Туякаш ва файласуф

Бир бадавий туясига икки қоп юклаб, ўзи ҳам устига миниб йўлга чиқибди. Йўлда паришон бир файласуфни учратибди. Файласуф ҳазил орасида бадавийдан сўрабди:
— Туянинг устидаги қопларда нима бор? Бадавий:
— Бирисида тўла буғдой, бирисида қум.
— Нега қум тўлдирдинг? Бадавий жавоб берди:
— У қоп бўшқолмасин. Туянинг устида мувозанатни сақласин деб.
Файласуф бадавийга:
— Ақлингни ишлатиб бу буғдойнинг ярмини бу қопга, бошқа ярмини эса у тарафдаги қопга қўйсанг, ҳам туянинг юки енгиллашарди, ҳам қопларнинг, дебди. Бадавийга бу фикр маъқул тушибди.
— Тўғри ўйламаган эканман…, — деб шундай қилибди. Туриб туриб бу даражадаги ақлли одамга қизиқиб қолибди. Қандай қилиб бу ақлли одам шундай паришон ҳолда юрибди экан, деб ўйлабди. Қизиқишини яширмай сўрабди:
— Эй ақлли одам, сенда шунча ақл, шунча фикр бор экан, нега яёв юриб ўзингни чарчатяпсан? Бу ақлинг билан сен ё султонсан, ё вазирсан. Тўғрисини айт, кимсан?
Файласуф жавоб берди:
— Иккиси ҳам эмасман, оддий бир одамман. Бадавий яна сўради:
— Қанча туя, қанча ҳўкизинг бор?
— Ҳеч қанча.
— Яхши, дўконингдаги молларчи? ундан гапир?
— Менинг на дўконим, на ерим, на юртим бор. Мен файласуфман.
— У ҳолда қанча пулинг бор?
Пул у ёқда турсин, ҳатто нон олишга бир чақам ҳам йўқ. Яланг оёқ, бошпанасизман. Бу қадар ҳикмат ва илмдан факат хаёл ва бош оғриғини топдим.
Бадавий бу гапдан жаҳди чиқибди:
— Йўқол, кет бу ердан. Сенинг илминг, насиҳатинг менга ҳам зарар келтиради, бошимни оғритади. Сен шу йўлдан кет, мен бу йўлдан. Бир қопимда буғдой бошқасида қум бўлиши сенинг ҳикматингдан, фойдасиз ва кераксиз фалсафангдан яхшироқдир.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан