Туронлик буюк донишманд

Абдуллоҳ ибн ал-Марвазий (милодий 739-798 й) нафақат машҳур муҳаддис, балки иймон-эътиқоди, ахлоқ-одоби, ҳожатбарорлиги билан ҳам ном қозонган беназир аллома эди. У Марв шаҳрида таваллуд топади. Шарқнинг кўзга кўринган илмий-диний марказлари — Боғдод, Басра, Макка, Мадина, Балх, Бухоро, Самарқанд, Қарши шаҳарларида бўлиб, тўрт мингга яқин олимлардан сабоқ олади, ҳадислар тўплайди, мингга яқин тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан ҳадислар ривоят қилади.

Алишер Навоий ҳазратлари ўзининг «Насоим ул-муҳаббат» асарида Абдулла ибн ал-Муборак ҳақида чуқур эҳтиром билан сўз юритиб, «Они уламонинг шаҳашоҳи дер эмишлар», деган фикрни айтади. Сўйи Оллоёр ҳазратлари эса «Сабот ул-ожизин» асарида ул зотга алоҳида боб бағишлайди. Шунингдек, мисрлик, суриялик, саудиялик бир қатор замонавий олимлар ҳам Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ҳаёти, илмий-маънавий мероси билан қизиқиб, қизиқарли тадқиқотлар эълон қилдилар. Яқинда шундай тадқиқотлардан бири суриялик олим Муҳаммад Усмон Жамолнинг «Ибдуллоҳ ибн ал-Муборак» номли рисоласи тарих фанлари доктори, таниқли таржимон Убайдулла Уватов томонидан она тилимизга ўгирилиб, «Буюк донишманд» номи билан нашр қилинди.

Шу ўринда буюк алломага алоқадор яна муҳим бир маълумотни келтиришни лозим топдик.

Абдуллоҳ ибн ал-Муборак 798 йилда 63 ёшида Ироқнинг Ҳийт деган шаҳарчасида вафот этган эди. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз олис араблар замонида дафн этилган туронзамин фарзанди хокидан келтириб, Қарши шаҳри яқинидаги Хўжа Муборак қишлоғида рамзий мақбара барпо этган эди. Истиқлол шарофати билан мазкур мақбара қайта таъмирланиб, обод зиёратгоҳга айлантирилди.

Қуйида «Буюк донишманд» рисоласида келтирилган Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ҳақидаги ривоятлар билан танишасиз.

Ибн Муборакнинг дунёга келиши

Ибн Муборакнинг тўлиқ исми-шарифлари Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ибн Возиҳ ал-Ҳанзалий ат-Тамимий Абу Абдураҳмон ал-Марвазий бўлиб, табаъа тобеъин (Пайғамбаримиз саҳобаларини кўрган одамларни кўрган)лардан ҳисобланади. Баъзи манбаларда Абдуллоҳ ибн Муборакнинг онаси — хоразмлик, отаси — туркийлардан бўлган деб қайд этилади.

Ривоят қилишларича, Абдуллоҳнинг отаси Муборак бир бойнинг боғида кўп йиллар боғбон бўлиб хизмат қилган экан. Бир куни боғ эгаси келиб унга:

— Мен ширин анор емоқчиман, олиб чиқ, — дебди. Муборак унга анор келтириб берибди. Хўжайин анорни еб кўрса, нордон экан. Жаҳли чиқибди-да:

— Мен сенга ширин анор олиб кел дедим-ку, сен эса нордонидан олиб келдинг. Бор, менга ширин анор келтир! — дебди. Шунда Муборак бориб бошқасини келтирибди. Бой еб кўрса, у ҳам нордон экан. Бой дарғазаб бўлиб, учинчи марта юборибди, бу сафар ҳам нордон чиқибди. Шунда хўжайин ҳайрон бўлиб:

— Нима, сен ширин билан аччиқни фарқлаёлмайсанми? — деб сўрабди.

— Фарқлайман, аммо анорларнинг қайси бири ширин, қайси бири нордон эканини билмайман-да, — дебди Муборак.

— Нега билмайсан?

— Мен шу пайтгача бу боғда пишган анордан татиб кўрмадим…

— Нима учун, — қизиқиб сўрабди бой.

— Чунки бу боғ сизники, сиздан берухсат боғнинг меваларидан ейишим ўғирлик-ку, ахир, — деб жавоб берибди Муборак. Боғ эгаси сўраб-суриштирса, ҳақиқатдан ҳам бу йигит ҳали бирон марта бу боғнинг мевасидан татиб кўрмаган экан. Шундан сўнг хўжайиннинг боғбон йигитга ҳурмат-эътибори ошибди.

Хўжайиннинг бир қизи бўлиб, ўша пайтларда совчилар келиб турган эди. Бой боғбоннинг ақл-заковатли, ҳалол-покиза, тақводор йигит эканлигини билгани учун ундан маслаҳат сўрабди:

—    Эй Муборак, қизимни кимга берсам экан?

Шунда Муборак дебди:

—    Хўжайин, жоҳилия даврида (ислом динидан олдинги давр) одамлар қизи бор хонадоннинг шону-шуҳратига қизиқиб уйланар эди. Ҳозирда ҳам айримлар мол-дунёга, бошқа бировлар ҳусни-жамолига қараб уйланади. Ваҳоланки, дини исломда қизнинг дину диёнатига, ақл-фаросатига қараб уйланиш тавсия этилади.

Боғбоннинг бу тахлит мулоҳазалари бойга жуда ёқиб тушибди, кечқурун уйига бориб, дастурхон атрофида ўтирганида Муборак ҳақида илиқ фикрлар айтибди ва “қани энди шундай ақлли, художўй, покдомон йигит куёвинг бўлса…” деб орзу қилибди. Тез орада эса унинг орзуси амалга ошиб, боғбон йигит Муборак унга куёв бўлибди. Вақти-соати келиб бу хонадонда Абдуллоҳ ибн Муборак дунёга келади…

 

“Йиғлаганимнинг боиси…”

Абдуллоҳ ибн Муборак сафарларда ўз ҳамроҳларга ҳар доим яхшиликлар қилар, ҳожатларини чиқарар, одамларни ҳидоятга ва иршодга бошлашда бутун жидду жаҳдини сарфлар эди. Башарти, қайси бир ҳамроҳини нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга (ҳидоятга) бошлай олмаса, қаттиқ эзилиб, афсус-надоматлар чекарди.

Бир гал сафарга чиққанида, бадхулқ, тарбия кўрмаган бир одам унга ҳамроҳ бўлиб қолди. Бу одам ўзини ҳар хил куйга солиб, мунофиқлик қилиб, Ибн ал-Муборакка анча азият етказди. Қачонки у манзилига етиб, карвондан ажраб кетган чоғида Ибн ал-Муборак бир чеккага чиқиб йиғлай бошлади. Шунда карвондагилар Ибн ал-Муборакдан бунинг сабабини сўрадилар.

—    Тўғри, аслида биз ундан қутулганимиз учун қувонишимиз керак, негаки, у кела-келгунча менга ҳам, карвондаги бошқа йўловчиларга ҳам озор бериб келди. Ҳайҳот, биз ундан қутилдиг-у, аммо у ўзининг ёмон қилиқларидан қутила олмади, уйига етиб боргач, бола-чақасига ҳам, қўни-қўшниларига ҳам яна озор бериб яшайверади. Мен шунга йиғлаяпман…

 

Ибн ал-Муборакни биласанми?

Аҳмад ибн Синон шундай ҳикоя қилади:

Илм олиш йўлидаги ҳаракатларининг дастлабки пайтлари Ибн ал-Муборак ҳадис ва фиқҳ илмлари бўйича атоқли олим Ҳаммод ибн Зайднинг ҳузурига келади. Суҳбатлашиб ўтириб, атоқли олим йигитнинг илми ва иқтидори, истеъдодининг ноёблигидан ҳайратланиб сўради:

—    Сиз қайси юртдан бўласиз?

—    Хуросонданман, устоз, — деб жавоб берди Абдуллоҳ.

—    Ҳаммод ибн Зайднинг Хуросонда шогирдлари кўп эди, қолаверса, у кўпгина хуросонлик олимларни ҳам танирди. Шунинг учун дўстларию шогирдларидан янги хабар эшитаманми, деган ниятда:

—    Хуросоннинг қаеридансиз, эй йигит? — деб сўради.

—    Марвданман.

Буни эшитиб Ҳаммод ибн Зайд бир қўзғалиб олди. Зеро, Марв — машҳур олиму уламолар, илм соҳибларининг юрти-да.

—    Табаррук тупроқдан экансиз. Марв — дунё шаҳарлари орасида “шоҳи жаҳон” деб ном олган. Бу шаҳарда Абдуллоҳ ибн ал-Муборак исмли ёш уламо етишиб чиққанини яқинда гап қилишган эди. Ғоят иқтидорли, илмли эмиш. Сиз Ибн ал-Муборакни билурмисиз?

—    Ҳа, билурман, — деди Абдуллоҳ бироз ажабланиб.

Ҳаммод ибн Зайд ҳаяжонланиб кетди. Ахир, марвлик машҳур ёш уламо ҳақида сўнгги янгиликларни шаҳар аҳлига етказишнинг имкони пайдо бўляпти-да…

—    Хўш, айтинг-чи, йигит, ҳозир Абдуллоҳ ибн ал-Муборак нима иш қиляпти?

—    Абдуллоҳми? У ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирибди.

Бу гапни эшитган Ҳаммод ибн Зайд ўрнидан туриб, келган меҳмон билан қайтадан қучоқлашиб кўришди, ҳол-аҳвол сўрашди. Икки ўртада ғоят самимий муносабат қарор топди.

Машриқу Мағриб фақиҳи Абдуллоҳ ибн Синон ҳикоя қилади: Замонасининг улуғ алломалари Ал-Фузайл, Суфён ас-Саврий ҳамда бошқа устозу-машойихлар Маккада, Масжид-ул ҳарамда суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Шу пайт ён томондан келаётган Ибн ал-Муборак кўриниб қолди. Уни кўрган Суфён ас-Саврий:

—    Бу одам аҳли Машриқдан, — деди.

Шунда ал-Фузайл қўшимча қилиб:

—    Бу одам Машриқ ва Мағриб ҳамда уларнинг ўртасидаги ҳудудлардан, — деди камоли эҳтиром билан.

 

Ҳовли эмас, қўшни оляпсизлар

Аллома Ал-Хоразмийнинг “Муфийд ал-улум” (“Илмлар фойдаси”) номли асарида келтирилишича, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг бир яҳудий қўшниси бўлиб, у бир куни ҳовлисини сотиш ҳаракатига тушиб қолибди. Харидорлар келиб, ҳовлининг нархини сўрашса, яҳудий “икки минг динор”, деб жавоб берибди. Шунда харидорлар ажабланиб:

— Во ажабо, ҳовлининг ўзи минг динор туради-ку, намунча нархини осмонга кўтармасанг, — деб ҳайрон бўлишибди. Шунда яҳудий:

— Гапларингиз рост, ҳовлимнинг асл нархи — минг динор. Аммо менинг ким билан қўшни туришимни биласизми? Мен — Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг қўшнисиман-а! Шундай қўшни шарафига ҳовлимнинг нархини яна минг динорга кўтардим, — деган экан.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 17-сонидан олинди.