Тадбиркор вазир

Бир подшоҳнинг жуда ҳам чиройли оти бор эди, Подшоҳ отини жуда севарди. Кунлардан бир кун унинг ана шу гўзал ва чопқир оти касалланиб ўлди. Ғазаб отига минган подшоҳ отбоқарини ўлдириш қасдида ҳузурига чақиртирди. Унинг доно вазири бор эди. Вазир орага тушиб, подшоҳни бу ниятидан қайтарди:
— Подшоҳим, сабр қилинг, аввал бу ярамас отбоқарнинг қилган жинояти қандай натижалар берганини ўзига бирма-бир айтайлик, иқрор бўлгандан кейин ўлдирсангиз бўлади,— деди. Кейин отбоқарга, гўё ғазабланган бўлиб, айтди:
— Эй ярамас отбоқар, қилган жиноятингни келтирган ёмон натижаларини биласанми? Билмасанг, мен бирма-бир айтиб берай, айбингга иқрор бўлсанг, ўлимдан озод бўлиб, яна хизматингни давом эттирасан.
Биринчидан, биламиз, подшоҳимизнинг отини яхшилаб боқдинг, унинг ўлишинигина эмас, ҳатто касал бўлишини ҳам истамадинг, лекин бечора от қазоси етиб, ўлиб қолди. Бало-қазони қайтариб, отнинг умрини узайтиришга нега кучинг етмади? Мана шунинг учун айбдорсан, тўғрими, эй нобакор отбоқар, айбингга иқрор бўл?!
Иккинчидан, биламиз, отни сен ўлдирмадинг, умри тугаб, қазоси етиб ўлди, лекин подшоҳимиз сендан гумон қилиб, шу даражада ғазабландиларки, муборак қўлларига қилич олиб, сени ўлдирмоқчи бўлдилар. Бу ишлари билан оламга кулги бўлишларига сал қолди. Бунинг учун ҳам сен айбдорсан, айбингни бўйнингга ол!
Учинчидан, подшоҳимиз бир от деб сени ўлдирсалар эди, бутун одамзод:—«Фалон подшоҳ бир ҳайвон деб отбоқарини ўз қўли билан ўлдирган, инсондан ҳайвонни ортиқ ҳисоблаган, инсоннинг қадр-қимматини ерга урган»,— деб подшоҳимизга лаънат ўқирдилар, нафрат назари билан боқардилар, шу билан подшоҳимизнинг муборак номлари булғанарди. Бунга яна сен сабабчи бўлардинг. Кел, подшоҳимизга узр айт, ҳамма айбларингга иқрор бўл, ундан кейин подшоҳимиз нима қарорга келсалар, ўзлари биладилар. Менинг сўзларимни уқдингми, ярамас отбоқар?
Подшоҳ тадбирли вазирнинг кинояли сўзларидан таъсирланиб, қўлидаги қиличини улоқтириб юборди, отбоқарни ўлдиришдан қўл чекди, уни яна ўз хизма-тига қўйди. Шундай қилиб тадбирли вазир ғазаб отига минган подшоҳни ножўя ҳаракатдан тўхтатди, уни огоҳлантирди, шу билан гуноҳсиз отбоқарни ўлимдан қутқазди.

Байт:
Ҳар кишида бўлса эрликдан нишон,
Ҳеч бир одамга раво кўрмас зиён.