Устозининг канизагига ошиқ бўлган шогирд ҳикояти

Багоят истеъдодли, зеҳни ўткир, доно бир йигит бор эди. Кеча-кундуз узлуксиз ўқиш, илм олиш билан банд эди. Йилида икки кеча таътил қиларди, холос. Одамлар билан иши йўқ эди, иши нуқул таълим олиш, илм такрорлаш эди. Устози ундан хурсанд эди, шогирдининг пок ахлоқи, берилиб илм олишини мақтаб, ибрат қилиб гапирарди. Уни бошқа шогирдларидан афзал билар, алоҳида ўтқазиб суҳбат қиларди.
Аммо устознинг парда ортида ой деса ой, кун деса кундай гўзал бир канизаги бор эди. У шундай гўзал эдики, кўзлари шўх-шўх боқар, қомати дилни ошуфта қилар, сўзлари жонга жон бағишларди. Бошдан-оёқ руҳдан иборатдай, латофат устига латофат, малоҳат устига малоҳат ёғилгандай офати жон эди. Ширинликда шакарга панд берар, итобу карашмаси ҳар қандай қаттиқ кўнгилни юмшата оларди. Икки ўрам сочи ерга тегар, атайлаб қилинган эмас, балки аслида шундай узун эди сочлари. Икки лаъли лабидан сўз эмас, асал томарди. Тўтилар унинг нутқини эшитсалар ҳасаддан парларини тўкардилар. Икки кўзи қалбга ўқ отгандай жозибали эди, отилган ўқлар эса юракларни қон қилиб чиқйб кетарди.
Тўсатдан шогирд йигитнинг қўзлари ўшал соҳибжамол канизак юзига тушди. Бир дамда унинг ҳусну жамолига мафтун бўлиб қолди. Кўнгли ихтиёрини қўлдан берди.
Шогирд ўзига ўзи деди:
— Шу ой юзли шогирди бўлсам бас эди, унндан бошқа устоз менга керак эмас. Унинг йўлидан кўз узмасман, менинг ишқим — шогирд, унинг ҳусни эса — устозим.
Йигит ўз устозининг дарсларини тарк этди, сабру қарори-ни йўқотиб, канизакка бўлган меҳри қундан-кун орта берди. Заъфарон шохасидай юзи дарддан сарғайди, ҳоддан тойиб ётиб қолди. Ишқ келиб ақлни босиб олди, ошиқни жонидан безор қилди. Кўплар илму донишни тўпладилар, аммо бир зарра ишқ уларнинг барини барбод этди. Зоҳир илми кибру ғавго келтирар, ишқибозлик ўртаниш ва девоналик келтиради. Кимки илмни ишқсиз топган бўлса, унинг илми мол-дунё ва мансаб муҳаббатига сарф бўлади.
Алғараз, шогирд ишқ савдосида ўртаниб, гулни тикандан ажратолмай кеча-кундуз оҳу нола чекарди. Оқибатда бира тўла хасталаниб, ожизу ночор ҳолда тўшакка михланиб қолди. Шогирднинг канизакка ошиқлиги устозга маълум бўлди. Устоз ақлини ишлатиб, ҳийлаву ҳикмат йўлини тутди: аввал ул канизакнинг икки қўлининг томирини кесиб, қон ола бошлади, сўнгра бир дори бердиким унинг оқибатида қизда ҳайз юз берди. Натижада канизакнинг юзи олтин рангидай сарғайиб сўдди, гулдай яшнаган юзи заъфарон баргидай бўлди. Унинг чеҳрасида илгариги зеболик қолмади, юзларининг таровати ҳам йўқолди. Ҳуснидан бирор нишона қолмади. Кадаҳ синди, соқий кетди. Канизак вужудидан ташқари чиққан фасодларни тоғорага солдилар. Устоз зийрак шогирдни чақиртириб келди. Канизакни парда орқасига ўтқазди. Шогирд унинг юзига қаради, сўнфа андомига назар солди. Бу ишдан ҳайрон бўлди, чунки илгари кўрган зебо қиз йўқ эди. Унга яна бир қаради-ю кўнгли совуди, ишқни унутиб, аввалгидай таҳсилга машғул бўла бошлади. Устоз шогирдининг қутулганини кўрди, унинг ғаму ташвиши ариб, аввалги шодлиги қайтган эди. Ишқ олови сўниб, шогирд совуди ва ранжу дарди кетиб, тузалиб қолди.
Устоз ўшал тоғорани келтиришни буюрди. Тоғорани шогирд олдига қўйиб, деди:
— Эй барно йигит, ишинг яхши-ликка юзланди, беқарор бўлдинг ва яна қарор топтинг, ул ишқ йўлидаги ўртаниш — ёнишларинг қани, шумликлар, беҳаёликларинг қани? Ул санам доим сен билан бўлади, сен у билан ҳамиша ишрат қиласан деб орзу қилардинг. Нимадан юзинг унинг ишқида сарғарди ва яна нега ишқинг олови сўниб совудинг? Бунинг сабаби нима? Ҳолбуки сен ҳам ўша, канизак ҳам ўша-ўша. Аммо канизакдан фақат бир нарса камайди, яъни тоғорадаги фасодлар. Сени мафтун этган, девонаю мубтало қилган нарса шу эди. Бу нарса канизакдан ажралгандан кейин, сендаги ишқ ва унинг савдоси ҳам совуди. Сен канизакка қараб оҳу нола чекардинг, дарҳақиқат, аслида, шу тоғорадаги қон ва фасод ошиғи экансан. Сен жуда бефаросат чиқдинг, ахир қон ва нажосат ошиғи эканлигинг маълум бўлди.
Ул шогирднинг аҳволи ўзгарди ва тавба қилиб, илм такрорига ўтирди. Кимки суратга сиғинишни мақсад қилса, албатта бу маънолар, сифатларни англаб етмайди. Суратнинг асл моҳияти сенинг шайтоний нафсингдур. Маънонинг асли сенинг руҳоний жонингдир. Сифат ишқида суратни тарк эт, токи сенга маърифат офтоби порлаб кўринсин. Суратингфасод ва қондан бошқа нарса эмас. Суратга сиғинган киши теран фикрловчи киши эмас, балки зоҳирбиндир. Фасод ва қондан зеболик топган жамъи нарсаларга мубтало бўлиш девоналик-дир. Қачонгача, эй айб изловчи киши, сурат атрофида айланасан, Ҳусн Ғайбдадир, ҳуснни Ғайбдан изла!

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.