Ўз шаҳрига қайтиб келаётган подшоҳ ҳикояти

Саёҳатга чиққан бир подшоҳ ўз шаҳрига қайтиб келди. Шаҳар халқи шоҳни иззату икром билан кутиб олиш учун шаҳарни безадилар. Ким қўлидан нима келса қиларди, уйида нима бўлса олиб чиқарди ва шаҳарни чиройли қилишга сарфларди. Аммо зиндон аҳлида ҳеч вақо йўқ эди, уларнинг қўл-оёқларидаги банду занжирлари бор эди, холос. Ёнларида дўстларининг кесилган бошлари, ғаму андуҳдан пора-пора жигарлари бор эди. Аммо улар шоҳни кутиб олиш учун кесилган бош ва қўллар, оёқларни чиройли қилиб безадилар. Шоҳ ўз шаҳрига киргандан кейин чиройли безаклар, ранг-баранг алвонлар, зебу зийнатни кўрди. Аммо зиндон жойлашган жойга етганда, отидан тушиб, зиндон аҳлининг олдига борди, улар билан кўришиб, аҳвол сўраб, кўплаб туҳфалар инъом этди.
Саройга келгандан кейин шоҳнинг яқин кишиларидан бири шоҳдан сўради:
– Эй шоҳим, шаҳар аҳли сени деб шунча саъю ҳаракат қилдилар, шаҳарни шоҳию атлас билан безадилар, мушк-анбар сочдилар, аммо сен бунга эътибор қилмай, зиндон эшиги олдига келиб тўхтадинг ва зиндоний-лар аҳволини сўрадинг, бунинг сирри нимада? Ахир улар ўлимга маҳкум этилган, кесилган қўл-оёқ ва бошларни тахлаб сени кутиб олдилар.
Шоҳ деди:
– Шаҳар аҳлининг безаклари — болаларнинг ўз ўйинчоқларини безагандай гап. Уларнинг ҳар бири шаъну шавкати, бойлигини кўрсатиш мақсадида иш қилган, улар-нинг ишларида ўзларини кўрсатишга интилишлари аён кўриниб турибди. Уларнинг барчаси менга мақтаниш, диққатимни тортиб, хурсанд қилиш ниятида бўлганлар.
Аммо менинг фармонимни фақат зиндон аҳли бажармоқдалар. Агар менинг амрим бу ерда ижро этилмасайди, бошлар танадан жудо қилинмасди. Бу ерда ҳукмим аниқ ва пухта жорий этилганини кўрмоқдаман. Шу боис бу ерга келиб отдан тушдим ва зиндоний ҳолини сўрадим. Шаҳарни безаганлар ўз ғурурлари, манманликлари ичра ғарқдирлар. Фақат зиндон аҳли ҳайрону бечоралар, улар менинг ҳукмим остида ночордирлар. Булар гоҳқўлни, гоҳбошни берадилар, ҳўлу қуруқ, иссиқ ва совуқ булар учун бирдай. Ўлимни кутиб, унга пешвоз чиқадилар, зиндон чуқурларидан тўғри дор остига борадилар.
Агар билсанг, бу зиндон мен учун гулшанга айланди, гоҳ улар менга ҳавас қилардилар, гоҳ мен уларга ҳавас қилардим — бир-биримизни ботинан англаб қучоққа олардик. Йўлни кўрувчиларнинг бурчи фармон билан юришдир, ана шунда Шоҳ ҳам зиндонга келади.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.