Шоҳ ва соҳибжамол

Кунларнинг бирида сайр қилиб юрган шоҳнинг кўзи ҳуснда тенги йўқ аёлга тушиб қолади. У ўзига ҳамроҳлик қилаётган аъёнига юрагига чўғ ташлаган бу соҳибжамолнинг ким эканлигини аниқлашни буюради. Сарой ходими кўп вақт ўтмасдан шоҳга аёл унинг хизматкорларидан бирининг рафиқаси эканлигини маълум қилади. Ҳукм­рон дарҳол бу хизматкорини чақиртириб, унга муҳим бир махфий мактубни шошилинч равишда қўшни шаҳар ҳокимига етказишни буюради.
Хизматкор шоҳдан мактубни олиб, сафарга тайёргарлик кўриш учун уйига йўл олади. Эртаси кун хизматкор тонг отмасданоқ йўлга чиқади. У кун тиккага келганда тамадди қилиб олиш учун бир дарахт остига ўтириб, олиб кетаётган мактуби жойида эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун кийимини пайпаслайди. Шунда у хотини сафар учун тайёрлаган кийими чўнтагига номани солишни унутганини сезади. Хизматкор ноилож орқасига қайтади.
Шоҳ эса бу пайтда ишқи тушган соҳибжамол хонадонининг эшигини тақиллаётган эди. Бу ерга у ёлғиз ўзи хуфёна келганди.
— Ким у? — эшик орқасидан сўрайди аёл.
— Мен юрт шоҳиман. Эшикни оч! — буюради ҳукмдор.
— Бир нотавон номаҳрамингизни афв этгайсиз. Минг афсуски, хожам сафардалар, — ийманиб сўз қотади соҳибжамол. — Қайтиб келишлари билан у кишига қули­нгиз хонадонига ташриф қилиб, бизга олий бахт ато қилиш истагингизни, албатта, маълум қиламан.
— Эрингни бошимга ураманми, менга у эмас, сен кераксан. Эшикни оч, бўлмаса ўзинг ҳам, эринг ҳам бу дунё билан хайрлашасанлар, — дағдағага ўтади шоҳ.
Аёл шоҳнинг ниятини тушуниб, эшикни очмайди.
— Олампаноҳ, Сизнинг амрингиз мен учун, ҳеч шубҳасиз, қонун, — ўта мулойимлик билан жавоб қилади соҳибжамол. — Ижозатингиз билан ўзингиз мендан ҳам яхши биладиган бир нарсани ёдингизга солсам. Ҳақиқий шер бошқа ҳайвонларнинг қолдиғига қарашга ҳам ҳазар қилади. У фақат ўз ўлжасини ейди.
Шоҳ соҳибжамолнинг бу гапидан мулзам бўлиб, ноилож орқасига қайтиб кетади. Худди шу вақтда унутиб қолдирган мактубни олиш учун орқасига қайтган хизматкор уйининг эшиги олдидан узоқлашаётган шоҳга кўзи тушади. У нима учун ҳукмдор тўсатдан ўзини бошқа шаҳарга жўнатганини англаб етади. Бироқ у шоҳ кўзига кўринмайди, хотинига ҳам ҳеч нарса демасдан мактубни олади-ю, яна орқасига қайтиб кетади.
Хизматкор шоҳ буйруғини бажариб қайтиб келади. Ҳукм­дор унинг хизматини шоҳона сийлайди: тилла ҳисобида юз эллик дирҳам пул беради. Хизматкор бу мўмай ақчанинг ҳаммасига хотини, унинг ота-онаси, қариндош-уруғларига совға-салом харид қилади. Кейин хотинини бу совға-саломлар билан ота-онасиникига жўнатади.
Хотин эрининг бу илтифотидан хурсанд бўлади, бироқ ота-онасиникига келганидан кейин кун кетидан ҳафта, сўнг ой ўтса ҳам хожасидан дарак бўлмайди. Ниҳоят, унинг акаси куёви билан орани очиқ қилиш учун синглисининг эрини қозига бошлаб боради.
— Биз бу одамга тиниқ булоқли, нафис гулзорли бир боғни ишониб топширган эдик, — арзини баён қилишга тушади соҳибжамолнинг акаси. — У эса чашма сувини ифлослантириб, гулзорни пайҳон қилиб, шундан кейин ҳароб қилган боғимизни гўё ҳеч нарса бўлмагандек қайтариб бермоқчи.
— Тўғри, мен олган боғнинг суви тиниқ, гуллари ғунча эди, — даъвога жавоб қилади хизматкор. — Лекин бу боғ фақат якка ўзимга тегишли бўлиши керак эди. Бироқ менинг боғимга мендан берухсат, бунинг устига номаҳрам қадам босганидан кейин у менга ҳаром бўлди.
Бахтли тасодиф сабабли шу вақтда шоҳ ҳам қозихонада бошқа хонада ўтирган экан.
— Номаҳрам сенинг боғингга қадам босиши у ёқда турсин, ҳатто унинг эшиги тирқишидан булоғу гулзоринг­га қиё ҳам боқа олмади, — дебди яширинган жойидан улар олдига чиққан шоҳ.
У соҳибжамол ўзини қандай мот қилганини гапириб бериб, содиқ хизматкори ва вафодор хотинни яна шоҳона ҳадялари билан сийлайди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ