Суякка рағбат кўрсатгани учун подшоҳ томонидан ҳайдалган ов ити ҳикояси

Бир подшоҳ саҳрога овга чиқди ва итбоқарга този итини ясантириб орқасидан олиб юришни буюрди. Подшоҳнинг ўргатилган овчи този ити бор эди. Унинг ёпинчиғи қора бахмалдан ва боғичлари атласдан тикилган бўлиб, бўйнида гавҳар тақинчоқ, қўл ва оёқларида олтин ҳалқалар тақилган, бўйинбоғи эса ипакдан эди. Шоҳ бу итини яхши кўрар, овга ўзи билан олиб юрар, уни ақлли жонвор ҳисобларди. Шу боис бу сафар ҳам итнинг бўйинбоғидан ушлаб, уни ўзи билан бирга олиб борарди. Ит олдинда, шоҳ эса от устида орқада борардилар. Йўлда бир тўда суяклар учраб қолди. Ит буни кўриб бирдан тўхтади ва суякларни ҳидлаб олдинга юрмади. Буни кўрган шоҳнинг ғазаби қайнади ва итнинг бўйинбоғини улоқгириб юбориб, деди:
– Мен буни парваришлаб шунча иззат қилсам, у бир суякни мендан афзал билди — подшоҳни суякка алмаштирди.
Шоҳ аъёнларига итни ҳайдаб юборишни буюрди:
– Мен турган жойда у ғайрга қаради. Бу ишни қилгандан кўра юз минг игна ютса яхши эди.
Итбоқар айтди:
– Ит ораста қилиб безатилган, ҳамма ёғида олтин-қумуш тақинчоқлар. Ташлаб кетсак, ҳайф бўлади. Бу итдир, у дашт ва саҳрога муносиб, атлас кийимлар ва олтин безаклар инсонга муносиб.
Шоҳ итбоқарга деди:
– Шу ҳолида ташлаб кет, ундаги олтину атласдан воз кеч. Токи у ўзига келгач, ўзини бундай безатилганини кўриб, эси жойига тушар, қанақа ошно топганини ва мен каби шоҳдан ажралганини англаб етар.
Эй аввалда ошнолик қилиб, охирда жудолик топган киши, оёғингни ишқи ҳақиқатга мустаҳкам қўй, аждаҳо билан мардонавор май ич! Чунки бу ер аждаҳо дорининг устидир, ошиқларнинг бошини кесиш улар ишқининг товони -хунбаҳоси деб бил. Мард ошиқ жонига ғулғула солган куч аждаҳони унинг кўзига чумоли қилиб кўрсатади. Аллоҳ ошиқлари юзтами, юз мингтами — ҳаммалари Унинг йўлида ўз қонларига ташнадирлар.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.