан дир дир титрар эди. Сандиққа кирди.
Хотин эшикни очди, эрини ичкарига киргизди. Жуҳа ичкарига кирар кирмас гапиришни бошлади:
— Эй хотин, сендан нима кўрдим. Эшикни ҳатто менга кеч очяпсан. Боримни, йўғимни сенга бағишладим. Аммо хурсанд қилолмадим. Уйда бир шу сандиқ қолди. Уни ҳам эртага бозорда сотаман. Сотилмаса бозор ўртасида ёқаман.
Хотини бундай қилма, деса ҳам, Жуҳа қаршилик кўрсатди. Бир арқон олиб келиб, сандиқни яхшилаб боғлади. Ётдилар.
Эртаси кун эрталаб Жуҳа бир ҳаммол чақирди. Сандиқни кўтариб бозорга йўл олди.
Қози сандиқдан “Ҳаммол, ҳаммол…” дея чақираётган эди. Ҳаммол олдинига бу овоз қаердан келаяпти деб у ер бу ерга қаради. Кейин овознинг сандиқдан келганини эшитиб қулоқ солди. Қози:
— Эй ҳаммол, мен шаҳарнинг қозисиман. Сен сандиқни қўйиб қўймас маҳкамага бор. Ноибга учраш, ҳолатни тушунтир. Қанча пул бўлса бўлсин сандиқни олсин. Сенга юз олтин бераман.
Ҳаммол айтилганни қилди. Аҳволни тушинтиргач, ноиб бозорга келди. Жуҳага:
— Шу эски сандиқ учун қанча сўраяпсан?  деди.
Жуҳа:
— Тўққиз юз олтин бермоқчилар. Аммо мен минг олтиндан пастига бермайман. Хоҳласанг ичини очиб кўр, кейин тушунасан. Ноиб:
— Йўқ, сотиб оламан,  деб пулни берди. Орадан бир йил ўтди. Жуҳа пулларини еб битириб, хотинини яна маҳкамага юборди. Хотин маҳкамада яна эридан шикоят бошлаганда, қози уни дарров таниди:
— Сиз бу ўйинни ўтган йили ўйнагандингиз, мени тузоққа туширган эдингиз. Сиз энди қиморни бошқа биров билан ўйнанг,  деб маҳкамадан қувди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан