Тўтиқушнинг ҳийласи

Бир савдогар уйида овози ёқимли, гапирадиган, қувноқ тўгиқушни парвариш қилар ва у билан кўнглини ёзарди.
Бир куни тижорат учун Ҳиндистонга йўл тадоригини кўрибди. Уйдагиларнинг ҳар биридан алоҳида алоҳида: «Айтинглар Ҳиндистондан сизга нималар олиб келайин? Нима хоҳлайсиз?» деб сўрабди. Ҳар ким ўз  истаган нарсасини айтибди ва навбат тўтиқушга келибди.ъ» Савдогар:
— Эй гўзал тўтиқушим, сўйла, нима истайсан, келтираман истаган нарсангни, дебди.
Тўтиқуш бўйнини хам қилиб:
— Мадомики Ҳиндистонга кетаётган экансан, у ердаги тўтиқушларни кўрсанг, менинг ҳолимни атрофлича тушунтир. Айтгинки, сизнинг ҳасратингизда ёнган бир тўтиқушим бор. Бизнинг уйда қафасга солинган. Сизга салом айтди ва сиздан ёрдам истади. Қисмат экан, мен бу ерда, ғурбат  ерларда ҳасрат чекаётирман, сиз эса яшил манзаралар, дарахтлар орасида гул боғлар қўйнида, сайр этаётирсиз. Дўстлар вафоси шундай бўладими, деб айт,  дебди.
Савдогар:
— Яхши, айтганларингни етказаман,  деб йўлга тушибди. Ҳиндистон ҳудудига кириши билан дарахт шохларида бир гала тўтиқушни кўрибди. Отини қўйиб, уларга тўтиқуши айтган гапни оқизмай томизмай етказибди. Бу гапларни эшитган тўтиқушлардан бири титрашни бошлабди. Бироздан сўнг нафаси қайтиб, йиқилиб ўлибди. Савдогар бу ҳолдан қаттиқ изтиробга тушибди:
— Афсус, бир жоннинг бошига етдим. У ҳар ҳолда менинг тўтиқушимни севгилиси ёки қариндоши эди. Кошки гапирмасайдим, хабар бермасайдим. Бечоранинг жонига завол бўлдим,  деб ўйлабди. Шу зайлда Ҳиндистонга кирибди ва тижорат ишларини бажариб, совғаларни олибди. Сўнг мамлакатига қайтибди.
Уйдагиларига ҳадяларни тарқатар экан, тўгиқуш овоз чиқариб сўрабди:
— Мен бечорага ҳеч қандай совғанг йўқми? Ҳиндистонда нималар кўрдинг, у ердаги тўтиқушларга нелар сўзладинг?
Савдогар, гарчанд кўрганларини айтишни хоҳдамасада, тўгиқуши ундан қайта қайта сўрайвергач:
— Айта олмайман. Аҳмоқлик қилиб қўйдим, сендан уларга хабар етказдим, энди эса бу ишимдан қаттиқ афсусдаман,  дебди.
—Хўш, нега афсусдасан? Бу ташвишингнинг сабаби нима? Илтимос, сўзла…
«Воқеани эшитгач, тўтиқушим қандай ҳолга тушаркин?» деб ўйлабди савдогар ва охир оқибат мажбуран сўзлашни бошлабди:
Сенинг ҳолингни уларга етказдим. Улардан бирининг жонига жабр этдим. Ораларидан бири сўзларймни эшитгач, титраб йиқилди ва жон таслим қилди. Ҳозир мен қаттиқ афсусдаман. Виждон азобида қолдим. Лекин бўлар иш бўлди…
Тўгиқуш бу сўзларни эшитгач, титрай бошлабди. Бироздан сўнг дами қайтибди. Савдогар бу ҳолни кўрар кўрмас: «Э воҳ!» дебди. «Эй гўзал тўгиқушим, эй ёқимли овозлигим, эй қалбим нашъаси, сенга нима бўлди? Эҳ, афсус», деб нола чекибди.
Тўгиқушни қафасдан чиқарибди. Шунда тўгиқуш баногоҳ қанот ёзиб учиб кетибди. Савдогар ҳайрон бўлиб тўтиқушга дебди: «Эй бу не ҳол? Нималар бўляпти?» Тўтиқуш қувноқ оҳангда жавоб берибди: «Ҳиндистондаги тўтиқуш ўз ҳаракати билан менга насиҳат берди. Айтдики: гапиришни, сайрашни қўй. Чунки сен қафасдасан. Сўнг ўзингни ўлганга солиб, Мен қилган ишни қил. Мен каби ўзингни ўлганга солсанг, қафасдан қутуласан», демоқчи бўлган». Тўтиқуш шу гапларни айтиб, учиб кетибди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан