Толеъсиз муштумзўр

Бир муштумзўр бор эди. Ҳаётини уриш билан ўтказарди. Афсуски, омади ҳеч кулмади. Ишлари чаппасига кетиб, анча қийналди. Бирон чорасини топиш учун қаттиқ ҳаракат қилди. Охири бир қарорга келиб отасига:
–Саёҳатга чиқиб узоқларга кетмоқчиман. Балки ўша жойларда билагимдаги куч билан хоҳлаган ишимни қилиб муродимга етарман, – деди. Отаси:
–Ўғлим! – деди. Бекорчи хаёлларни миянгдан чиқариб ташла-да, борига шукр қил. Катталар, “Саодат тиришганинг билан бўлмайди, унинг чораси бир озгина жўшиб тошмоқликдир” деганлар.
Муштумзўр:
–Аммо, ота… – деди. Йўлнинг фойдалари кўпдир. Кўнгилни хушламоқ, фойдали нарсаларни ўрганиб, ажойиб нарсаларни кўрмоқ, эшитилмаган нарсаларни тинглаб шаҳарларни кезмоқ, дўстлар билан суҳбатлашиш, обрў орттириш, мол-дунё ва дўст оғийни орттириш, омадни синаб кўриш каби… Шунингдек, баъзи дарвешлар, “Эй, сен ҳам дўконда, ҳам уйда ўралашиб қолсанг асло етилмайсан! Юр, тарк этадиган кун келмасидан олдин аланиб чиқ дунёни!” – дебдилар.
Отаси:
– Менга қара, ўғлим! – деди. Айтганингдек, сайру томошанинг кўп фойдалари бор. Лекин бу фойдалар бир неча меҳрибон инсонлар учундир.Биринчиси, тужжордир. Сарвати, кучи, маҳбуслари, жуда чаққон хизматкорлари бор. Ҳар куни бир шаҳарда, ҳар кеча бир қўноқда, ҳар он бир ўйин-кулгу жойида дунё неъматларидан фойдаланади. Чунки, моли бор одам тоғда ҳам, қирда ва чўлда ҳам ғариб эмас. Қўли дунё мулкига етмаган кимса, ўз юртида ҳам ғариб ва ночордир.
Иккинчиси олимдир. Тотли суҳбатга, чиройли сўзларга ва бенуқсон ифода этишга қобилиятлидир. Қаэрга борса, хизматига оладилар, ҳурмат кўрсатадилар. Олим кишининг борлиғи зарҳал олтини кабидир; борган жойида қадр-қийматини биладилар. Бир улуғ кишининг боласи бўлса ҳам, жоҳил бўлса, қалб пулга ўхшаш; уни бегона юртларда пуллари учун ҳурмат қилмайдилар.
Учинчиси ёқимли овоз соҳибидир. Довуднинг овози ила оққан сувни, учган қушни тўхтатади. Ва бу хислати билан инсонлар қалбини эгаллайди. Илм арбоби у билан дўстлашгиси келади. Дўстлар қулоғига ҳазин ва тотли овоз жуда хуш ёқади. Чунки бу Довудий сас, руҳнинг озиғидир.
Тўртинчиси ҳунарманддир. Билак кучи билан ризқини топади ва бир луқма учун ўзгаларга лаганбардорлик қилмайди. Донолар айтганидек, “Юртидан айрилиб узоқларга кетса ҳам эскичи азоб ва қийинчилик тортмайди. Нимрўз шоҳи ўлкасидан чиқиб, бегона юртга тушса, шу кеча оч ётади”.
Шундай экан, ўғлим. Сафарга фақатгина ҳозирги одамлар чиқса бўлади. Булардан бебаҳра инсон йўлга бекорчи ҳаёллар билан чиқса, уларнинг сонини санаб бўлмайди.
Отасининг гапларидан сўнг муштумзўр:
–Отажон, донолар сўзига қандай кирайин? Донолар, “Ҳар ким ўз ризқи билан. Фақат уни топиш йўлида иштиёқ керак. Бало пешонамизга ёзилган бўлса-да, кирадиган эшикларимиздан эҳтиёт бўлишимиз керак” –дейишган. Мен эса, даҳшатли филга ҳужум қилиб, ўкирган арслонга панжа отадиган ҳолатдаман. Тўғриси шуки, йўлга чиқаман. Йўқчиликка бундан ортиқ чидай олмайман. Еридан айрилганидан сўнг, инсон нега ғамга ботиши керак? Бутун уфқлар уники бўлади-ку. Кечада ҳар битта бой саройига кетса, камбағалнинг саройи кеча кирган манзилдир.
Муштумзўр шундай деб отасидан ёрдам сўради. Сўнгра ваъда бериб йўлга тушди. Йўлда кетар экан:
–Омадсиз ҳунарманд, ўзи билмайдиган жойларга боради, –деди. Муштумзўр кета-кета бир дарё қирғоғига келиб қолди. Дарё жуда кенг эди. Суви жуда шиддатли, ваҳимали оқарди. Қулоқлари гаранг бўлгудек шовқин-сурон билан оқаётган бу дарёда ўрдаклар ҳам сузишга жасорат этолмасди.
Дарё четида улкан бир қайиқни кўрди. Қайиқ инсонларни пул билан нариги қирғоққа ўтказиб қўярди. Бир неча инсон қайиққа чиқиб кетишга ҳозирлик кўраётган эди. Муштумзўрнинг эса пули йўқ эди. Ва ўзини мақтаб, “Мен ундайман, мен бундайман!” – деди. Аммо, ҳеч ким қайиққа миндирмади. Ортларидан ялиниб ёлворди, лекин кор қилмади. Унга ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади. Баъзилар камситиб:
–Пулинг бўлмаса, бировга зўрингни ўтказолмайсан. Пулинг бўлса зўр бўлишинг шарт эмас, –дедилар. Яхшиликни билмаган, марҳаматсиз қайиқчибоши ҳам қаҳқаҳа отиб кулди. Юзини терс ўгириб:
–Пулинг йўқми? Дарёни машаққат билан кечиб бўлмайди. Ўн кишилик қувватингдан нима ҳам чиқарди? Сен, бир кишининг пулини бер, вассалом! – деди. Бу сўзлар ёшгина муштумзўрни ранжитди. Дилини оғритди. Улардан ўч олгиси келди. Муштларини сиқиб, қайиқ юра бошлаганида:
–Рози бўлсангиз, устимдаги кўйлагимни бераман! – деб бақирди. Қайиқчибоши ўта таъмакор, пашшадан ҳам ёғ чиқарадиган одам эди. Дарҳол муштумзўрнинг олдига келди. Йигит бир қўли билан қайиқчибошининг соқолидан, бир қўли билан ёқасидан тутиб, ўзига тортди. Ва ҳамманинг кўз ўнгида бемалол дўппослай кетди. қайиқчибошининг одамлари ёрдамга келишди. Уларнинг ҳам кучи етмай, ортга тисарилишди. Ва бўлиб ўтган англашилмовчиликлар учун ялтоқланиб муштумзўрнинг оёғига йиқилишди. Уни нотўғри тушунганликлари айтиб узр сўрашди. Шундан сўнг йигит қайиққа минди. Дарёнинг қоқ ўртасига етганларида улкан ва учқур бир қояга дуч келишди. Қайиқчибоши қайиқни қояга яқинроқ этиб:
–Қайиқнинг бир нуқсони бор. Орангизда энг жасур ва энг зўр, билагида кучи кўп одам бўлса, мана шу қояга чиқсин; қайиқнинг арқонидан тутсин, биз қайиқни таъмирлаб оламиз, –деди. Ёш муштумзўр ўнгу сўлига қаради. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Йигитлик ғурури билан ўрнидан турди. Ярадор душманининг ҳеч ҳасратини эшитмаганди шу пайтгача. Доноларнинг, “Бирвнинг кўнглини озгина қирдингми, кейин қанча яхшилик қилсанг ҳам, ўша дилозорлигингни ўчидан эҳтиёт бўл. Ўқ ярадан чиқади, аччиғи кўнгилда қолади”, деган ўгитига амал қилмади.
Муштумзўр, қайиқ арқонидан тутиб, қоянинг теппасига чиқди. Арқонни қояга ўрашга киришди. Қайиқ шу орада қоядан анча узоқлашди. Қайиқчибоши чаққонгина ҳаракат қиларди. Шошиб қолган муштумзўр, ўша ерда қолиб кетди. Анча йироққа кетган қайиқдан қайиқчибошининг қаҳ-қаҳ отгани эшитилди. Муштумзўр қоя тепасида бир икки кун оч, сувсиз қолиб, азият чекди. Учинчи куни, мудраб ухлаб қолди ва беихтиёр думалаб дарёга тушиб кетди. Сув уни оқизиб кетди. Соатлаб оқар сув билан курашди. Охири Аллоҳнинг қудрати билан дарёга ташланган дарахтни кўриб, унинг шохларига осилди ва қирғоққача етиб олди. Чиққан жойида букилиб қолди. Анча вақтдан сўнг ўзига келди. Аммо, жуда ҳолдан тойган эди. Очликдан меъдаси қуриган; ёввойи ўтлар билан озиқланди. Бир оз ҳушига келгач, йўлга тушди.
Оч, сувсиз, бемадор аҳволда қудуқ ёнига келди. Қудуқ бошида бир қанча инсонлар бўлиб, ичимлик сувини пулга сотиб олишар эди. Муштумзўрда пул йўқ эди. Сув сўраган эди, беришмади. Кейин зўрлик қилиб ичмоқчи бўлди, одамлар уни итариб юборишди. Орага ўзини суқиб кирмоқчи бўлди, аммо олдиндагилар устунлик қилиб уни ура кетдилар. Муштумзўр чорасиз қолгач, йўлда кетаётган бир карвонни кўрди ва унга илашиб олди. Карвон қоронғу тушганда, қароқчилар хатари бўлган ерга келиб қолишди. Муштумзўр карвондагиларнинг дир-дир титраётганиларини, ўлимдан қўрқиб қалтираётганларини сезди. Ва уларга қараб:
–Хавотир олманглар! – деди. Ёнингизда мен борман! Бир бошимга эллик жонга бас кела оламан! Нариги ёшлар ҳам менга қўшилса, ҳеч қандай хавфга ўрин йўқ.
Карвондагилар севиниб, унинг гапларидан ўзларида йўқ жасорат туйишди. Қўрқувлари босилиб, муштумзўрга дарҳол сув ва егулик беришди. Очликдан силласи қуриган муштумзўр, олдига қўйилган таомларни иштаҳа билан еди; хоҳлаганича сув ичди. Ва ниҳоят бутун дардларини унутгандай бўлди. Анча вақтдан сўнг уйқу устунлик қилиб ухлаб қолди. Карвонда анчадан бери юриб йўлнинг паст-баландини билиб қолган тажрибали бир киши бор эди. Карвондагиларга муштумзўрни кўрсатиб:
–Дўстлар! – деди. Мен сизнинг бу қўриқбонингиздан сақланганимчалик ўғрилардан сақланмайман. Бир ҳикоят бор: Араблардан бири озроқ пул йиғибди. Кечалари ўғрилардан қўрққани учун, уйда бир ўзи ухлай олмасмиш. Ёлғизликнинг қўрқуви кетсин дея дўстларидан бирини уйга чақирибди. Одам бир неча тун ёнида қолибди, аммо пулнинг жойини билар-билмас шартта олиб босибди. Эрталаб қарасаларки, араб кўйлакчан, фарёд қилиб турган эмиш. Қўшнилари, “Нима бўлди? Пулингни ўғрилар урдими?” деб сўрашибди. Араб: “Йўқ, валлоҳи! Қўриқчи урди!” –дебди.
Дўстлар, бу йигитнинг ҳам ўғрилардан бири эмаслигига, ва ҳийла қилиб, қулай фурсат кутаётганлигига, шерикларини чақириб келиб бизни ҳам ўша арабнинг ҳолига туширмаслигига ким кафолат бера олади? Менга маъқул кўрингани, биз уни ухлаб ётганидан фойдаланиб тезроқ тарк этайлик, –деди.
Юракларига муштумзўрнинг ваҳимаси тушган карвондагилар, дарҳол ҳаракат қила бошлашди. Тезда нарсаларини йиғиштириб, юкларини туяларга ортиб, жўнаб кетишди. Кун ёришиб, қуёш юзини очганида, муштумзўр кўзларини очиб уйғонди. Бошини кўтариб ўнгу сўлига қараса, ҳеч ким йўқ… Шунда карвоннинг кетиб қолганини тушуниб етди. Қаттиқ хафа бўлиб:
–Туяларнинг туриб кетганини кўриб, кимга дардимни айтай. Мени ташлаб кетишди. Демак, ғарибнинг ғарибдан бошқа дўсти йўқ экан, –деди. Сўнгра карвон изларига қараб йўл чиқаришга ҳаракат қилди. Секин йўлга тушди. Анча юриб, бутазорга бориб туташган йўлга чиқиб олди. Бир пайт қаршисида отлиқ пайдо бўлди. Бу овга чиққан ва аскарларидан анча илдамлаб кетган шаҳзода эди. Шаҳзода олдидан чиққан муштумзўрга майин нигоҳи билан қарабди. Пок нигоҳлар ва паришон ҳол билан:
–Кимсан? Қаэрдан келиб, қаэрга кетяпсан? Бу ерларга қандай қилиб келиб қолдинг? – деб сўради. Муштумзўр бошидан ўтганларни бирма-бир айтиб берди. Шаҳзода ҳаммасини билгач, унга жуда ачинди. Анча вақтдан сўнг шаҳзоданинг одамлари ҳам етиб келди. Шаҳзода муштумзўрга ҳадялар ва кўп миқдорда пул ҳам берди. Ёнига бир одамини ҳамроҳ қилиб, уни ўз юртига қайтиб кетишини таъминлади. Отаси уни кўриб жуда севинди. Соғ-саломат қайтганига шукр қилди. Оқшом тушар-тушмас, йигит отасига бўлган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб берди: қайиқчиларни, қудуқ эгаларини, карвондагилар ва уларнинг қилган ёмонликларини…
Отаси эшитгач:
–Ўғлим! – деди. Кетаётганингда, мен сенга: “Пулсиз йигитнинг қўли боғлиқ, арслон панжаси синиқ!” демаганмидим?
Муштумзўр:
–Ота! – деди. Албатта, заҳмат чекмагунча хазина топа олмайсиз; жонини таҳликага отмагунча душманни енга олмаслар; донни сепмагунча, хирмонни ўрмаслар. Кўрмадингизми, озгина ранж кўриб қанча пул келтирдим? Бир игна емоқ ила не қадар бол олдим? Гъаввос тимсоҳнинг оғзини тушунаверса, қимматли марвариднинг ҳеч аҳамияти қолмайди.
Отаси:
–Ўғлим! – деди. Яхшиямки бу сафар толеъинг кулди. Оёғингга тикан кирди, тикандан эса гул унди. Бир давлат соҳиби олдингдан чиқиб сенга ачинди, ҳадялар берди. Ярани даволаб кўнглингни олди. Лекин бу бир тасодифдир ва мингдан бир чиқади. Шундай ишлар борки, ҳаммасига бундай ҳукм чиқариб бўлмайди. Овчи ҳар сафарида ов олиб келолмайди; бир куни қоплоннинг ғазабига учраши ҳам мумкин.
Худди шундай, қоплон подшоҳларидан бирининг узугида қимматбаҳо тош бор эди. Бир куни подшоҳ, баъзи одамлари билан сайрга чиқибди. Узугини улкан бир бинонинг гумбазига қўйишларини амр қилибди. Кимда ким ўқини шу узукнинг ҳалқасидан ўтказса, узук ўшаники бўлишини айтибди. Подшоҳнинг ёнидаги тўрт юз камончи бирин-кетин ўқ уза бошлабдилар. Аммо, ҳеч кимнинг ўқи узукка яқинлашмабди. Бу орада бир ўсмир бола, бир карвонсаройнинг томига чиқиб, ўнгу сўлга камондан ўқ узиб ўйнаб ўтирган эмиш. Тонг шамоли, бу боланинг отган ўқларидан бирини олиб учирибди ва узук ҳалқасининг ичидан ўтказибди.
Узукни шу болага лойиқ кўрибдилар ва унга жуда кўп миқдорда пул беришибди. Бу ишдан сўнг бола ўқ ёйини синдириб отарибди. Боладан: “Нега бундай қилдинг?” –деб сўрашибди. Бола: “Олдинги шарафнинг ўз жойида қолишини истадим!” – дебди.
Донолар, “Баъзан ойдин фикрли бир кишидан тўғри бир тадбир келмас; баъзан билимсиз бир бола, ўқни адашиб нишонга отар” – дебдилар. Ҳа ўғлим, бу сўзни яхшилаб уқиб олиш керак.

Ҳикмат


Инсонга ҳар доим ҳам имконият берилмайди; омад ҳамиша кулиб боқмайди. Баъзан ишлари тескари кетиб, фалокатдан боши чиқмай қолиши мумкин. Бунинг учун яхши тушуниш ва яхши қарор қабул қилиш лозим.


«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси