Тилда ва дилда

Уч мусулмон Рум урушига бориб, тез орада душманга асир тушиб қолибдилар. Рум қайсари вакиллари орқали уларга шарт қўйибди: “Агар ислом динидан юз ўгириб, масиҳийликка ўтсангиз, омон қоласизлар, акс ҳолда сизларни қатл этамиз”, дебди.
Асир жангчилар бу таклиф ва фармонни эшитиб, ўзларича ўйга толибдилар. Асир тушган жангчилардан бири аввал фақиҳ бўлиб, шариат қонунларини (аҳкомларини) яхши билар экан. У ўйлаб кўриб, “Мен дилимда эмас, тилимда ўз динимдан кечсам, омон қоламан, бу гуноҳ бўлмас”, деган хулосага келибди.
Иккинчи жангчи ҳазрат Али авлодига мансуб саййидлардан экан. У ўйлабди: “Мен вазият тақозоси билан, тилимда динимдан воз кечсам, маҳшар куни буюк аждодларим менга шафоат қилар”.
Учинчи жангчи ўз умрида кўп гуноҳ ишлар қилган безори одам экан. У сафдошларининг фикрини эшитиб, ўйга толибди ва дебди:
— Менга ҳеч ким шариат аҳкомларини ўргатмаган, ҳеч бир қариндошим мени ҳимоя қилмайди. Шу сабабли мен динимдан воз кечмайман ва ўлимимга розиман. Охиратда ҳеч бўлмаса шу ишим — динимдан қайтмагач ўлиб кетганим учун менга раҳм қилишса керак. Минг-минг гуноҳ билан яшаганимдан кўра, битта савобли амал билан яхши ном чиқариб ўлганим яхши!

Абдул-Мажид ибн Одам Саноийнинг “Ҳақиқат боғлари” асаридан Маҳкам Маҳмуд тайёрлади.